3-казус 2019 йил декабрь ойида Хитойнинг Ухан провинциясида СOVID-19 короновирус инфекцияси тарқалиб бораётгани аниқланди. Ушбу инфекция кейинчалик дунёнинг бошқа мамлакатларига ҳам тарқала бошлади.
Бунинг натижасида 2020 йил 29 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисида” ги Ф-5537-сон фармойиш қабул қилинди. 2020 йил 11 март куни Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё миқёсида СOVID-19 короновирус инфекцияси тарқалиб кетгани муносабати билан пандемия эълон қилди. Ушбу касаллик Ўзбекистонга ҳам кириб келди ва 2020 йил 15 март куни мамлакатда карантин эълон қилинди.
Карантин шароитида касалликнинг тарқаб кетишини олдини олиш мақсадида Республика комиссияси томонидан турли чеклов чоралари ўрнатила бошланди. Жумладан, автотранспортда эрталаб соат 07.00 дан 10.00 гача ва кечки вақт соат 17.00 дан 20.00 гача ҳаракатланишга рухсат берилди. Қолган вақтда ҳаракатланган фуқаролар жавобгарликка тортилди.
Э.Рустамов 2020 йил 5 август куни соат 16.00 да оиласи билан автотранспорт воситасида яқин қариндошини кўргани кетаётганда ички ишлар органи ходими томонидан тўхтатилди ва содир этган ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий баённома расмийлаштирилди. Э.Рустамов баённомага имзо қўйишдан бош тортди. Бунга сабаб сифатида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига биноан у шахсий эркинлик, республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш сингари ҳуқуқларга эга бўлиб, ушбу ҳуқуқлар дахлсиз экани, уларни суд қарорисиз чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслигини, шундай экан Республика комиссиясининг қарорлари билан унинг конституциявий ҳуқуқлари чекланиши Конституция ва қонуннинг устунлиги принципига тўғри келмаслигини айтди.
Вазиятга ҳуқуқий баҳо беринг.
4-казус 2020 йил 17 февраль куни маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш учун мажбурий тўловлардан қарздорлиги бўлган У.Хамидовнинг пластик картасидан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдоридаги сумма ечиб олинди. Буни кўриб хайрон бўлган У.Хамидов пластик картаси берилган банкка мурожаат қилди. Банк ходими ушбу суммадаги пул У.Хамидов маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича тўловлардан қарзи борлиги сабабли Мажбурий ижро бюросининг Яккасарой туман бўлими талабига кўра ечиб олинганини маълум қилди.
У.Хамидов 2020 йил 18 февраль куни Мажбурий ижро бюросининг Яккасарой туман бўлимига мурожаат қилди. Давлат ижрочиси М.Мансуров ҳолат юзасидан қуйидагича изоҳ берди. 2017 йил 30 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3016-сон қарори қабул қилинган. Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси тўғрисидаги низом тасдиқланган. Низомда етказиб берилган энергия ресурслари учун тўловлар ҳамда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш учун мажбурий тўловлар учун ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги қарздорликни истеъмолчиларнинг пластик карталарига хизмат кўрсатиладиган банк ҳисобрақамларидан низосиз тартибда ҳисобдан чиқариш мумкин экани белгиланган.
Бунга жавобан У.Хамидов Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига кўра мулкдор бўлишга ҳақли экани, пластик картасидаги пулни фақатгина унинг ўзи истаган пайтдагина тасаруф қилиши мумкинлигини айтди. Шунингдек, агар ечиб олинган пули қайтарилмаса, давлат ижрочисининг хатти-ҳаракати устидан тегишли тартибда шикоят қилишини таъкидлади.
Шунда, давлат ижрочиси М.Мансуров қилинган хатти-ҳаракат Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосланиши, бу вазиятда ҳеч қандай қонун бузилиш ҳолати бўлмаганини таъкидлади. Бироқ, У.Хамидов Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига 2017 йил 30 майдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3016-сон қарори билан тасдиқланган низомнинг тегишли нормасини Конституцияга зид теб топишни сўраб мурожаат этди.