О.Е.Зиядуллаев
Илмий даражалар берувчи
Илмий кенгаш раиси к.ф.д., доцент
Г.Қ.Отамухамедова
Илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш илмий котиби к.ф.ф.д. (PhD)
КИРИШ (фалсафа доктори (PhD)диссертатсияси аннотатсияси)
Диссертация мавзусининг долзарблиги ва зарурати. Жаҳонда бугунги кунга келиб, ион алмашинувчи материалларга бўлган талаб кундан кунга ошиб бормоқда, бу эса ион алмашинувчи материаллар олиш ва ишлатилиш соҳаларинин кенг кўламда ўрганиш, илмий ва амалий масалаларни ҳал қилишда ион алмашинувчи технологияларнинг ролини белгилаш, айниқса таркибида турли керакли хоссага эга бўлган гуруҳларни тутувчи ионитлар олинишининг физик-кимёвий хусусиятларини тадқиқ қилиш ҳамда ушбу ионитларнинг сорбцион хоссаларини текшириш долзарб ҳисобланади. Айниқса ион-алмашинувчи материалларни гидрометаллургия, оқава ва чиқинди сувларни тозалашда кенг жорий қилиш жуда муҳимдир. Чунки сув ер юзидаги ҳаёт учун энг муҳим бирикма бўлиб, қишлоқ хўжалиги, шаҳарсозлик билан бир вақтда жадал ривожланаётган саноат корхоналари учун асосий эҳтиёжидир.
Ҳозирга вақтда сув ресурслари ва тупроқ системасининг шўрланиш даражаси ошиб бориши, саноат корхоналаридан чиқаётган оқова сувлари таркибида турли ионларни кўп миқдорда сақлаганлиги сабабли турли хил касалликлар келиб чиқариши билан бир қаторда экологиянинг ёмонлашишига ҳам олиб келмоқда. Бундай зарарли ион сақлаган чиқинди оқава сувлар табиатга тарқалиши оқибатида инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб цияноз, юрак-қон томир касалликлари, квадриплегия, нерв системаси касалликлари, ҳазм қилиш системаси ва тўқима некрозлари кабиларни келтириб чиқаради ва бу муаммоларни бартараф қилиш бугунги кунда долзарб саналади. Сўнги йилларда сувни тозалашнинг турли хил технологик усуллар қўлланиб келинмоқда, жумладан кимёвий ишлов бериш, физик, биологик ва бошқа усуллардан ионитлар иштирокида адсорбциялаш усули кенг қўлланилади. Бу усулнинг ишлаш жараёни оддийлиги, экологик ва иқтисодий самарали, қайта ишлаш имконини бериши билан бошқа усуллардан устун туради. Республикамиз саноат корхоналаридан чиқадиган техноген ва оқава сувларни тозалаб қайта ишлатиш учун ишлатиладиган ионитлар чет элдан импорт қилинади.
Мамлакатимизда ион алмашинувчи технологияларга талаб юқорилигини ҳисобга олган ҳолда, маҳаллий хомашё асосида ионитлар олишнинг физик-кимёвий жиҳатларини тадқиқ қилиниши ва улар асосида ион алмашинувчи материалларнинг яратилишини мақбул шароитлари аниқланиб уларнинг саноат миқёсида жорий этилиши ҳукуматимиз томонидан янги турдаги кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни жадаллаштириш, шу асосида республиканинг кимё саноати корхоналарини янада барқарор ривожлантириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича бир қатор амалий ишлар олиб боришни кенгайтирмоқда1. Шунинг учун маҳаллий хомашёлар асосида янги ионитлар олиш, ҳамда олинган ионитнинг физик-кимёвий хоссаларини ўрганиш орқали оқова сувларни тозалашга қўллаш долзарб ва катта амалий аҳамиятга эга.
Мамлакатимизда саноат тармоқларини ривожлантириш учун замон талабларига мос, экологик тоза, иқтисодий самарали, рақобатбардош, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар чиқарадиган корхоналар яратилмоқда. Бундай корхоналардан «Шўртан-Газ-Кимё», «Устюрт-Газ-Кимё» мажмуаларидан бир неча турдаги полимерлар катта миқдорда ишлаб чиқарилмоқда. Республикамизда маҳаллий хомашёлар асосида ишлаб чиқариладиган полимер материалларининг ишлатилиш соҳаларини кенгайтириш, ион алмашинувчи материаллар олинишининг мақбул шароитларини аниқлаш ва уларнинг жорий этиш бўйича бир қатор илмий тадқиқот ишлари олиб борилиб, муайян натижаларга эришилмоқда. Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида «маҳаллий хомашёларни чуқур қайта ишлашни ва улар асосида янги импорт ўрнини босувчи махсулотлар ишлаб чиқаришни кўзда тутувчи саноатни янги сифат жиҳатдан юқорига кўтариш» га йўналтирилган муҳим вазифалар белгилаб берилган. Бу борада маҳаллий хомашёлар асосида истиқболли сорбентларни яратишнинг инновaцион ва иқтисодий жиҳатидан самарадор йўлларидан бири бу саноатда ишлаб чиқариладиган кўп тоннажли полимерларни кимёвий ўзгартириш жараёнини аниқлаш, ионитлар олишнинг мақбул шароитларини топиш, олинган ионитларнинг айрим металл ионларига нисбатан селективлигини аниқлаш ва физик-кимёвий хоссаларини тадқиқ қилиш муҳим ахамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сон «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги ҳамда 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сон «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришни Ҳаракатлар стратегияси» тўғрисидаги Фармонлари ва 2019 йил 3 апрелдаги ПҚ-4265-сон «Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида», 13.02.2021 йилдаги ПҚ-4992-сон «Кимё саноати корхоналарини янада ислоҳ қилиш ва молиявий соғломлаштириш, юқори қўшилган қийматли кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори ҳамда мазкур фаолиятга тегишли бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга оширишда ушбу диссертация тадқиқоти муайян даражада хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |