4.2. Менежментнинг илмий мактаблари
Бошқарув фикри ғоятда номунтазам ҳолда ривожланган. Бир неча ёндашувлар мавжуд бўлиб, улар баъзида бир бирларига мос келганлар, баъзида эса бир бирларидан анча фарқланганлар. Одамлар ва техника бошқарув объектлари бўлганлар, шунинг учун бошқарувдаги муваффақиятлар кўпроқ бошқа соҳалардаги муваффакиятларга боғлиқ бўлганлар. Жамият, техника ривожлангани сари бошқарув бўйича мутахассислар ташкилот фаолиятига таъсир кўрсатувчи омиллар ҳақида била бошлаганлар.
Бундан ташқари, дунё илмий-техника тараққиёт билан асосланган тез ўзгаришларнинг майдонига айланган ва кўп мамлакатларнинг ҳукуматлари бизнесга нисбатан ўз муносабатларини борган сари қатъийроқ белгилай бошлаганлар. Бу омиллар бошқарув соҳасидаги тадқиқотчилар ташкилот фаолиятига таъсир кўрсатувчи ташқи кучлар мавжудлигини ҳис қила бошлашларига таъсир кўрсатганлар. Бунинг муносабати билан янги ёндашувлар ишлаб чиқилган. Бошқарув фанини ривожланишига катта ҳисса қўшган тўртта асосий ёндашувларни ажратиш мумкин.
Ҳаммадан аввал, бошқарувда ҳар бир мактабларни ажратиш нуқтаи назардан ёндашув. У ўз навбатида бошқарувни ҳар бир нуқтаи назардан кўриб чиқувчи қуйидаги бешта мактабни олади: илмий бошқарув, маъмурий бошқарув, инсоний муносабатлар, хулк ҳақидаги фан, ҳамда бошқарув фани, ёки миқдорий усул.
Илмий бошқарув мактаби (1885-1920). Бутун дунёда “Мактабни илмий ташкил қилиш” номи билан кенг машҳур бўлган бу мактабни вужудга келиши ва ривожланиши ХХ асрнинг бошларига тўғри келади. Бу мактабнинг бошида америкалик мухандис-тадқиқотчи Ф.Тейлор (1850-1915) турган, у ўзининг кундалик ишида унумдорлик ва самарадорликни ошириш мақсадида ишлаб чиқариш ва меҳнатни фаоллаштириш муаммоларини ҳал қилган. Унинг таълими менежмент замонавий концепциясининг асосий назарий мактаби бўлган. Бу мактабнинг кўзга кўринган вакиллари: Л.Гилберт, Ф.Гилберт, Г. Эмерсон, А.Гастев (Россия)лардир.
Ф.Тейлор ўз номини бутун дунёга машҳур қилган қуйидаги китобларни ёзган. “Келишув тизими” (1895), “Цех менежменти” (1903), ва “Илмий менежмент тамойиллари” (1911). Ф.Тейлор ўз асарларида капитал ва меҳнат манфаатларини бирга қўшиш, “капиталистик корхоналарда ҳамкорлик фалсафаси” ни амалга оширишга ҳаракат қилган. У томонидан ишлаб чиқилган меҳнатни жадаллашувини таъминловчи усул турли мамлакатлар бошқарувчиларида катта қизиқиш уйғотган.
Ф.Тейлор илмий бошқарувни мухандислар тури бўйича саноат меҳнати соҳасига айлантиришга жонбозлик қилган. Унинг тизими меҳнатни ижрочилар меҳнати ва фармойиш берувчилар меҳнатига тақсимлаш тамойилини изчил ўтказишдан иборат бўлган. Ишлаб чиқариш тизимида йўлга кўйилган механизм каби ишловчи хар хил ходим ўзининг вазифалари учун жавобгар бўлиши керак. Бунда ходимлар турларини ишлар турларига мос келишига эришишга ҳаракат қилиш керак.
Ф.Тейлор илмий менежментга ташкилотни ишлаб чиқариш ва иқтисодий мақсадларига эришиш учун барча ходимлар манфаатларини уларнинг фаровонлигини ўсиши ва хўжайинлар ва маъмурият билан яқиндан ҳамкорликни йўлга кўйилиши туфайли яқинлашувининг ҳақикий воситаси сифатида қараган. У, агар илмий менежмент тизими тўлиқ ҳажмда қабул қилинса, бу нарса томонлар ўртасидаги барча баҳслар ва зиддиятларни ҳал қилади деб ўйлаган.
Шундай қилиб, ушбу мактаблар учун қуйидаги аломатлар хосдир:
маъмурият ҳалқилиши керак бўлган вазифаларни белгилаш;
субъективизм ва авторитар усулларни илмий қоидаларга алмаштириш;
бошқарувни саноат меҳнати соҳасига айлантириш;
меҳнатни тақсимлаш ва ихтисослаштириш, ходимларни тор вазифаларни бажаришга йўналтириш;
фаолиятни қатъиан тартибга солиқ;
вазифаларни бажариш учун энг яхши, энг тўғри бажарадиган ходимларни мақсадга қаратилган ҳолда танлаб олиш, уларни ўқитиш;
хўжалик вазифаларини ҳал қилишнинг энг яхши усулларини белгилаш учун илмий таҳлилдан фойдаланиш;
ишларни режалаштириш;
ходимларни рағбатлантириш.
Бошқарувнинг классик ёки маъмурий мактаби (1920-1950).
Уни ривожлантиришига француз олими А.Фаёл ва немец социологи М.Вебер энг катта улуш қўшганлар. Бу мактабнинг вакиллари ташкилотларнинг умумий таърифлари ва қонуниятларини аниқлашга ҳаракат қилганлар. Уларнинг мақсади бошқарувнинг иккита жиҳатига дахлдор бўлган универсал тамойилларни яратишдан иборат бўлган. Биринчиси-ташкилотни бошқаришнинг рационал тизимини ишлаб чиқиш. Бу назариячилар бизнеснинг асосий хизматларини белгилаб олиб, ташкилотни бўлинмаларга бўлишнинг энг яхши усулини белгилаш мумкинлигига ишонганлар. Улар молия, ишлаб чиқариш ва маркетингни худди шундай хизматлар деб ҳисобланганлар. Иккинчи жиҳат – ташкилот ва ходимлар бошқарувининг тузилишини қуриш. Яккабошчилик тамойили бунга мисол бўлиб хизмат қилган, унга кўра одам фақат битта бошлиқдан бўйруклар олиши ва фақат битта унга бўйсуниши керак.
Бошқарувдаги инсоний муносабатлар мактаби (1930-1950). М.Фоллет (Англия), Э.Меё ва А.Маслоу (АҚШ) унинг энг йирик обрўли вакилларидир. Бу мактаб вакиллари, агар раҳбарлик ўз ходимлари ҳақидаги ғамхўрликни оширса, унда ходимларнинг қаноатланганлиги даражаси ошади, бу эса муқаррар унумдорликни кўпайишига олиб келади деб ишонганлар. Улар бевосита бошлиқларнинг самарали ҳаракатлари, ходимлар билан маслаҳатлашишлар ва уларга ишда мулоқот қилишга кенг роқ имкониятларни беришни ўз ичига олувчи инсоний муносабатларни бошқариш усулларидан фойдаланишга тавсия берганлар.
Аҳлокий фанлар ёки бихевиористик мактаб (1950 йилдан ҳозирги вақтгача). энг кўзга кўринган вакиллари – Ф.Гертсберг, Р.Лайкерт, Д. Мак Грегор. Ушбу мактаб инсоний муносабатлар мактабидан анча узоқлашиб кетган. Ушбу ёндашувга кўра ходимга ташкилотларни бошқаришга нисбатан аҳлокий фанлар концепцияларини қўллаш асосида ўзининг шахсий имкониятларини ҳис қилишга кўпрок даражада ёрдам кўрсатиш керак. Бу мактабнинг асосий мақсади ташкилот фаолияти самарадорлигини унинг инсоний ресурслари самарадорлигини ошириш йўли билан оширишдан иборат. Унинг асосий қоидаси: аҳлоқ ҳақидаги фанни тўғри қўллаш ҳамма вақт, ҳам алоҳида ходимнинг, ҳам умуман ташкилотнинг самарадорлигини ошишига ёрдам бериши керак.
Бошқарув фани мактаби ёки миқдорий усул (1950 йилдан ҳозирги вақтгача). энг кўзга кўринган олимлари Р.Акофф, Н.Винер, В.Порето ҳамда В.Глушков ва Л.Канторавич (СССР). Мактаб бошқарувда аниқ фанлар – математика, статистика, мухандислик фанлари маълумотларидан фойдаланишга асосланади ва операциялар ва вазиятлар моделлари тадқиқотлари натижаларини кенг қўллашни кўзга тутади. Аммо иккинчи жаҳон урушига кадар миқдорий усуллардан бошқарувда етарлича фойдаланилмаган. Эҳтимол, компютерларни ривожланиши бошқарувда ушбу усулларни кўллашга кучли туртки бўлган бўлса керак. Улар ўсиб борувчи мураккабликдаги математик моделларни қуришга имкон берганлар, бу моделлар ҳақикатга кўпроқ даражада яқинлашадилар, демак аниқроқ бўладилар.
Вазиятли ёндашув (1960 йилдан ҳозирги вақтгача). Бу ёндашувни ишлаб чиқилиши бошқарув назариясига катта ҳисса қўшган, чунки фанни аниқ вазиятлар ва шароитларга тўғридан-тўғри қўллаш имконияти пайдо бўлган. Вазиятли ёндашувда асосий томон вазият, яъни аниқ ҳолатлардан иборат бўлади, улар ташкилотларга ушбу аниқ вақтда катта таъсир кўрсатадилар ҳам ташкилотнинг ўзида, ҳам атроф муҳитда кўпгина бундай омиллар мавжуд бўлганлиги сабабли, ташкилот фаолиятини бошқаришнинг ягона “яхши” усули йўқ бўлади. Бошқарувнинг вужудга келган вазиятда кўпрок мос келувчи усули энг самарали бўлади.
М.Фоллетт 20- йиллардаёк “Вазият Қонуни” ҳақида гапирган аммо бу ёндашув факат 60- йилларнинг охирида керакли даражада ишлаб чиқилган.
Вазиятли ёндашув буюрилган тавсияларнинг оддийгина йиғиндиси эмас, балки, ташкилий муаммолар ва уларнинг ечимларига нисбатан фикрлаш усулидир. Ундан фойдаланган ҳолда, раҳбарлар аниқ вазиятларда қайси усуллар ташкилий мақсадларига эришишга кўпрок даражада ёрдам беришини тушуниб олишлари мумкин. Шунинг учун ташкилот мақсадларига самаралирок эришиш учун аниқ усуллар ва концепцияларни маълум вазиятлар билан боғлаш зарур.
Вазиятли ёндашувда эътибор ташкилотлар ва ташкилотларнинг ўзларининг ичидаги вазиятли фарқларга қаратилади. Шу муносабат билан аҳамиятли ўзгарувчан вазиятлар ва уларнинг ташкилот фаолияти самарадорлигига таъсирини аниқлаш зарур.
Тизимли ёндашув (50 йилларнинг охиридан ҳозирги вақтгача).
50- йилларнинг охирида бошқарувда тизимлар назариясини қўлланиши менежментга бошқарув фани мактаблари ва хусусан, америкалик олимлар Ж.Пол Гетти ва Питер Ф. Друкерларнинг муҳим улуши бўлган. Бу ёндашув нисбатан яқиндан қўллана бошлаганлиги туфайли, ҳозирги вақтда ушбу мактабнинг бошқарув назарияси ва амалиётига ҳақикий таъсирини тўлиқ даражада баҳолашнинг иложи йўқ. Шунга қарамасдан бугун унинг таъсири жуда катта ва бундан кейин ҳам у ўсиб боради. Тизимли асосда, эҳтимол, келажакда ишлаб чиқиладиган янги билимлар ва назарияларни синтез қилиш мумкин булар.
Ўзгарувчанлар ва уларнинг ташкилот самарадорлигига таъсирини аниқлаш менежментга тизимлар назариясининг мантиқий давоми бўлган тизимли ёндашувнинг асосий улуши бўлади.
Раҳбарлар тизимлар назариясини бошқарув жараёнига нисбатан қўллашлари учун ташкилотни ўзгарувчан тизимлар сифатида билишлари керак. Улар ташкилотга ўзгараётган ташқи муҳит шароитларида ҳар хил мақсадларга эришишга мўлжалланган одамлар, тузилма, вазифалар, технология каби ўзаро боғланган элементларнинг мажмуаси сифатида қарашлари керак.
Жараёнли ёндошув (1920 йилдан ҳозирги вақтгача). Бу ёндашув ҳозирги вақтда кенг қўлланилади. У биринчи марта маъмурий бошқарув мактаби вакиллари томонидан таклиф қилинган бўлиб, улар менежернинг вазифасини таърифлашга ҳаракат қилганлар. Бу концепцияни дастлабки ишлаб чиқилиши А.Фаёлга тегишлидир. Ушбу ёндашувга кўра, бошқарув ўзлуксиз ўзаро боғлиқ ҳаракатлар(хизматлар) жараёни сифатида кўриб чиқилади, уларнинг ҳар бири ҳам, ўз навбатида бир неча ўзаро боғланган ҳаракатлардан иборат бўлади. Улар коммуникациялар ва қарор қабул қилишнинг боғловчи жараёнлари билан бирлашганлар. Бунда раҳбарлик (етакчилик) мустақил фаолият сифатида кўриб чиқилади. У ходимларга таъсир кўрсатишнинг шундай имкониятини кўзда тутадики, улар мақсадларга эришиш йўналишида меҳнат қилсинлар.
Ёндошувларнинг қисқача манзарасидан шу нарса кўриндики, бошқарув фикри доимий равишда ривожланиб борган, бу ташкилотларни самарали бошқариш ҳақидаги янги ғояларни туғилишга ёрдам берган. Ҳар бир ёндошув ёки мактабнинг вакиллари фараз қилганларки, улар ташкилот мақсадларига самаралироқ эришишга калит топа олганлар аммо сўнгги тадқиқотлар ва бошқарув амалиётини кўрсатишича, бу тадқиқотлар бошқарув жараёнининг фақат айрим томонларига тегишли бўлган, олинган натижалар эса фақат маълум вазиятлар учунгина тўғри бўлган. Бундан ташқари, бошқарув амалиёти ҳамма вақт ҳам тегишли назарий фикрга қараганда мураккаброк, чуқуррок ва турли туманлироқ бўлган. Вақти - вақти билан тадқикотчилар бошқарув жараёнининг янги, олдин номаълум бўлган томонларини очганлар ва мустаҳкам бўлиб кўринган, аммо нотўғри қарашларни кўрсатиб берганлар. Шунга қарамасдан ушбу тадқиқотчилар бошқарув фанини ривожланишига бебаҳо ҳисса қўшганлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |