3.7. Банкротликни яшириш (ЖК 181-м.)
Банкротликни яшириш жиноятининг бевосита объекти иқтисодиёт асосларини таъминловчи ижтимоий муносабатлар ҳисобланади.
Объектив томондан мазкур жиноят хўжалик юритувчи субъектнинг кредиторларга кўп миқдорда зарар етказишига сабаб бўлган ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумот ва ҳужжатларни тақдим этиши, бухгалтерлик ҳисоботларини бузиб кўрсатиши йўли билан иқтисодий жиҳатдан ўзининг тўловга қодирлигини йўқотганлигини ёки иқтисодий ночорлигини бошқача тарзда қасддан яширишида ифодаланади.
Иқтисодий ночорлик тўғрисидаги ахборотларни яшириш хўжалик субъектининг ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар ва ҳужжатларни тақдим этиши, бухгалтерия ҳисоботларини бузиб кўрсатиши ёки бошқа усуллар орқали амалга оширилади.
Ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар ва ҳужжатларни тақдим этиш деганда, хўжалик субъектининг ҳақиқий молиявий хўжалик ҳолатини акс эттирмайдиган маълумотларни тақдим этиши тушунилади.
Таҳлил этилаётган жиноят кредиторларга кўп миқдорда зарар етказиш тарзидаги ижтимоий хавфли оқибат келиб чиққан пайтдан тугалланган ҳисобланади.
Субъектив томондан жиноят тўғри ёки эгри қасд билан содир этилиши мумкин.
Жиноятнинг субъекти 16 ёшга тўлган ҳар қандай хўжалик юритувчи субъектлар бўлиши мумкин.
Жиноят кодекси 181-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
Жиноят кодекси 181-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.
3.8. Қасддан банкротликка олиб келиш (ЖК 1811-м.)
Қасддан банкротликка олиб келиш жиноятининг бевосита объекти иқтисодиёт асосларини таъминловчи ижтимоий муносабатлар ҳисобланади.
Объектив томондан мазкур жиноят якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёки юридик шахс мансабдор шахси, муассиси (иштирокчиси) ёхуд мол-мулкининг мулкдори томонидан шахсий манфаатларини ёки бошқа шахсларнинг манфаатларини кўзлаб содир этилган қасддан банкротликка олиб келиш, яъни тўловга қобилиятсизликни қасддан юзага келтириш ёки ошириш, ушбу якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки юридик шахснинг барқарор иқтисодий ночорлигига (банкротлигига) олиб келганлиги, кредиторларга кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлганлигида ифодаланади.
Қарздорнинг қасддан банкротликка олиб келиш аломатлари бунинг натижасида қарздорнинг банкротлиги юзага келишини олдиндан билган ҳолда қуйидаги хатти-ҳаракатларни содир этишида ифодаланади:
пул маблағларидан ва бошқа мол-мулкдан қарздорга қасддан зиён ёки зарар етказган ҳолда жиноий тарзда фойдаланиш;
тўлов интизомини бузиш ва шартнома мажбуриятларини бажармаслик;
мол-мулкни баланс қийматидан паст нархда сотиш ёки уни текин бериш;
муддати ўтказиб юборилган дебиторлик қарзларни ундириш бўйича белгиланган муддатларда чора-тадбирлар кўрмаслик;
асосий фаолиятга (ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишга) жалб этилган қарздор активларининг 50 фоиздан ортиғини бошқа шахсларга бериш;
ижро этувчи орган ёки кузатув кенгаши томонидан тегишли равишда уларнинг ваколатига кирмайдиган йирик битимлар тузиш.
Қасддан банкротликка олиб келиш жинояти якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёки юридик шахс мансабдор шахси, муассиси (иштирокчиси) ёхуд мол-мулкининг мулкдори томонидан шахсий манфаатларини ёки бошқа шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қасддан банкротликка олиб келинган, яъни тўловга қобилиятсизлик қасддан юзага келтириш ёки ошириш, ушбу якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки юридик шахснинг барқарор иқтисодий ночорлигига (банкротлигига) олиб келган, кредиторларга кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлган пайтдан тугалланган ҳисобланади.
Субъектив томондан жиноят қасддан содир этилади.
Жиноят субъекти 16 ёшга тўлган якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс мансабдор шахси, муассиси (иштирокчиси) ёхуд мол-мулкининг мулкдори бўлиши мумкин.
Жиноят кодекси 1811-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
Жиноят кодекси 1811-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |