8-казус 2003 йил 8 апрель санасида Ўзбекистон Республикасида давлат ва жамият ҳаётига доир муҳим масала референдумга қўйилди. Тошкент шаҳар Учтепа туманида вақтинчалик рўйхатда турувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси Р.Йўлдошев референдумга овоз бериш учун борганда овоз берувчилар рўйхатида унинг исми шарифи йўқлиги маълум бўлди.
Овоз бериш участкаси котиби комиссия аъзолари Р.Йўлдошевни у яшаш жойида вақтинчалик рўйхатда турганлиги туфайли сайловчилар рўйхатига киритилмаганлигини маълум қилди. Комиссия котиби томонидан фуқарога доимий турар жойида ташкил этилган овоз бериш участкасида референдумда қатнашиши мумкинлиги тўғрисида маълумот берилди.
Бундан норози бўлган фуқаро Р.Йўлдошев прокуратура органига шикоят қилди. Прокуратура ходими ушбу масала судга тегишли деб шикоятни рад этди. Бу орада референдум тугаб, натижалар чиқди.
Вазиятга ҳуқуқий баҳо беринг.
9-казус Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 августдаги “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистондаги уч тоифа, хусусан “Темир дафтар”даги оилалар фарзандларига 500 минг сўмдан пул тарқатиш белгиланди.
Ўзбекистонда 409 мингта оила “Темир дафтар”га киритилди.
Маълум қилинишича, аҳоли қуйидаги 5 та мезон асосида “Темир дафтар”га киритилган: 1) меҳнатга лаёқатсиз ёки сурункали касалликлари оиласи аъзоси мавжуд бўлган оилалар; 2) якка-ёлғиз бевалар ва ўзгалар парваришига, қарамоғига муҳтож бўлган оилалар; 3) 5 нафар ва ундан ортиқ фарзанди мавжуд ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилалар; 4) коронавирус пандемияси натижасида ўзининг доимий даромад манбайидан маҳрум бўлган оилалар; 5) ҳақиқатан ҳам эҳтиёжманд, ночор ва моддий кўмакка муҳтож оилалар.
Ушбу бир марталик моддий ёрдам кўрсатилишидан хабар топган “Камолон” маҳалласининг ўзига тўқ, моддий шароити яхши аҳволда бўлган Б.Абзалов қарордан норози бўлди. У ушбу ёрдам Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган тенглик тамойилига зид бўлиб, пандемия даврида барчага бирдек моддий ёрдам кўрсатилиши кераклигини таъкидлади.
Бироқ, унинг эътирози маҳалла фуқаролар йиғини раиси томонидан рад этилди. Бундан норози бўлган Б.Абзалов фуқаролар йиғини раисининг қарори устидан прокуратурага шикоят қилдилар. Вазиятга ҳуқуқий баҳо беринг.
10-казус 2020 йил 18 май куни антисептик ва гигиена воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Биокосмик” хусусий корхонасининг бир гуруҳ ходимлари мазкур корхона эгасига С.Фармоновга уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилмаётганлиги ва уларнинг ҳуқуқлари бузилаётганлиги масаласида мурожаат қилдилар.
Улар иш шароитлари, хусусан, иш ҳақининг кечиктириб тўланиши, шунингдек, мулкдорнинг қариндошлари бўлган ходимларга махсус имтиёз ва нафақалар берилаётганлиги юзасидан прокуратурага шикоят билан мурожаат қилишларини айтишди.
Бундан ташқари, улар кичик бизнес субъекти сифатида корхонанинг муайян имтиёзларидан маҳрум бўлишига эришиш учун антисептик воситаларини белгиланган талаб меъёрлар асосида тайёрланмаётганлиги ҳақида хабар беришларини билдиришди.
Бунга жавобан С.Фармонов раҳбарлик қилиб келаётган корхона унинг хусусий корхонаси экани ва шу боис, уни ўзи истагандай бошқара олишини айтиб, норози бўлган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилди.
Вазиятга ҳуқуқий баҳо беринг.
Модул силлабуси мавзулари ва талабларидан келиб чиқиб тузилган.