|
Улоқ, кўпкари - Ўрта Осиё халқларининг қадимий оммавий, миллий ўйинларидан бири. Асосан, ғалаба ва ҳосил байрамлари, тўй ва сайиллар муносабати билан ўтказилган. Ҳукмдор ва ҳар хил амалдорлардан ташқари ўзига тўқ одамлар, ҳатто оддий аҳоли ҳам Улоқ ўйинларини ташкил этган. Кўпроқ хатна (чипрон) тўйларида расм бўлган. Улоқ туркий халқлар, айниқса, унинг қўнғирот, қурама, минг, манғит, ойрат, ёйилма, кенегас, қипчоқ, барлос каби уруғлари орасида оммалашган. Улоқ томошалари олдидан махсус жарчилар қишлоқ, овулларга юборилиб, одамлар гавжум жойларда, бозорларда Улоқ ким томонидан, қайерда, қачон ва нима мақсадда ўтказилаётганлигини ҳамда қўйиладиган совринларни эълон қилган. Турли жойда ҳар хил қоида бўйича (чортоқ, судратма, марра, пойга, пакка, минбар ва бошқа номлар билан аталган) Улоқ ўйини уюштирилган. Улоқ кўнгилочар томоша ёки шунчаки ўйин бўлмасдан ўғил болалар, йигитларни мард, жасур, эпчил, довюрак қилиб тарбиялаш вазифасини бажарган. Улоқ ўйинлари от наслини яхшилашга, чидамли, тез ҳаракат қиладиган зотларини кўпайтиришга ёрдам қилган. Қорабайир, араби, ахалтекин, қурама, лақай, кустанай, қорабоғ ва Орлов от зотлари Улоқчи отлар ҳисобланади.
Улоқ халқ ўйини, асосан, 2 қисмдан - солим (қоқма) ва пойгадан иборат. Солим (қоқма). Чортоқ устидаги баковуллар (ҳакамлар) улоқ (сўйилиб ички аъзолари, бош ва оёқлари кесиб олинган эчки ёки бузоқ)ни тўдага ташлайди. Тўдадаги чавандозлар Улоқни олиб, тортишиб, энг кучлиси Улоқни маррага етказиб бериши лозим. Ким Улоқни маррага ёлғиз ўзи ҳалол олиб келса, унга аввалдан белгиланган мукофот тақдим этилади. Катта тўйларда мукофотга пул, мато, кийим, гилам, қўчқор ва бошқалар қўйилади.
Пойга 2 турдан иборат: отда чавандознинг пойгаси (қўпкари Пойга) ва Улоқ билан чопиш пойгаси. Улоқ билан пойгада белгиланган жойдаги Улоқни олиш учун ҳакамлар рухсат бергандан кейин чавандоз от чоптириб бориб Улоқни ердан кўтариб олиши ва маррага етказиши керак. Кейинги йилларда Улоқ ўйинлари спорт турига киритилди ва Ўзбекистонда республика миқёсида расмий мусобақалар, халқаро турнирлар ўтказила бошланди (яна қўпкари От спорти). 1998 йил Самарканд вилоятининг Челак туманида, 1999 йил “Алпомиш” достонининг 1000 йиллигига бағишланиб Навоий вилоятининг Хатирчи туманида республика мусобақалари ташкил қилинди. 1 халқаро мусобақа Навоий вилоятидаги Исломобод жамоа хўжалигида бўлиб ўтди (1999 йил, 27-29 ноябр), унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Ўзбекистон терма жамоалари билан бирга Навоий, Самарканд вилояти вакиллари алоҳида жамоа сифатида иштирок этди. Улоқнинг спорт тури сифатида халқаро миқёсида 38 мамлакатда (2004 йил) тан олинишида Ўзбекистон от спорти ва улоқ федератсияси томонидан Улоқ мусобақаларининг умумий қоидалари ишлаб чиқилиши ва Халқаро «кок бору» (Улоқ — кўпкари) федератсиясининг таъсис этилиши (2001 йил 7-11 ноябр, Бишкек) нинг аҳамияти катта бўлди. Ўзбекистонда алоҳида Улоқ кўпкари федератсияси тузилди (2002 йил 29 апрел). Федератсия туман, вилоят, республика мусобақаларини уюштиради.
|
34
| |
Do'stlaringiz bilan baham: |