3.11. Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан
бўйин товлаш (ЖК 184-м.)
Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш жиноятининг бевосита объекти солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш юзасидан ўрнатилган тартибни таъминловчи ижтимоий муносабатлар ҳисобланади.
Кўрилаётган жиноят объектив томондан фойда (даромад) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни қасддан яшириш, камайтириб кўрсатиш, шунингдек давлат томонидан белгиланган солиқларни ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлашни анча миқдорда содир этиш, шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин рўй беришида ифодаланади.
Фойдани (даромадни) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни қасддан яшириш – бу давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиладиган тегишли солиқ ҳисоботи ҳужжатларида фойда (даромад) олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни қасддан кўрсатмаслик, шунингдек улар мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни яшириш мақсадида фойда (даромад) келиб тушишини ҳисобга олиш тартибини бузишдир.
Фойдани (даромадни) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни камайтириб кўрсатиш давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиладиган солиқ ҳисоботи ҳужжатларида солиқ солинадиган объект миқдорига оид ахборотни била туриб пасайтириш (камайтириш) томонига ўзгартиришда ифодаланади.
Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бошқа тарзда қасддан бўйин товлаш солиқ тўловчининг давлат солиқ хизмати органларига солиқ ҳисоботи ҳужжатларини ёки солиқ қонунчилигига мувофиқ тақдим этилиши шарт бўлган бошқа ҳужжатларни қасддан тақдим этмасликдан иборат ҳар қандай бошқа қилмишларида ифодаланади.
Агар шахс анча миқдорда солиқларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг бир йил давомида шундай қилмишни содир этса, ЖК 184-моддасининг биринчи қисми бўйича жиноий жавобгарлик келиб чиқади7.
Жиноят кодекси 184-моддасида назарда тутилган жиноятнинг субъекти 16 ёшга тўлган, ақли расо жисмоний шахс ҳисобланади.
Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш жинояти субъектив томондан айбнинг қасд шакли билан содир этилади.
Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш: а) такроран; б) кўп миқдорда содир этилган бўлса, қилмиш Жиноят кодекси 184-моддаси иккинчи қисмининг тегишли бандлари билан квалификация қилинади.
Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш жуда кўп миқдорда содир этилган бўлса, қилмиш Жиноят кодекси 184-моддаси учинчи қисми билан квалификация қилинади.
Жиноят кодекси 184-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, қасддан яширилган, камайтириб кўрсатилган фойда (даромад) бўйича солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлиқ тўланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
Жиноят кодекси 184-моддасининг бешинчи қисмига кўра, биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат солиқ хизмати органининг қарорини олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |