27-модда. Ҳарбий хизматнинг бошланиши ва тугаши
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ҳақиқий ҳарбий хизматда бўлишнинг бошланиши деб:
муддатли ҳарбий хизматга чақирилган чақирилувчилар ҳамда захирадаги офицерлар учун — ҳарбий қисмга жўнаш мақсадида мудофаа ишлари органида ҳозир бўлган кун;
контракт бўйича ҳарбий хизматга кирган шахслар учун — ҳарбий хизматни ўташ тўғрисидаги контракт кучга кирган кун;
олий ҳарбий таълим муассасаларига, шунингдек вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштириладиган таълим муассасаларига ўқишга кирган чақирилувчилар, ҳарбий хизматга мажбурлар учун — тегишли таълим муассасасига ўқишга қабул қилинган кун;
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳарбий лавозимга тайинланган шахслар учун — тегишли фармон, қарор ёки фармойиш имзоланган кун ҳисобланади.
(27-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 25 августдаги ЎРҚ-634-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.08.2020 й., 03/20/634/1218-сон)
Ҳарбий хизматдан резервга бўшатилиши ёки истеъфога чиқарилиши муносабати билан ҳарбий қисм командирининг буйруғига биноан шахсий таркиб рўйхатидан чиқарилган кун ҳарбий хизматчи учун ҳарбий хизматда бўлишнинг тугаши ҳисобланади.
Ҳарбий хизматчи унинг ҳарбий хизмат муддати тугаган куни шахсий таркиб рўйхатидан чиқарилиши шарт, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно, агар ҳарбий хизматчи:
стационар даволанишда бўлса;
ҳомиладорлик ва туғиш таътилида (ҳарбий хизматчи аёллар) ёки болани парваришлаш таътилида бўлса;
асирда бўлса, гаровда ушлаб турилган бўлса;
бедарак йўқолган бўлса — қонунда белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилгунига ёки вафот этган деб эълон қилингунига қадар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган бошқа ҳолларда.
Олдинги таҳрирга қаранг.
28-модда. Олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ва тингловчиларининг ҳарбий хизмати
Олий ҳарбий таълим муассасаларида, шунингдек вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштирилган таълим муассасаларида таҳсил олаётган фуқаролар курсант (тингловчи) тариқасида ҳарбий хизматда бўладилар ҳамда улар, агар офицерлик таркиби унвонларига эга бўлмасалар, курсант ва бундай унвонларга эга бўлсалар, тингловчи деб юритиладилар.
Олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга киргунга қадар ҳарбий унвони бўлмаган фуқаролар ўқишга қабул қилинганда уларга оддий аскар ҳарбий унвони берилади. Ҳарбий-таълим муассасисига ўқишга киргунга қадар берилган ҳарбий унвонлар сақланиб қолади.
Курсантларнинг (тингловчиларнинг) ҳарбий хизматни ўташ тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Олий ҳарбий таълим муассасасидан, шунингдек ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштирилган таълим муассасасидан ўқишдан чиқарилган курсантлар резервга бўшатилади ёки истеъфога чиқарилади ёхуд улар, агар муддатли ҳарбий хизмат учун белгиланган муддатларни ўтамаган бўлсалар, муддатли ҳарбий хизматни ўташни давом эттириш учун қўшин қисмларига юборилади.
Олий ҳарбий таълим муассасасидан ўқишдан чиқарилган кунда чақирилиш ёшига етмаган курсантлар ҳарбий рўйхатда туриш учун турар жойларидаги мудофаа ишлари органларига юборилади.
Ўқишнинг иккинчи йилида олий ҳарбий таълим муассасасидан четлаштирилган курсантлар (бундан интизомсизлиги туфайли ва соғлиғининг ҳолатига кўра четлаштирилганлар мустасно) оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларида контракт бўйича ҳарбий хизматга кириши мумкин.
(28-модда Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 25 августдаги ЎРҚ-634-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.08.2020 й., 03/20/634/1218-сон)
Do'stlaringiz bilan baham: |