МАВЗУ 3: ЎСИМЛИКЛАР ҲАЁТИДА АЙРИМ ЭЛЕМЕНТЛАРНИНГ АҲАМИЯТИ.
РЕЖА
1. Азот элементининг ўсимликлар ҳаётидаги аҳамияти.
2. Фосфор элементининг ўсимликлар ҳаётидаги аҳамияти.
3. Калий элементининг ўсимликлар ҳаётидаги аҳамияти.
4. Микро – ва макроэлементининг ўсимликлар ҳаётидаги аҳамияти.
Таянч сўзлар
Азот, фосфор, калий, микро – ва макроэлементлар, РНК, ДНК, ферментлар, хлорофилл, витаминлар, алкалоид, ҳосил, мева, поя, сомон, дон, илдиз, озиқ моддалар, элемент, ферментлар, пероксилаза, каталаза, оқсидланиш, қайтариш, хлороз.
Адабиётлар:
Ўсимликларнинг ўсиш ва ривожланишида ҳар қайси озиқ элементларнинг ўзига хос вазифалари бўлиб, бир элемент ўрнини иккинчи бир элемент алмаштира олмайди, яьни уларни физиологик аҳамияти хилма хилдир.
Бирон бир макро ёки микроэлементнинг етишмаслиги ўсимликларда физиологик жараёнларнинг ва моддалар алмашинувини бузилишига, уларнинг нормал ривожланмаслигига, ҳосил миқдорини камайишига ва унинг сифатини ёмонлашишига олиб келади. Озиқ элементлари етишмаганда ёки улар ортиқча миқдорда бўлганда ўсимликларда турли хил ўзгаришлар содир бўлади. Шунинг учун ҳам, баьзи бир озиқ элементларнинг физиологик аҳамиятига тўхталиб ўтамиз.
Азот - ўсимликлар ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, у барча оқсил бирикмалар таркибига кириб, улар массасининг 16-18 фоизини ташкил этади. Азот РНК, ДНК, ферментлар, хлорофилл, витаминлар ва баьзи бир алкалоидлар таркибига ҳам киради. Ўсимлик қуруқ моддаси массасининг 1-3 фоизини азот ташкил этади. Ўсимликларда азот етишмаслигидан, унинг ўсиши секинлашади, пояси калта ва ингичка бўлиб, барг сатҳи майдалашиб, аввало оч яшил, кейинчалик сариқ тусга киради. Сарғайиш барг томирларидан бошланади ва барг пластинкаларининг четларига тарқалади.
Кейин зарарланган барглар қуриб қолади ва муддатидан олдин тўкилиб кетади.
Азот етишмаслиги сабабли ўсимликларда оқсил ва бошқа азотли бирикмалар тўпланиши камаяди, фотосинтезловчи барг ва поя суст шаклланиб, мева тугиш органларини ҳосил бўлишини чеклаб қўяди ва ҳосил миқдорини камайишига ҳамда маҳсулот сифатини бузилишига олиб келади.
Расм 2: Маккажўхори ўсимлигига азот элементи етишмаслиги белгилари.
Ўсимлик азот билан етарли даражада таьминланганда унинг ўсиши ва ривожланиши яхшиланиб, барглар тўқ яшил тусда бўлади ва тўла қимматли ҳосил қисмлари шаклланади.
Фосфор - ҳужайра ядросининг таркибига кириб, ўсимликда углеводлар ва азотли бирикмаларни ҳосил бўлишида иштирок этувчи ферментлар ва витаминлар асосини ташкил этади. Фосфор ўсимликдаги нуклеин кислоталар, нуклеопротеинлар, қандфосфатлар, фитин, крахмалда ва минерал шаклларда кўплаб учрайди. Ўсимликларни ўсув қисмларида фосфор миқдори 0,2-0,8, ҳосил қисмларида эса 0,6-1 фоизгача бўлади.
Фосфор етишмаганда ўсимлик илдиз системаси яхши ривожланмайди ва барг сатҳи кичрайиб кетади. Шунингдек, фосфор етишмаганда ўсимликни ўсиши жуда секинлашиб, баргларнинг чеккалари, кейинчалик бутун юзаси кул ранг яшил, тўқ қизил ёки қизил гунафша рангга киради, натижада, ҳосил салмоғи камаяди ва маҳсулот сифати ёмонлашади. Ғаллагуллилар оиласига кирадиган экинларда фосфор етишмаганда ҳосил берадиган пояларнинг тўпланиши ва сони камаяди.
Фосфор етишмаслик белгилари, кўпинча ўсимликларнинг ривожланишини бошланғич даврларида илдиз системаси яхши тараққий этмаган ва тупроқдан қийин эрийдиган фосфатларни ўзлаштира ололмайдиган пайтда намоён бўлади.
Картошкада фосфор етишмаганда майда тўқ яшил доғлар ҳосил бўлиб, барг пластинкалари юқорига қараб буралиб қолади.
Қанд лавлаги барглари фосфор етишмаганда майда, ҳаво рангда товланиб, пастки баргларининг чеккалари қурийди ва қораяди, кейинчалик бу қорайиш барг томирларига ҳам ўтади. Фосфор етишмаганда помидор баргларининг пастки томони, сўнгра банди ва поялари қизил гунафша тусга киради. Ғўзада фосфор етишмаганда илдиз системаси кучсиз ривожланиб, у секин ўсади, майда, тез қуриб қоладиган барглар ҳосил қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |