Бу гуруҳ дориларининг антидепрессив хоссасининг заминида уларнинг МАО ферменти фаоллигини кескин сусайтириши туфайли бош миянинг баъзи қисмларида нейромедиатор НА, серотонин ва дофаминнинг дезаминланиши тўхтаб, катта миқдорда тўпланиши ётади. Бу воситаларнинг кўпчилиги МАО фаоллигини кайтмас блоклайди ва шунинг учун 2 ҳафтадан кейин янги фермент молекуласи қайта синтезлангандан кейингина МАО фаоллиги аввалги даражасига етади. Юқори заҳарлилиги ва бир талай нохуш таъсирлари мавжудлигидан МАО интибиторлари ҳозирги вақтда антидепрессант сифатида камдан кам қўлланилмоқда.
МАО интибиторлари томирларни торайтирувчи моноаминлар (тирамин, фенил-этиламин) таъсирини кучайтиради. Пишлоқ, қаймоқ, кофе, вино, пиво каби овқат маҳсулотларидаги моноаминлар МАО иштирокида ичакда парчаланди. МАО фаоллиги кескин сусайганда моноаминлар парчаланмайди ва ичакда сўрилиб томирларни торайтирадилар ва қон босимини ошиб кетишига олиб келади («пишлоқ синдроми»). МАО ингибиторларининг юқори заҳарлилиги уларнинг МАОдан бошқа кўпгина ферментлар фаоллигини (масалан, жигар МОСнинг ферментларини) сусайтиришлари билан боғлиқ.. Ҳозирги вақтда тиббиёт амалиётида жуда оз гидразин унумлари МАО ингибиторлари сифатида қўлланилади.
НИЛАМИД– самарадорлиги анчагина паст бўлган антидепрессант, лекин препарат жигарга кам заҳарли таъсир этади, нохуш асоратлари кам. Ниламиднинг терапевтик таъсир 7-14 кундан кейин юзага чиқади. Даволаш 1-6 ой давом этади. Препаратинг терапевтик таъсири яхши ривожлангандан кейин препаратнинг дозаси аста-секин камайтирилади. Беморлар бу препаратни одатда яхши қабул қиладилар, лекин баъзи ҳолларда диспептик ўзгаришлар, систолик босимнинг пасайиши, безовталаниш, уйқусизлик, бош оғриғи, оғиз қуриши кабилар бўлиши мумкин.
Қўлланилиши: ҳар хил формалардаги бўшашганлик, сусткашлик, ташаббуссизлик билан кечадиган депрессияларда, айниқса невротик, инвалюцион ва циклотамик депрессияларда, уч бошли нервнинг яллиғланиши ва оғриқ билан кечадиган бошқа синдромларда. Ниламид стенокардия ҳуружлари сонини ва кучини камайтиради.
Мия қон айланиши бузилган, юрак томир етишмовчилигининг декомпенсация босқичида, буйрак ва жигар функцияларнинг бузилган, кучли психомотор қўзғалиш кузатиладиган беморларда ишлатиб бўлмайди. Ниламидни резерпин билан биргаликда қўллаш мумкин эмас, чунки кучли қўзғалиш ривожланади. Ниламид инсулин, пешоб ҳайдовчи дорилар, барбитуратлар, аналептиклар, маҳаллий анестетиклар, гипотензив воситалар таъсирини кучайтиришни ёдда тутмоқ лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |