3§ Қурилиш пудрати шартномасининг тушунчаси ва ҳуқуқий белгилари
Пудрат тизимида қурилиш пудрати шартномаси муҳим ўрин тутади. Фуқаролик кодексининг 666-моддасига кўра, қурилиш пудрати шартномаси бўйича пудратчи шартномада белгиланган муддатда буюртмачининг топшириғи билан муайян объектни қуриш ёки бошқа қурилиш ишини бажариш мажбуриятини олади, буюртмачи эса пудратчига ишни бажариш учун зарур шароит яратиб бериш, ишни қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади.
Қурилиш пудрати шартномаси консенсуал, ҳақ бараварига ва икки томонлама шартнома туркумига киради. Қурилиш пудрати шартномаси корхонани, бинони, иншоотни бир объектни қуриш ёки қайта қуриш, шунингдек, монтаж, созлаш, ишга тушириш ва қурилаётган объект билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа ишларни бажариш ҳақида тузилиши мумкин. Қурилиш пудрати шартномасининг бир қатор турлари мавжуд. Хусусан, якка тартибда уй-жой қуриш учун тузиладиган қурилиш пудрати шартномаси; давлат эҳтиёжлари учун қурилиш пудрати шартномаси ва бошқалар.
Тарафлар. Шартномада тарафлар сифатида буюртмачи ва пудратчи иштирок этади. Буюртмачи сифатида ҳар қандай жисмоний ва юридик шахслар иштирок этишлари мумкин. Шартномада пудратчи сифатида махсус лицензия олган, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний ва юридик шахслар қатнашади.
Қурилиш пудрати шартномаси одатда ёзма шаклда тузилади. Тарафлар шартномани ўзаро келишиб олишганидан сўнгуни имзолайдилар. Белгиланган шакл риоя этиб тузилган шартнома унинг тарафлари учун мажбурий бўлиб ҳисобланади.
Масалан, қурилиш пудрати шартномаси бўйича тарафлар мазкур шартноманинг намунавий шартлари ёки тарафлар ўзлари эркин белгилаган шартлар асосида бундай шартномани тузишлари мумкин. Ўзаро имзо қўйиб тасдиқланган шартнома унинг тарафлари учун тегишли ҳуқуқий оқибатни келтириб чиқаради.
Буюртмачи билан бош пудратчи қурилишнинг барча ҳажми юзасидан умумий пудрат шартномаси тузадилар.ФКнинг 631-моддасига кўра, бош пудратчи шартномада кўрсатилган барча қурилиш ишларини бажариш учун жавобгарликни ўз зиммасига олади. Агар қурилиш ишларини бажариш бир йилдан ошиқ муддатни ўз ичига оладиган бўлса, буюртмачи ва пудратчи умумий пудрат шартномаси билан бир қаторда, йиллик пудрат шартномасини ҳам тузади. Йиллик пудрат шартномасида маълум хўжалик йилида бажариладиган қурилиш ишларининг бажарилиш шартлари кўрсатилган бўлади. Зарурат туғилганда махсус қурилиш-монтаж ишлари бош пудратчи билан ёрдамчи пудратчи (пудратчидан ишни пудратга олувчи) бўлган ихтисослаштирилган қурилиш ташкилотлари ўртасида тузиладиган ёрдамчи пудратчи қурилиш ташкилотлари ўртасида тузиладиган бевосита шартномага мувофиқ, мазкур ихтисослаштирилган қурилиш ташкилотларининг кўчи билн бажарилиши келишилган бўлиши мумкин.
Масалан, пудратчи бино қурилишини ўз ҳисобидан суғурталаш учун тижорат ташкилоти ҳисобланган ва қурилиш ишларини суғуртасини амалга оширишга лицензияси бўлган юридик шахслар билан суғурта шартномаси (лойиҳа смета ҳужжатларини)ни тузишлари мумкин. Пудрат объектининг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан шикастланиши хавфи пудратчи зиммасидаги бўлганлиги сабабли қурилиш объектини суғурталаш пудратчининг манфаатларига ҳам тўлиқ мос келади.
ФКнинг 667-моддасига мувофиқ, топширилмаган пудрат объектининг нобуд бўлиши ёки шикастланиши хавфи пудратчи зиммасида бўлади. Шунингдек, пудрат объектида бажарилаётган ишларнинг хавфсизлиги учун ҳам пудратчи жавобгар бўлади. Шунинг учун қурилиши пудрати шартномасида тарафлар бошқача тартиб ва шартлар қўйган бўлмасалар шартномада назарда тутилган объектни ёки ишлар мажмуини пудратчи ўз ҳисобидан суғурталаши шарт. Суғурталаш мажбурияти юклатилган тараф қурилиш пудрати шартномасида назарда тутилган тартибда иккинчи тарафга шартнома шартларига мувофиқ суғурта шартномаси тузганини тасдиқловчи далилларни, шу жумладан суғурта қилувчи, суғурта суммаси миқдори ва суғурталанган таваккалчиликлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилиши керак. Суғурталаш тегишли тарафни суғурта ҳодисаси юз беришининг олдини олиш чора-тадбирларини кўриш мажбуриятидан озод қилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |