Bog'liq 2 Нарзуллаев Б Тижорат банклари амалиётида кулланиладиган кредитлаш
ХУЛОСА ВА ТАКЛИФЛАР Тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитлар республика иқтисодиётида муҳим ўрин тутиши ўз-ўзидан аниқ. У жисмоний ва юридик шахслар моддий техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиб, асосий ва айланма ишлаб чиқариш фондларини тузиш, тиклаш ва кўпайтириш манбаи бўлиб хизмат қилади. Корхоналар ва ташкилотларга ўз маблағлари билан чекланиб қолмаслик, янги пул маблағларини хўжалик оборотига киритиш имконини беради ва шу билан ишлаб чиқаришнинг ўсиши ва жадаллашиши учун зарур иқтисодий замин яратади. Банклар ўз навбатида, иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшимча қарз маблағлари юзага келишининг асосий манбаи бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнини қайта тузилмалаш, фаол иқтисодий сиёсат юритиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш учун қўшимча маблағларни жалб қилишга ёрдам беради.
Битирув малакавий ишини ёзиш жараёнида олиб борган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, республикамизда фолият олиб бораётган тижорат банкларининг кредитлаш амалиётининг бирламчи омили ҳисобланган капитали ҳамда улар томонидан жалб қилинаётган юридик шахсларнинг депозитлари ва аҳоли омонатлари йилдан-йилга ўсиш тенденциясига эга бўлмоқда. Давлатимиз томонидан банк тизими барқарорлигини ошириш, уларнинг ресурс базасини мустаҳкамлаш ва капиталлашув даражасини доимий равишда ўсишини таъминлаш хар йили устувор вазифа сифатида белгиланмоқда. Бу эса бевосита тижорат банкларининг кредитлаш салоҳиятини оширишга ва натижада уларнинг иқтисодиётни модернизация қилиш жараёнидаги иштирокини фаоллашувига олиб келмоқда.
Лекин, республикамиз тижорат банклари кредитлаш салоҳиятини ошириш, уларга барқарор кредит ресурсларини жалб қилиш ҳамда кредитларнинг ўсиш динамикаси билан боғлиқ бир қатор муаммолар ҳам кўзга ташланмоқда. Республикамиз тижорат банкларида кредитлаш фаолияти билан бевосита боғлиқ ва уларнинг кредитлаш салоҳиятини ошириш билан боғлиқ асосий муаммолар қуйидагилар:
Республикамиз тижорат банклари томонидан жисмоний шахсларни кредитлаш амалиётининг такомиллашмагани;
Шунингдек, мамлакатимиз тижорат банклари томонидан жисмоний шахсларга кредит хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ қуйидаги муаммоларни алоҳида кўрсатиб ўтиш зарур:
- аҳоли айрим тоифасининг тўлов қобилияти пастлиги ва оладиган даромадлар етарли даражада эмаслиги;
- олинган кредитларнинг кўпчилик ҳолатларда мақсадсиз ишлатилиши;
- тижорат банкларида жисмоний шахсларнинг кредит қобилиятини баҳолаш бўйича такомиллашган тизимнинг мавжуд эмаслиги;
- банкларнинг етарли ресурс базасига эга эмаслиги;
- истеъмол кредити объекти сифатида танланган товар ва хизматлар баҳосининг сунъий равишда оширилиши.
Республикамиз тижорат банклари кредитлаш амалиётида кредит шаклларидан тўлақонли фойдаланилмаётганлиги;
Тижорат банклари фаолиятида кредитлаш шаклларидан оптимал фойдаланиш муҳим ҳисобланади. Чунки, кредитлаш шаклининг тўғри танланиши кредитлаш самарадорлигини оширади, мижоз ва банкнинг кредитлардан маълум даражада наф кўришини таъминлайди.
Тижорат банклари кредитларининг тармоқлар ва ҳудудлар бўйича тақсимланишида диверсификация даражасининг пастлиги, яъни мамлакатнинг қатор тижорат банкларида кредит портфелини диверсификациялаш талабига риоя этилмаётганлиги;
Мамлакатимиз тижорат банклари кредитларининг тармоқлар хусусияти таҳлили шундан далолат берадики, республикамизда банк кредитларининг асосий қисми саноат тармоғига ажратилган кредитлар ҳиссасига тўғри келади. Бу эса банкларда тармоқ рискини келтириб чиқаради.
Республикамиз тижорат банклари ресурс базасининг мустаҳкам эмаслиги ва беқарорлиги;
Олиб борилган таҳлиллар натижасида республикамиз тижорат банклари ресурс базасининг заиф эканлиги ва етарли узоқ муддатли ресурс базасига эга эмаслиги аниқланди. Мамлакатимиз тижорат банклари брутто депозитлари таркибида талаб қилиб олингунга қадар депозитлар улушининг халқаро амалиётдаги меъёрлардан юқори эканлиги бир тарафдан ресурс базаси заифлигидан далолат берса, бошқа тарафдан банкнинг ликвидлилик кўрсаткичларига салбий таъсирни юзага келтиради.
Банкларда мижозларнинг кредитга лаёқатлилиги кўрсаткичларини баҳолаш тизимининг такомиллашмаганлиги;
Мижозларнинг сезиларли қисмида юқори ликвидли гаров объектларининг етишмаслиги;
Мижозлар томонидан тақдим қилинаётган бизнес-режаларнинг банклар томонидан чуқур таҳлил этилмаётганлиги ва кредит шартномалари тузишдаги камчиликларнинг мавжудлиги;
Йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда юқори самара берадиган синдициялашган кредитлардан фойдаланиш амалиётининг такомиллашмагани.
Республикамиз тижорат банкларининг кредитлаш амалиётини ва уларнинг кредитлаш салоҳиятини оширишга қаратилган қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилди:
Тижорат банклари томонидан жисмоний шахсларга ажратиладиган кредитлар ҳажмини улардан жалб қилинган депозитлар ҳажмидан кам бўлмаслигига эришиш лозим.
Жисмоний шахсларни кредитлаш ҳажмининг оширилиши мамлакатда ички талабни рағбатлантиради ва хўжалик субъектларининг реализациясини жадаллаштиради. Шу билан бирга кредитларнинг миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашдаги роли ошади.
2. Тижорат банклари кредитларининг барқарор суръатларда ўсишини таъминлаш мақсадида биринчидан, муддати ўтган кредитларнинг брутто кредитлар ҳажмидаги салмоғининг чегаравий даражадан (5 %) ошмаслигини таъминлаш; иккинчидан, талаб қилиб олинадиган депозитларнинг брутто депозитлар ҳажмидаги салмоғини 40 фоиздан ошмаслигини таъминлаш; учинчидан, брутто кредитларнинг ўсиш суръатини брутто активларнинг ўсиш суръатидан паст бўлмаслигига эришиш таклифи.
3. Республикамиз тижорат банклари кредитлаш амалиётида замонавий кредитлаш шаклларидан кенг фойдаланиш тавсия этилди. Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг кредитлаш амалиётида кредитлашнинг факторинг, форфейтинг, контокоррент ва овердрафт шаклларидан фойдаланилмаслиги кредитлаш амалиётига ва кредит таклифига салбий таъсирни юзага келтиради.
Тижорат банкларининг замонавий кредитлаш шаклларидан кенг фойдаланиши, биринчидан кредит таклифини оширса, иккинчидан кредит хизматларининг сони ва сифати жиҳатдан ўсишига замин яратади. Бунинг натижасида хўжалик субъектларининг банк кредитларидан фойдаланиш даражаси ошади.
4. Тижорат банклари кредитларининг тармоқлар ва ҳудудлар бўйича диверсификациялашув даражасини ошириш таклифи.
Мамлакатимизда тижорат банклари кредитларининг тармоқлар ва ҳудудлар бўйича диверсификациясини таъминлаш лозим. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан банк кредитларининг ҳудудлар ва тармоқлар бўйича диверсификациясини амалга ошириш ЯИМнинг ўсишида муҳим аҳамият касб этади. Банкларда мижозларнинг кредитга лаёқатлилик кўрсаткичларини баҳолаш тизимини такомиллашган варианти тавсия этилди.
Мижозларнинг кредитларни ўз вақтида фоизлари ва асосий қарз суммаларини қайтара олиши уларнинг кредит тўлов қобилияти даражасига боғлиқ. Мижознинг кредитга лаёқатлигини таҳлил этиш ва аниқ баҳолаш банкнинг кредитлаш самарадорлигини оширади.
5. Тижорат банклари мижозларининг аксарият қисмида пул оқимининг беқарорлигини ҳисобга олиб, банкларда мижозларнинг кредит тўловига лаёқатлилигини баҳолашнинг молиявий коэффициентлар усулидан тўлиқ фойдаланишни йўлга қўйиш лозим.
Республикамизнинг қатор тижорат банкларида қўлланилаётган кредит тўловига лаёқатлилигини баҳолаш кўрсаткичлари мижознинг пул оқимини реал даражасини аниқлаш имконини бермайди. Бизнинг фикримизча, ушбу ҳолат етарли даражада баҳолаш кўрсаткичларидан фойдаланилмаётганлиги ва ўртача тармоқ кўрсаткичларини доимий равишда эълон қилинмаётганлиги билан боғлиқдир. Баҳолаш кўрсаткичларининг асосий қисми ўртача тармоқ кўрсаткичлари билан қиёсий таққослаш асосида аниқланади. Шу боисдан, мунтазам равишда эълон қилинадиган ва ҳақиқий ўртача тармоқ кўрсаткичларининг бўлиши баҳолаш тизимини такомиллаштиришнинг зарурий шарти ҳисобланади.
6. Республикамиз тижорат банкларида узоқ муддатли ресурс базани шакллантириш орқали банклар кредитлаш салоҳиятини оширишнинг асосий йўналишлари асосланди.
Ўзбекистон банк амалиётида тижорат банкларининг нодепозит маблағларни жалб қилиш амалиётини кенгайтириш мақсадга мувофиқ. Чунки, узоқ муддатли ипотека қимматли қоғозлари, облигация ва депозит сертификатларини муомалага чиқариш орқали банклар мустаҳкам ресурс базасига эга бўлади.
7. Республика тижорат банклари томонидан йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда хориж амалиётида кенг қўлланиладиган синдициялашган ва параллел кредитлашдан кенгроқ фойдаланишни йўлга қўйиш. Бу орқали, биринчидан, йирик инвестиция лойиҳаларини кредитлашда юзага келадиган кредит риски банклар ўртасида тақсимланишига эришилса, иккинчидан тижорат банкларимизнинг умумий кредит портфелида инвестицион кредитларнинг салмоғи барқарорлашишига эришиш мумкин.
8. Тижорат банкларининг кредитлаш салоҳиятини оширишнинг бирламчи омилларидан ҳисобланган аҳолининг муддатли ва жамғарма депозитларига нисбатан хориж амалиётида қўлланиладиган антисипатив фоиз ставкаларидан фойдаланишни йўлга қўйиш. Бу, биринчидан, аҳоли ўртасида муддатли ва жамғарма депозитлардан олинадиган даромадларга нисбатан қизиқиш уйғотса, иккинчидан тижорат банкларининг узоқ муддатли кредит ресурсларига эга бўлишини таъминлайди.
Юқоридаги таклифлар тижорат банкларининг кредит фаолиятига жорий этилиши уларнинг кредитлаш салоҳиятини барқарорлаштиришга, банкларнинг кредитлаш фаолияти самарадорлиги ошишига ва натижада улар томонидан иқтисодиётни модернизация қилиш шароитида устувор тармоқларни молиявий қўллаб-қувватлашдаги фаоллигини оширишга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади деган фикрдамиз.