МЕЪДА МОТОРИКАСИГА ТАЪСИР ЭТУВЧИ ВОСИТАЛАР.
Бу гуруҳ воситалар иккига бўлинадилар:
Прокинетик воситалар (меъда моторикасини кучайтирувчилар) метоклопрамид, цизаприд, домперидон. Улар асосан меъдадан овқат массасини эвакуацияси сусайганда ва гастроэзофагал рефлексда қўлланилади.
Антикинетик воситалар (меъда моторикасини сусайтирувчилар) холиноблакаторлар: м-холиноблокаторлар, ганглиоблокаторлар, бускопан, пробантин, спазмолитиклар: папаверин, но - шпа
ҚАЙТ ҚИЛДИРУВЧИ ВА ҚАЙТ ҚИЛИШНИ ТЎХТАТУВЧИ ВОСИТАЛАР.
Қайт қилиш (қусиш) мураккаб рефлектор жараён бўлиб, уни амалга ошишида кўпгина гуруҳ мушаклари қатнашади (меъда, ингичка ичак, диафрагма, қорин бўшлиғи девори ва бошқалар). Қайт қилиш марказини ҳар-хил таъсиротлар қўзғатганлигидан қусиш ривожланади. Масалан: жирканч кўриниш, ҳид, таъм. Бундан ташқари вестибуляр аппаратни таъсирланиши ёки турли хил интерорецепторларларни қўзғалиши ҳам қайт қилишни ривожлантиради. Бош миянинг тўртинчи қоринчаси тубида қайт қилиш маркази жойлашган бўлиб, унинг химиорецепторларининг қўзғалиши қайт қилишни бошланишига сабаб бўлади. ( trigger zone -бошловчи зона). Ушбу химиорецепторлар дофамин Д2, серотонин - 5НТ3 ва М1 - холинорецепторлардан иборат. Кўпинча қайт қилдирувчи моддалар, ана шу рецепторларни қўзғатиб, бевосита ёки рефлектор йўл билан қусишга олиб келадилар.
АПОМОРФИН ГИДРОХЛОРИД – триггер зонадаги дофамин рецепторларини қўзғатади.
Таъсир механизмига кўра қайт қилдирувчи воситалар икки гуруҳга бўлинадилар:
Қусиш маркази ёки уни ишга солувчи триггер соҳасини бевосита қўзғатувчи воситалар апоморфин гидрохлорид.
Билвосита ёки рефлектор йўл билан қайт қилдирувчи воситалар мис сульфат, рух сульфат, ипекакуана илдизи , термопсис -афсонак ўти препаратлари.
Ангишивона гул (дигиталис) препаратлари ва ҳавфли ўсмаларни даволашда қўлланиладиган-антибластом воситалар (масалан: хлор этиламинлар) ҳам, қайт қилишга апоморфин каби таъсир этадилар.
Билвосита-рефлектор қайт қилишни қўзғатувчи воситалар ичилганда меъда рецепторларини қўзғатиб, қайт қилдирадилар, лекин қонга сўрилгач триггер зонага ҳам бевосита таъсир этадилар. Жумладан, термопсис ва ипекакуана препаратлари шундай таъсир кўрсатадилар. Лекин бу икки препарат қайт қилиш воситаси сифатида ишлатилмайди, чунки уларни қабул қилингач, узоқ вақт кўнгил айнаш даври бўлади. Аммо ана шу даврда рефлектор йўл билан бронх безларининг секрецияси ва ҳилпилловчи эпителийнинг ҳаракати ортиб кетади, балғам ҳажми ортади, қовушқоқлиги сусаяди ва ажралиши осонлашади. Шу туфайли улар балғам кўчирувчи восита сифатида қўлланилади. Мис сульфат ва рух сульфат фақат периферик рефлектор таъсирига эга. Вератрум алкалоидларнинг қайт қилишга таъсир механизми ўзгача. Улар адашган нерв тугунли ганглиясини (g.nodozum) қўзғатиб, қайт қилишни ривожлантирадилар. Қайт қилдирувчи воситалар кам қўлланилади. Жумладан, баъзи сабабларга кўра меъдани чайиш мумкин бўлмаган ҳолатларда, асосан апоморфин қўлланилади. Ушбу перепарат алкоголизмни даволашда, салбий рефлекс яратишда ҳам қўлланилади. Лекин кучли кислоталар ва ишқорлар билан заҳарланганда ( меъданинг кимёвий куйиши бўлганда) меъда ва 12-бармоқли ичак ярасида, ўпкадан қон кетиши мумкин бўлган хасталикларда ва юракнинг оғир хасталикларида, қайт қилдирувчи воситаларни қўллаш мумкин эмас. Қусиш марказини фалажловчи воситалар билан заҳарланганда (масалан: наркоз воситалари) апоморфин самара бермайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |