. Экскаваторни ишлатишдаги техника хавфсизлиги қоидалари
Экскаваторларни ишлатишда ўзига хос хавфли ҳолатлар юзага келиши мумкин. Масалан, хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаган ҳолда экскаваторларни ишлатиш бевосита экскаватор ҳайдовчиси ва экскаватор ёнида турган бошқа ишчилар соғлиги ва ҳаётига хавф туғдиради. Бир тарафдан экскаватор ҳайдовчиси ўриндиғидан йиқилиб тушиш эҳтимоли бўлса, иккинчи тарафдан, атрофдаги ишчилар устига ёки қазилган зовурга экскаватор ағдарилиб кетиши эҳтимоли мавжуд.
Экскаваторларни ишлатишда амал қилинадиган техника хавфсизлиги талаблари тайёрловчи завод томонидан тракторга берилган йўриқномада ёки унга қўшимча сифатида бериладиган махсус қўлланмада кўрсатилади.
Экскаваторда иш бошламасдан олдин техникавий ҳужжатлар билан танишиб чиқиш зарур. Башарти ҳужжатлар бўлмаса участкада ерости коммуникациялари ва иншоотларининг мавжудлигини аниқлаш шарт.
Аҳоли пунктларида ҳамда йўл ёқаларидаги участкаларда иш олиб борилса, у ерлар тўсилган бўлиши лозим.
Ер ости коммуникациялари мавжуд участкаларда ер ковлаш ишлари ўша иншоотдан фойдаланувчи ташкилотнинг вакили иштирокида ва унинг рухсати билан, шунингдек, бевосита иш бошқарувчининг рухсати билан амалга оширилади.
Экскаватор ишлаши зарур бўлган участка дарахтлар, тўнка, йирик тошлар ва бошқа бегона предметлардан тозаланган бўлиши, шунингдек, ер усти сувлари оқизиб юборилган бўлиши эарур.
Тупроқни ковлашга киришган экскаватор текисланган майдончага ўрнатилган бўлиши, ғилдираклари тормозланган ҳолда бўлиши зарур. Экскаваторнинг ўзи юриб кетмаслиги учун у кўчма таянчлар билан мустахкам ўрнатилиши зарур. Бу мақсадларда ғўла, тошлар ва бошқа предметларни қўллаш тақиқланади.
Ишлаш учун хавфли вазият (тупроқ кўчиши, электрлиниялар, симлар узилиш ва ҳ.к) рўй берганда ишлар дарҳол тўхтатилиши одамлар хавфли зонадан чиқарилиши, хавфли жойлар тўсиб қўйилиши зарур.
Юқори намликка ва уйма тупроқларда котлаван ва траншеяларнинг тикка деворини маҳкамламасдан туриб қазиш тақиқланади.
Экскаватор ва бульдозер бирга ишлаётганда бульдозер экскаватор стрелкасининг ишлаш радиусида бўлмаслигини ҳисобга олиб ишни ташкил этиш лозим.
Бир участкада 50 м. радиусда иккита экскаваторнинг бир пайтда ишлаши тақикланади.
Автомобиль кузовига ва трактор прицепига тупрокни ортаётганда экскаваторнинг чўмичи автомобиль ёки трактор кабинаси устидан ўтмаслиги лозим. Мабодо кабина устига ҳимоя шчити ўрнатилмаган бўлса, ҳайдовчи тупроқ юклаётган пайтда экскаваторнинг ҳаракат радиусидан четда туриши лозим.
Экскаватор ёрдамида оғир юк кўтараётганингизда қулай ва барқарор кўтаришга ҳаракат қилинг. Кескин ҳаракатлар техника воситаларига зарар етказиши ва хавфли ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин.
Тракторни ортиқча чайқалтирмасдан ҳайдашга ҳаракат қилинг. Кескин тўхтаманг. Бу қоидаларга тепаликка чиқаётганда ёки нотекис йўлларда тракторни ҳайдаётганда алоҳида эътибор бериш лозим.
Бино, девор, жарликлар атрофида ишлаётганда стабилизаторларни қўллашга етарлича жой борлигига амин бўлинг.
Экскаваторни фақат ҳайдовчи ёки махсус бошқарувчи ўриндиғидан бошқаринг.
Электр симлари остидан ўтишда уларнинг жойлашиш баландлиги етарли эканлигига амин бўлинг.
Одамлар бор иш жойларида экскаваторни чайқалтирманг.
Қияликда ишлаётганингизда ўта эътиборли ва диққатли бўлинг. Иложи бўлса, экскаваторни тепаликка қаратиб ишланг. (Агар пастликка қараб кераксиз юкни ташлаш керак бўлса, фақат экскаваторни ҳаракатга келтиринг ва юкни фақат эскаватор ёрдамида ташлаб юборинг).
Трактор текис турганлиги ва бир қисми тепаликка чиқиб кетмаганлигига амин бўлинг.
Тракторнинг бир тарафи ўта оғир бўлиб кетмаганлигига амин бўлинг.
Экскаваторни ишлатганингизда, стабилизаторларни албатта қўлланг, ва стабилизаторлар ҳақиқатан тракторнинг орқа ғилдиракларини бироз кўтариб турганига амин бўлинг.
Do'stlaringiz bilan baham: |