Ошиқча хавф манбаи томонидан етказилган зарар учун жавобгарлик. Ошиқча хавф манбаи томонидан етказилган зарар ўзининг хусусияти, зарар етиш усули ва қопланиши, жавобгарликнинг белгиларига кўра махсус деликт ҳисобланади. ФКнинг 999-моддасига мувофиқ, фаолияти теварак-атрофдагиларга ортиқча хавф туғдирадиган юридик шахслар ва фуқаролар (транспорт ташкилотлари, саноат корхоналари, қурилишлар, транспорт воситаларининг эгалари ва бошқалар) ошиқча хавф манбаи етказган зарарни, агар зарар бартараф қилиб бўлмайдиган куч ёки жабрланувчининг қасддан қилган ҳаракати оқибатида юзага келганини исботлай олмасалар, тўлашлари шарт.
Ошиқча хавф манбаи томонидан етказилган зарар учун жавобгарлик зарар учун фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликнинг бошқа турларига қараганда қатъийроқ ҳисобланади. Зеро, мазкур деликтда жавобгарлик зарар етказувчининг айби-бор йўқлигидан қатъи назар вужудга келади. Шу сабабли ҳам баъзи ҳолларда ФКнинг 999-моддаси бўйича жавобгарликни «ошиқча (кучайтирилган)» жавобгарлик деб аташади. Бироқ, бунда Қонуни жавобгарликнинг даражаси ҳақида эмас, зарар етказиш хавфининг юқоридагидан келиб чиққанлигини унутмаслик лозим. Ошиқча хавф манбаи томонидан етказилган зарарлар учун жавобгарни белгилашда ҳам ФКнинг 985-моддасида назарда тутилган бош деликт учун жавобгарлик қоидалари қўлланилади.
Таъкидлаш лозимки, деликт жавобгарлигининг мазкур тури ҳуқуқий адабиётларда кенг ва атрофлича ёритилган. Шу билан бирга ошиқча хавф манбаи тушунчаси бўйича адабиётларда бир нечта қарашлар мавжуд. Биринчи қараш вакиллари ошиқча хавф манбаини теварак-атрофга зарар етказиш мумкин бўлган хавфли фаолият тури деб ҳисоблашади. Иккинчи қараш вакиллари эса ошиқча хавф манбаини теварак атрофга хавф солувчи ҳар доим ҳам инсонинг тўлиқ назорати остида бўлмайдиган моддий дунё объектлари, нарсалар сифатида талқин этишади. Бироқ иккала қараш вакиллари ҳам бир-бирларини инкор этмаган ҳолда, ошиқча хавф манбаи тушунчаси бўйича умумий хулосага келишга ҳаракат қилишади. Умуман олганда ошиқча хавф манбаи юзасидан юқоридаги ҳар иккала қарашлар ҳам ўзига хос мантиқий ва ҳуқуқий асосларга эга. Зеро, ошиқча хавф манбаи муайян нарсаларга, объектларга асосланадиган фаолият тури сифатида аҳамиятлидир. Чунки, ҳар қандай фаолиятнинг муайян объектга асосланиб амалга оширилишини ҳисобга олсак, ошиқча хавф манбаи деганда, доимий равишда инсоннинг тўлиқ назорати остида бўлмайдиган муайян техникавий, физикавий, кимёвий, биологик ва бошқа хусусиятларига кўра теварак-атрофга зарар етказиш хавфи юқори бўлган предметлар ва улар орқали амалга ошириладиган фаолият тушунилади. Таъкидлаш лозимки, ошиқча хавф манбаи ҳисобланган нарсалардан фойдаланиш жараёнида ёки уни эксплуатация қилинмаган ҳолатида ҳам зарар етказилиши мумкин. Масалан, автомобилдан фойдаланилмаганда, у гараж ёки тўхташ жойида турганида ҳам муайян деталнинг носоз ҳолати ёки об-ҳаво таъсирида ёниб кетиши ёки портлаб кетиши мумкин, ёки турли хилдаги хавфли хоссаларга эга ашёлар сақланадиган идишдан чиқаётган газнинг зарар етказиши мумкинлиги.
Ошиқча хавф манбаини кенгроқ тушуниш учун уларнинг таснифидан фойдаланиш ўринли. ФКнинг 999-моддасида кўрсатилган ошиқча хавф манбаиларининг турлари мукаммал бўлмасдан, тахминий ҳисобланади, чунки фан ва техниканинг доимий ривожланиши натижасида уларни тўла ва аниқ санаб ўтишининг имконияти йўқ. Шу туфайли, уларни маълум бир гуруҳларга бўлиб ўрганиш муҳим роль ўйнайди. О. А. Красавчиков уларни гуруҳларга бўлишда моддий объектдаги энергиянинг шаклига қараб бўлишни мезон қилиб олишни таклиф қилади ва шу мезон асосида ошиқча хавф манбаини 4 гуруҳга ажратади:
1. Физикавий. Улар ўз навбатида механик (масалан: транспорт), электрик (катта қувватдаги) ва иссиқлиқ (буғ қурилмалари) хавф манбаиларига бўлинадилар.
2. Физикавий-кимёвий. Уларга радиоактив материаллар киради.
3. Кимёвий хавф манбалари. Уларга заҳарловчи (заҳар), портловчи ( турли газлар) ва хавфли ёнувчи ( ёнилғининг бир неча турлари) объектлар киради.
4. Биологик. Улар зоологик (ёввойи ҳайвонлар) ва микробиологик хавфлар (бир қанча микроорганизмларнинг штаммлари)68 дан иборат.
Албатта мазкур рўйхат ошиқча хавф манбаи турларниниг тўлиқ рўйхати ҳисобланмайди. Чунки, фан ва технологияларининг жадал ривожланиб бориши турли хилдаги техник воситаларнинг такомиллашган кўриниши билан бирга бир қатор янги объектларни вужудга келтирмоқда. Ҳозирги кунда компьютерлар, қўл телефонларини ҳам маълум маънода ошиқча хавф манби объектлари жумласига киритиш мумкин.
ФКнинг 999-моддаси 2-қисмига мувофиқ, зарарни тўлаш мажбурияти ошиқча хавф манбаига мулк ҳуқуқи, хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки оператив бошқарув ҳуқуқи ёхуд бошқа ҳар қандай қонуний асосда (мулкий ижара шартномаси, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берадиган ишончнома, тегишли органнинг унга ортиқча хавф манбаини топшириш тўғрисидаги фармойишига кўра ва ҳоказо) эгалик қилувчи юридик шахс ёки фуқарога юкланади.
Ошиқча хавф манбаларининг эгалари бу манбаларнинг бир бирига таъсири (транспорт воситаларининг тўқнашуви ва ҳоказо) натижасида учинчи шахсларга етказилган зарар учун ФКнинг 999-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган асослар бўйича солидар жавобгар бўладилар.
Ошиқча хавф манбаларининг ўзаро таъсири натижасида уларнинг эгаларига етказилган зарар умумий асосларда қопланади. Бунда бир тарафнинг айби билан етказилган зарар шу тараф томонидан тўлиқ ҳажмда қопланади, иккала ёки бир нечта тарафларнинг айби билан етказилган зарар эса улардан ҳар бирининг айби даражасига мутаносиб равишда қопланади. Тарафлардан ҳар бирининг айби даражасини аниқлаш имконияти бўлмаганда жавобгарлик улар ўртасида тенг баравар тақсимланади. Зарарнинг етказилишида тарафларнинг айби бўлмаганда улардан ҳеч бири зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас. Бундай ҳолда тарафларнинг ҳар бири ўзи кўрган зарар ҳажмини зиммасига олади.
Ошиқча хавф манбаининг эгаси шу манба етказган зарар учун, агар манба эгасининг тасарруфидан бошқа шахсларнинг ғайриҳуқуқий ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида чиқиб кетганлигини исботласа, жавобгар бўлмайди. Бундай ҳолларда ошиқча хавф манбаи томонидан етказилган зарар учун жавобгарлик манбани ғайриҳуқуқий эгаллаб олган шахснинг зиммасида бўлади. Бу манбани эгасининг тасарруфидан ғайриҳуқуқий тортиб олишда эгасининг айби бўлган тақдирда, жавобгарлик унинг эгасига ҳам, ошиқча хавф манбаини эгаллаб олган шахсларга ҳам юкланиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |