Учинчи тун. Тўлин ой яна шаҳар узра пайдо бўлди. Яна оломон кўчаларга отилиб чиқди. Лекин ой ҳам анойи эмас - ўзига эътибор қилмаган тўдани менсимади: уларга кўз қирини ҳам раво кўрмади. Билъакс, заррин кокилларини паришон айлаганча, кўчалар бўйлаб кўнглидагини қидира кетди. Шунда нигоҳи бирдан жулдур кийимли кимсага тушди. У шаҳар четидаги эски, нураган деворга суянганича кўкка қараб қўлларини дуога очган кўйи ўзича нималарнидир пичирлаб ўтирарди. Қамар шуълаларини тиланчига янада яқин йўллади. Тиланчи ниҳоятда абгор, қаровсиз ва мунглиғ алфозда эди. Ойнинг унга раҳми келди. Зора шу бенавонинг кўнглидан истаганимни топсам, деб ўйлади. “Ахир, у шунчалар бечораю мискин бўлгани ҳолда мендек маликани – кечалар ва кўчалар чароғбони бўлмиш моҳитобнинг кўксидан итаришга ботинмас”, дея пичирлади ўзига ўзи ички мамнуният ила... Бу кеча ниятига қовушишига шубҳа қилмаган тўлин ой баданга хуш ёқадиган шуълалари билан тиланчининг атрофини қуршаб олди. Бироқ шошилган экан: қўлларида бир неча чақа, кўзсоққаларида ойнинг суврати бўлган тиланчининг лабларида ойнинг истагига тамомила терс бир илтижо янграб қолди: “Эй Тангрим, кўкдаги ана шу олтин тангангни узиб берсангу мен ҳам сарсон-саргардонликдан биратўла қутулсам - оила қуриб, бола-чақа орттирсам, одамлардек умргузаронлик қилсам...”
Ой... ойнинг бўлари бўлди, шошиб сочларини турмаклади-да тиланчининг қошидан ура солиб қочди. Қочиб кетаркан, кўнглининг бир чети ушатилиб тушганини ҳис қилди...
Тўртинчи тун. Янги тунда тўлин ой янги умид билан янги сафарга чиқди. Бу гал у бойнинг олдига боришга аҳд қилди. Ахир, камбағалнинг миси чиқди – ойни олтин тангага айлантириб жиғилдонига уриш экан мўмин-қобил кўринган тиланчи дуосининг бор-йўқ шарҳи. “Қанчалик жирканч!” нафратланиб ўйлади тўлин ой. Шунинг учун ҳам у энди ер юзидаги энг бадавлат одамни излаб топади. Бир пасда топди ҳам. Ахир, тепадан туриб бир кўз солганингдаёқ бутун олам сирғалиб кафтингга тушса, бунинг нимаси қийин?.. Хуллас¸бой! Бу одам на кўчадаги оломонга, на сиғиниб ўтирган қарияю на қирдаги чўпону унинг ўзи билан ўзи андармон хотини - келинчакка ва на кўчаларда хор бўлиб судралиб юрган ҳалиги гадога менгзарди. Бадавлат зот ўз хаёлларига шунчалар ғарқ бўлгандики, аввалига ойнинг хафсаласи пир бўлди бу эътиборсизликдан: ким бу ўзи? Нега жим? Нега ҳеч кимга қўшилмайди, ўйнаб кулмайди, одамлар билан гаплашмайди, кайфу сафо қилмайди? Нега у саройнинг бир кунжида аллақандай рақамлар ёзилган қоғозлар уммонига кўмилиб олганча ёруғ оламдан ғофил ўтмоқда? Ҳатто хотинию болалари билан ҳам иши йўқ? Одамзод қавмиданми бу ўзи?..
Бошқа томондан эса хурсанд бўлиб кетди: ахир, кўрганларининг орасидан битта шу бадавлат зотгина таъмадан холига ўхшар, бир четда ўз иши билан сас-садосиз куймаланиб ўтирарди. Аммо бойнинг зарари тегмаганидек, фойдаси ҳам йўқдек туюлди унга. Шунчаларки, ҳатто зерикиб ўлиш мумкин у билан... Тўлин ойнинг бир кўнгли кетгиси келди, сочларини йиғиштириб, кўнгил муродини қидирган кўйи яна олам кезмоққа талпинди. Бир кўнгли эса, шунча йўл босиб келдим, яқинроқ борай-чи, бунинг ҳам бир сири бордир, дея қизиқди. Сўнг қалъа деразасидан шуъла бўлиб кириб, стол устида сочилиб ётган қоғозларга энгашиб ўтирган пулдорнинг нақ боши узра тўхтаб, андак тин олди. Ой шу турганча то тонггача, қуёш жаноблари чиқиб, уни ўз ётоғига кузатиб қўйгунгача ҳам поктийнат бу инсондан бирон ёмонлик чиқмаслиги ҳақида ўйлаб кетди. Шунда кўнглида субҳидамгача қимир этмай хонада нур таратиб туриш истаги пайдо бўлди. “Ахир, фариштадек бу одамларга хизмат қилмасанг, кимга қиласан?” деб ўйлади у. Фақат... хиёл ўтмай, шуъладан ёришган қоғозлар бойнинг сирини ошкор айлаб қўйди-ку: қоғознинг уст қисмига “Шартнома” деб ёзилганди. “Шартнома”нинг охирги бандларидан бирида эса“...келишилган миқдордаги пул босқичма босқич тўлаб борилади ва 2100 йил, 1 январдан эътиборан ер йўлдоши ой муҳтарам жаноб “Х.Х.Х.”нинг номига расмийлаштирилади ҳамда унинг шахсий томорқаси ҳисобланади” деган ёзув бор эди...
Тўлин ойнинг бағри бирдан фарёдга тўлди, бироқ у шунчалар катта эдики, ўкириб йиғлаган билан чиқиб кетмасди. У на сочларини йиғиб, уфққа бош қўйишинию ва на бошқа бирон тадбир олишини билар, турган жойида ҳайкалдек қотиб қолганди. Фақат... фақат ичида яна нимадир кемтилганини туйиб турарди...
Do'stlaringiz bilan baham: |