Қишлоқ хўжалик трактори ва экскаваторларининг техник ҳолатига қўйиладиган хавфсизлик талаблари
Сув ва қишлоқ хўжалигида қўлланиладиган техника, механизм ва ускуналарнинг кўп ҳолатларда носоз ҳолда бўлиши ёки улар конструкциясининг амалдаги меҳнат хавфсизлиги ишлаб чиқариш санитарияси стандартлари талабларига умуман жавоб бермаслиги бахтсиз ҳодисалар юз бериш хавфини янада оширади. Шу сабабли машина ва механизмлар техник ҳолатига қўйиладиган асосий талаблар бажарилишини доимо назорат қилиб туриш керак. Булар қуйидагилардир:
машина ва механизмларнинг турли тизим ва қисмларининг (кабина, мотор, тормоз тизими, бошқариш тизими, юргизувчи қисми, шассиси, куч узатиш қисмлари, гидравлик куч тизими, электр жиҳозлари ва ҳ.к) техник ҳолати чиқарувчи заводнинг техник тузилиш баённомасида ва ишлатиш бўйича йўриқномасида келтирилган техникавий тавсифлар талабларига тўла мос келиши;
машина ва механизмларнинг ҳаракатланувчи, айланувчи қисмлари (кардан, занжирли, тасмали, тишли узатмалари ва бошқалар) ва бошқа хавфли зоналари хавфсизликни таъминлайдиган даражада ҳимоя тўсиқлари билан тўсилганлиги;
машина ва механизмлардаги хавфли зоналар тўғрисида огоҳлантирувчи ёзув ва белгиларнинг йўқолиб кетмаганлиги;
машина ва механизмларда, чиқарувчи завод йўриқномасида берилган рўйхатга асосан, соз ва тўла тўпламдаги асбоб-ускуналар (тиббий ёрдам аптечкаси, ёнғин ўчиргич асбоби, сув идиши, таъмирлаш асбоблари ва ҳ.к.) мавжудлиги;
машина ва механизмлар конструкциясига чиқарувчи завод йўриқномасида кўрсатилгандан ташқари қўшимча жиҳозлар, ишчи қисмлар ва бошқа ўзгартиришлар киритилмаслиги;
ўзи юрар қишлоқ хўжалик машиналарида (тракторлар, экскаваторлар ва бошқа) давлат рўйхат белгиларининг бўлишлиги.
. Қишлоқ хўжалик трактор ва экскаваторларини ишга тайёрлашда бажариладиган хавфсизлик талаблари
Бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун техникалардан фойдаланувчи ҳар бир шахс техника хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси талабларига жавоб берган ҳолда ишларни ташкил қилиши керак. Шунинг учун ҳар қандай машина ёки техникалардан фойдаланишдан олдин машинанинг барча қисмлари, узеллари, мой идиш ва шлангларини ва бошқа тегишли жойларини, ҳамда умумий техник ҳолатини ташқи кузатувдан ўтказиши зарур. Ташқи кузатувда аниқланган носозликларни талаб даражасида сифатли тузатгандан кейингина уни юргизиш (ўт олдириш) ёки ишлатиш мумкин.
Машина ва механизмларни ишга туширишдан олдин қуйидагиларни бажариш тавсия этилади:
машина ва механизмларнинг техник ҳолатини ҳар томонлама аниқ ва пухта кўздан кечириб чиқиш, ҳамда аниқланган бузилишлар ва камчиликларни тезда талаб даражасида сифатли тузатиш;
алоҳида эътибор билан бошқариш механизмларини, илашиш муфтасини, тормоз тизимини, юриш механизмларини, шасси ҳолатини ва ишчи ускуналарнинг уланиш жойлари мустаҳкамлигини текшириб чиқиш керак; бу механизмларнинг ҳолати кўрсаткичлари тайёрловчи заводнинг техник тузилиш баённомасида ва ишлатиш бўйича йўриқномасида келтирилган техникавий тавсифлар талабларига тўла мос келиши лозим;
моторни ёқилғи билан таъминлаш тизими герметиклигини катта эътибор билан текшириш ва оқиш ҳолатлари аниқланса зудлик билан тузатиш керак;
моторни мойлаш тизимининг герметиклигини, ундаги мой сатҳи даражасини текшириш ва оқиш ҳолатлари аниқланса зудлик билан тузатиш керак;
машина ва механизмларнинг гидравлик куч тизими диққат билан кўздан кечирилиши, агарда қисмларида ва шланглар уланиш жойларидан мой оқиш ҳолатлари аниқланса зудлик билан бартараф қилиниши лозим;
машина моторининг совутиш тизими герметиклиги текширилиши, агарда суюқлик оқиши аниқланса (айниқса совутувчи суюқлик антифриз бўлса) бу ҳолат тезликда бартараф қилиниши лозим;
машина ва механизмлар остидаги ер юзасида ҳосил бўладиган суюқлик, ёқилғи ва мой излари улар қисмлари ҳолатини аниқлашда катта ёрдам беради; шу сабабли машина остини ва машина турган жойдаги ер засини доим кўздан кечириш ҳайдовчилар учун одатий ҳол бўлиши керак;
машина ва механизмларнинг ёритиш ва габарит чироқлари, товушли ёки бошқа турдаги огоҳлантириш воситаларининг ишлаши текширилиши лозим;
ҳаракатланувчи қисмларнинг ва бошқа хавфли зоналар тўсиқларининг мавжудлиги ва ҳолати назорат қилиниши керак;
ҳайдовчи иш ўрни – кабина ҳолати, ундаги зарур анжомлар (тиббий ёрдам аптечкаси, ёнғин ўчиргич, сув идиш, таъмирлаш асбоблари ва ҳ.к.) мавжудлиги текширилиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |