3.5. Сохта тадбиркорлик (ЖК 179-м.)
Сохта тадбиркорлик жиноятининг бевосита объекти қонунда белгиланган тартибда корхоналар ва тадбиркорлик ташкилотларини тузишнинг ўрнатилган тартиби, шунингдек давлат томонидан шу соҳаларни ривожлантириш учун берилаётган имтиёзларнинг ўз мақсадлари йўлида сарфланишини таъминловчи ижтимоий муносабатлар ҳисобланади.
Жиноятнинг объектив томони уставда кўрсатилган фаолиятни амалга ошириш мақсадини кўзламасдан корхоналар ёки бошқа тадбиркорлик билан шуғулланувчи ташкилотларни тузишда ифодаланади.
Сохта тадбиркорлик тўғрисидаги ишларни кўришда шахснинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган фаолиятни амалга оширмай туриб ноқонуний кредитлар олиш, солиқлардан озод бўлиш, эгаллашга ҳуқуқи бўлмаган бошқа мулкий фойда кўриш мақсадини кўзлаганлиги ҳисобга олиниши лозим.
Сохта тадбиркорлик билан шуғулланувчи ташкилот давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб жиноят тугалланган ҳисобланади.
Сохта тадбиркорлик жиноятининг субъектив томони тўғри қасдда тавсифланади.
Жиноятнинг мақсади жиноят таркиби субъектив томонининг зарурий белгисига киритилган бўлиб, унга кўра айбдор уставида кўрсатилган фаолиятни амалга ошириш мақсадини кўзламасдан ссудалар, кредитлар олиш, фойдани (даромадни) солиқлардан озод қилиш (солиқларни камайтириш) ёки бошқача мулкий манфаат кўриш мақсадида корхоналар ва бошқа тадбиркорлик ташкилотлари тузади. Қилмишда бундай мақсаднинг аниқланмаганлиги, Жиноят кодекси 179-моддасида назарда тутилган жиноят таркибини инкор этади.
Сохта тадбиркорлик жиноятининг субъекти ўн олти ёшга тўлган ҳар қандай жисмоний шахс бўлиши мумкин.
3.6. Сохта банкротлик (ЖК 180-м.)
Сохта банкротлик жиноятининг бевосита объекти иқтисодиёт асосларини таъминловчи ижтимоий муносабатлар ҳисобланади.
Сохта банкротлик жиноятининг объектив томони хўжалик юритувчи субъектнинг ўз мажбуриятларини иқтисодий жиҳатдан бажара олмаслиги ҳақида била туриб ҳақиқатга тўғри келмайдиган эълон бериши натижасида кредиторларга кўп миқдорда зарар етказилишида намоён бўлади.
Била туриб берилган ёлғон маълумот деганда, кредиторлар билан битимлар тузиш ва уларни ҳақиқий молиявий ҳолатдан чалғитишга олиб бориш мақсадида қасддан бузиб кўрсатилган маълумотлар тушунилади.
Хўжалик юритувчи субъект ҳақиқатда кредиторлар олдидаги ўз мажбуриятларини бажаришга қодир бўлгани ҳолда, уларни бажаришдан атайлаб бўйин товлаб, ўзини банкрот деб эълон бериши, атайлаб ҳақиқатга тўғри келмайдиган эълон бериш ҳисобланади.
Банкрот деб эълон қилиш деганда, хўжалик юритувчи субъектнинг иқтисодий ночор ҳисобланиши, яъни кредиторлар олдида ўзининг мажбуриятлари бўйича тўлиқ жавоб бера олмай қолиши тўғрисида маълумотлар тарқатиш тушунилади.
Сохта банкротлик жиноятининг субъектив томони айбнинг тўғри қасд шаклида тавсифланади.
Жиноятнинг субъекти 16 ёшга тўлган хўжалик юритувчи субъектлар бўлиши мумкин. Бундай шахслар сифатида юридик шахснинг раҳбарлари, юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва хўжалик юритувчи субъект номидан банкротлик тўғрисида ишни қўзғаш ваколатига эга бўлган бошқа шахслар (масалан, тугатиш комиссияси аъзолари) бўлиши мумкин.
Жиноят кодекси 180-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
Жиноят кодекси 180-моддаси учинчи қисмига мувофиқ, биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |