3. Асоссиз бойлик орттириш оқибатида келиб чиқадиган мажбуриятлар тарафлар, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
ФКнинг 1023-моддасида асоссиз бойлик орттириш оқибатида келиб чиқадиган мажбуриятлар тарафлари сифатида “мол-мулкни эгаллаб олган ёки тежаб қолган шахс (қўлга киритувчи)” ҳамда “белгиланган асосларсиз ихтиёридан мол мулк чиқиб кетаётган бошқа шахс (жабрланувчи)” кўрсатилган. Бошқача қилиб айтганда, ушбу мажбуриятда қарздор сифатида ҳуқуқий асосларсиз мулкий фойда (даромад) келган шахс қатнашса, кредитор сифатида эса ушбу ҳолат унинг ҳисобидан вужудга келганва натижада зарар кўрган шахс иштирок этади.
Асоссиз орттирилган ёки тежаб қолинган бойлик бўйича мажбуриятларнинг субъекти бўлиб, асоссиз орттирилган ёки тежаб қолинган мол-мулкни ёки мулкий (талаб қилиш) ҳуқуқини қўлга киритган қарздор ва бу мулкни ёки мулкий ҳуқуқни талаб килиш ҳуқуқи эга бўлган ҳақиқий мулкдор (кредитор) бўлиши мумкин. Бунда қарздор ва кредитор бўлиб фуқаролар, жумладан, муомалага лаёқатсиз шахслар ҳам, ҳуқуқ субъектлилиги характеридан катьи назар, юридик шахслар ҳам бўлиши мумкин.
Асоссиз бойлик орттиришдан келиб чиқадиган мажбуриятлар асосан пул мажбуриятларига нисбатан қўлланилади. Бунда асоссиз равишда олинган ёки тежаб қолинган пул маблағлари бошқа шахснинг мулки билан қўшилиши натижасида эгасиз мулкка (мулкий ҳуқуққа) айланади. Бир қарашда ушбу ҳолатга нисбатан эътироз бўлиши мумкин эмасдек бўлиб туюлади ва бунда пул маблағлари тасарруфига ўтган шахсда ҳуқуқ пайдо бўлади, бироқ, унда бунинг учун ҳуқуқий асос мавжуд бўлмайди. Шу боисдан ҳам пул маблағлари унга нисбатан ҳуқуққа эга бўлмаган шахсдан олиниб, унга нисбатан ҳуқуқи бўлган шахсга қайтарилиши шарт.
Асоссиз орттирилган ёки тежаб қолинган бойлик мажбуриятларнинг объекти бўлиб, асоссиз бойлик орттирган шахснинг асоссиз орттирилган ёки тежаб қолинган бойликни кредиторга қайтариши бўйича қиладиган ҳаракатлари ҳисобланади. Асоссиз орттирилган бойликни талаб қилувчи кредитор мавжуд бўлмаган ҳолларда мулк давлат бюджетига ёки қонунга мувофиқ тегишли муассасага ўтказилади. Бундай мажбуриятларнинг мазмуни жабрланувчининг асоссиз орттирилган бойликни асл ҳолида ёки пул суммасида асоссиз бойлик орттирган шахсдан талаб қилиш ҳуқуқи ва бу қарздорнинг асоссиз орттирилган бойликни жабрланувчига қайтариш мажбуриятидан иборатдир.
Мажбуриятда кредиторнинг субъектив ҳуқуқи асоссиз орттирилган ёки тежаб қолинган бойликни унга тегишли бўлган барча даромадлари билан биргаликда ҳамда ҳаражатларни чегириб қолган ҳолда талаб қилишнинг ҳуқуқий таъминланган имконияти ҳисобланади. Ўз навбатида субъектив мажбурият қарздорнинг мажбурият юзасидан муайян ҳаракатларни амалга ошириш яъни, кредиторга тегишли бўлган бойликни унга тегишли бўлган барча даромадлари билан биргаликда ҳамда ҳаражатларни чегириб қолган ҳолда қайтаришни назарда тутади. Асоссиз олинган ёки тежаб қолинган мол-мулк қайтарилганида ёхуд унинг қиймати тўланганида қўлга киритувчи даромадларни қайтариши шарт бўлган вақтдан бошлаб мол-мулкни сақлаб туриш ва асраш учун қилинган зарур харажатларни ўзи олган нафни эътиборга олган ҳолда тўлашни жабрланувчидан талаб қилишга ҳақли. Бироқ, қўлга киритувчи қайтарилиши лозим бўлган мол-мулкни била туриб бермай турган ҳолларда харажатларни ундириш ҳуқуқи йўқолади.
Демак, бу ўринда биринчи ўринга жабрланувчига тегишли мол мулкни (бойликни) асл ҳолида қайтариш мажбурияти қўйилади. Асосий орттирилган бойликни қайтариш мажбурияти уни ассоссиз эканлигини қарздор билган ёки билиши лозим бўлганига боғлиқ эмас. Шу боисдан, асоссиз эканлигини қарздор билган ёки билиши лозим бўлганидан қатъий назар талаб қаноатлантирилиши лозим. Қўлга киритувчи жабрланувчининг олдида ҳар қандай, шу жумладан у орттирилган бойликнинг асоссизлигини билган ёки билиши лозим бўлган пайтдан кейин асоссиз қўлга киритилган ёки тежаб қолинган мол-мулкнинг тасодифий етишмовчилиги ёки ёмонлашуви учун жавобгар бўлади. Бу пайтгача у қасд ва қўпол эҳтиётсизлик учунгина жавобгар бўлади. Бундай ҳолатда мол мулкни ёмонлаштирганлик ёки камчиликни вужудга келишида қайси тарафнинг масъул эканлиги аниқланиши талаб қилинади.
Мол-мулкни асоссиз олган ёки тежаб қолган шахс бойликнинг асоссиз орттирилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган вақтдан бошлаб ана шу мол-мулкдан чиқариб олган ёки чиқариб олиши лозим бўлган барча даромадларни жабрланувчига қайтариши ёки тўлаши шарт. Асоссиз орттирилган пул суммасига, қўлга киритувчи пул маблағларини олиш ёки тежаб қолишнинг асоссизлигини билган ёки билиши лозим бўлган вақтдан бошлаб, ўзганинг маблағларидан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисобланиши лозим (ФК 1028-модда).
ФКнинг 327-моддасида бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз тўланиши кераклиги белгиланган. Бунда фоизлар ғайриқонуний ушлаб турилган, фойдаланилган пул маблағлари миқдоридан келиб чиқиб аниқланади. Демак, ФКнинг 327-моддасида белгиланган фоизлар тўлаш ҳақидаги талабни асоссиз бойлик орттириш оқибатида келиб чиқадиган мажбурият сифатида кўриш мумкин. Гарчи фоизларни тўлаш ҳақидаги талаб шартномавий мажбуриятни бажармаганлик натижасида келиб чиқсада, асосий қарзни қайтариш ҳақидаги талаб шартномавий даъво, фоизларни тўлаш ҳақидаги талаб эса, шартномадан ташқари асоссиз бойлик орттириш оқибатида келиб чиқадиган мажбурият ҳисобланади ва шартномавий даъвога йўлдош бўлади.
Асоссиз олинган ёки тежаб қолинган мол-мулкни асл ҳолида қайтаришнинг имконияти бўлмаган тақдирда, қўлга киритувчи жабрланувчига бу мол-мулкнинг қўлга киритиш пайтидаги ҳақиқий қийматини тўлаши, шунингдек агар қўлга киритувчи орттирилган бойликнинг асоссизлигини билганидан кейин дарҳол унинг қийматини тўламаган бўлса, мол-мулк қийматининг кейинги ўзгариши туфайли кўрилган зарарни тўлаши лозим. Эгаллаб олиш ниятисиз ўзганинг мол-мулкидан ёки ўзганинг хизматларидан вақтинча асоссиз фойдаланган шахс жабрланувчига бундай фойдаланиш натижасида тежалган нарсани фойдаланиш тугалланган пайтда ва ўша жойда мавжуд нарх бўйича тўлаши лозим бўлади. Яъни, нарх навонинг у ёки бу тарафга ўзгариши аҳамиятга эга бўлмайди ва фойдаланиш нархи фойдаланишнинг тугаши вақти билан аниқланади. Шу билан биргаликда фойдаланиш нархи қайси жойда фойдаланилгани, агар турли жойда фойдаланилган бўлса, у ҳолда фойдаланиш тугалланган жой ҳисобга олинади.
ФКнинг 1027-моддасида ҳуқуқни бошқа шахсга асоссиз бериш оқибатлари назарда тутилган. Бунда бирмунча мураккаб вазият вужудга келади. Шахсга бирон бир ҳуқуқ (масалан, мулк ҳуқуқи ёки мажбурият юзасидан кредитор ҳуқуқи) тегишли бўлади. Ушбу шахс ўзини бошқа бир шахс билан мажбурият орқали боғланган деб ҳисоблайди, бироқ аслида бундай мажбурият умуман йўқ ёки ҳақиқий мажбурият эмас. Ушбу (мавжуд бўлмаган ёки ҳақиқий бўлмаган) мажбуриятни бажариш мақсадида ҳуқуқ эгаси гарчи бунга асос бўлмаса ҳам кўрсатилган шахсга ўз ҳуқуқларини ўтказади. Ушбу ҳолатда ҳуқуқини ўтказган шахс илгариги ҳолатини тикланишини шу жумладан ҳуқуқни ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни қайтарилишини талаб қилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |