Систематик анатомия: одам аъзолари, унинг танаси бажарадиган вазифасига кўра умумлашган гуруҳларга бўлган ҳолда ўрганади. Бу фаннинг остеология бўлимида одамнинг қаттиқ қисмини ташкил этган скелет суяклари ўрганилса, синдесмология бўлимида суякларнинг ўзаро бирикиши ўрганилади; миология бўлимида эса мушаклар ўрганилади. Анатомиянинг спланхнология бўлими эса ҳазм аъзоларини, нафас аъзоларини, сийдик ва жинсий аъзоларни ташкил этган - ички аъзоларни ўрганади. Анатомиянинг ангиология бўлими юрак ва қон томирларни (артерия, вена, лимфа) ўргатса, неврология бўлими орқа мия ва бош мияни, ҳамда переферик нервларни ўргатади. Эстезиология бўлимида сезги аъзолар, эндокринология қисмида эса ички секреция безлари ўрганилади. Рентгеноанатомия бўлимида - К. Рентген тарафидан кашф этилган нурлар орқали аъзо ва тана қисмлари ўрганилади. Топографик анатомия - аъзоларнинг ва тана бўлимларининг ўзаро муносабатини ўргатади.
Норма - соғларда учрайдиган ҳолат бўлиб, асосий вазифасини тўлиқ бажаришини таъминлайди.
Аномалия – нормал тузилишдан фарқланадиган ҳолат бўлиб, тараққиётдаги ўзгаришлар таъсир этади. Аномалия ҳолати аъзо ва тизимларнинг вазифасини тўлиқ таъминлайди. Аномалия сифатида тараққиёти билан асосланадиган юракнинг ўнг тарафда жойланиши (декстра-кардия) ёки ички аъзоларнинг тескари жойлашувини (situs viscerum inversus) кўрсатиш мумкин.
Лекин тараққиёти билан боғланган баьзи ҳолатларда, бажарадиган вазифасига кескин салбий таъсир этади ва бундай ҳолатларга патология дейилади. Патология ҳолатига лабларда ҳосил бўладиган тирқишлар, танглайда ҳосил бўладиган тирқишлар ёки бажарадиган вазифасига салбий таъсир этадиган тузилмалар ташкил этади.
Нормал анатомия фани аъзо ва тўқималарни соғларда учрайдиган ҳолатини ўрганади. Одам аъзоларида учрайдиган баъзи ўзгарган ҳолатлари вариантлар деб аталади. Бунда аъзоларнинг жойлашиши ёки тузилишида кўп учрайдиган ҳолатдан тузилишига бироз бошқачароқ тузилишга эга бўлсада, унинг вазифаси эса аъзоларга хос бўлган тақдирда аъзонинг кўриниш ёки тузилиш варианти дейилади. Одам аъзоларининг тузилишини, шаклланишини бажарадиган вазифасига боғлаб ўрганиш – вазифавий (функционал) анатомия дейилади.
Одам анатомияси тиббиётнинг бошқа заминий фанлари бўлиб ҳисобланган физиология, гистология фанлари билан чамбарчас боғланган ҳолда ўрганилади.Физиология фани - аъзоларни ҳаётий фаолиятини ўрганадиган таълимотдир. Гистология фани - хужайра, тўқима ва аъзоларнинг тараққиёти, тузилиши ҳамда уларнинг ҳаёт фаолиятларини ўрганувчи таълимотдир.
Аъзоларни, тўқима ва хужайраларни касаллик натижасида ҳосил бўлган ҳолатларини ўрганадиган фан патологик анатомия дейилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |