Бешинчи тун. Аччиқ тажрибаларга қарамай, тўлин ой умидни узмаган эди. Олам узра тун пардаси ёпилганда, масканидан истамайгина бош чиқарган моҳитоб ҳеч кутилмаганда ҳуув тубанлардаги бир панжарага кўзи тушиб қолдию шуйтиб ўша ёққа равона бўлди. Келиб қараса, шаҳардан олисда, иттопмас бир жойда, чор атрофи темир човралар билан ўралган, тошдан ясалган қўрқинч бино бор экан. Унинг атрофини сон-саноқсиз қўриқчилар қуршаб олишиб, тошқаср гирдида тинмай айланишар, ичкарига пашшани қўйишмас, айни пайтда, ундан чивиннинг ҳам учиб чиқишига имкон беришмасди. Лекин бу ҳимоялар тўлин ойни заррача ташвишга солмаслигига кўра у тўғридан тўғри мақасадга ўта қолди: ўзини кўк юзидан шу қора маконга, харобазорга етаклаган панжарани қидириб топди-да аста ичкари мўралади. У ерда бир жуфт кўз унга илҳақу зор бўлиб турарди. Оҳ!.. Наҳотки, бу тун, ниҳоят, уни муродига қовуштирса?!..
Тўлин ой бир жуфт кўзга боқиб, унинг ўта оғир жинояти учун минг йилга қамалган маҳбус эканлигини уқиб олди. Аммо бу ҳам ойни ташвишга солмас эди. Чунки энг муҳими, маҳбус ойни кутган, унинг учун ҳар нимага тайёр эди! Тўлин ой шуни ўйлар, маҳбуснинг ўзига тикилиб турган маънодор кўзларидан нигоҳ узмас, қидирганини топгандек секин-аста бу кўзлар қаъридаги ўзига тегишли ўша сеҳрли оламга тортилиб, ўзини исталган, кутилган ҳис қилар, бундан олам-олам бахт туяр эди. Тўлин ой қанча илгарилаган сари ўзини шунча масрур сезар, яна бу оламда мангу кезсам дерди. Ботин сари ичкарилай-ичкарилай, ахири, у маҳбус билан гўё бир тану бир жонга айланди. Шунда... биласизми, шунда бир лаҳзада ҳаммаси зеру забар бўлди! Унгача ҳаммаси рисоладагидек кетаётганди. Тўлин ой ўзини маҳбус билан ягона вужуд, ягона қалб деб ҳис қила бошлаган ондан бошлаб эса, ичкарида, жуда ҳам чуқур бир жойда, мавжудият борлиғининг энг тубида тўлин ой туйқусдан бошқа бир эҳтиёжга дуч келиб қолди. У ҳам бўлса, маҳбусгагина оид эҳтиёж бўлиб, у каттакон туйнук кўринишига эга эди! Туйнукки, маҳбусни минг йиллик қамоқ жазосидан халос этадиган!.. Яъни маҳбус кўкка қараб, зим-зиё тунда ойни кўриб, унинг сиймосида ўзининг нажот фариштасини топган экан. Унинг учун минг йиллик қамоқ жазоси ва умуман, бу зулмкор олам гўё бир улкан қафасу тўлин ой шу қафасдан чиқиб қутилишнинг бирдан бир чораси, тирқиши экан! Агар, маҳбус қалбидаги эҳтиёжни шеърга кўчириш мумкин бўлса, у тахминан шундай шаклда жарангларди:
Ёр, юзингга ўхшаган дум-думалоқ анов ой
У дунёга ўтгувчи туйнукмасми, ҳойнаҳой!(Р.Р.)3
Тўлин ой буни ўз қалбида кўрдими ё маҳбусникида, ажратиб ололмади. Зотан, бу вақтга келиб, уларнинг бору йўқ истагу эҳтиёжлари қўшилиб, бир-бирларида ғарқ бўлган эди. Бинобарин, туйнукнинг қаерда, кимнинг қалбида кўрингани энди унчалик аҳамиятга молик эмасди. Муҳим бўлган нарса шуки, туйнук бор эди! Ойнинг ёки маҳбуснинг мавжудлиги янглиғ туйнук ҳам мавжуд эди! Э воҳ, маҳбус ҳам эл қатори ойдан ойни кутмаган, ундан нажот кутган бўлиб чиқди...
Тўлин ой маҳбуснинг ботинидан сидирилиб ажралди, сўнг қамоқхона панжараларига чирмашган нурларини йиғиштириб, кўк тоқидаги ўз гўшасига ўзидан азиз бир парчани қайдадир тушириб қолдирган кўйи етиб келганда юрак-бағри қонга тўлганди. Бирдан осмон бетида қоп-қора булутлар пайдо бўлиб, замин узра шаррос ёмғир қуя бошлади... Ёғ, эй ёмғир, қуй эй осмон, токи эҳтиёжлар қуруми қалбларни тарк этсин! Токи, кўнгиллар ёмғирда ювилган япроқлар янглиғ топ-тоза бўлсин-да, бу ойналарда ҳақиқий олам акс этсин!..
Do'stlaringiz bilan baham: |