Назорат учун саволлар:
1. Асоссиз бойлик орттириш оқибатида келиб чиқадиган мажбуриятлар бошқа фуқаролик ҳуқуқий мажбуриятлардан нимаси билан фарқ қилади?
2. Ҳуқуқни бошқа шахсга асоссиз бериш оқибатлари ҳақида фикрингизни баён қилади?
3. Зарафшон қишлоғи фуқароси Б.Ҳамидовникидан уй қурилиши учун тайёрлаб қўйилган ўн дона ёғочни ўғирлаб кетишди. Икки ҳафтадан сўнг унга ёғоч ўғирлаган куннинг эртасига қўшни қишлоқлик Э.Толипов деган кимса арзон гаровга номаълум ҳайдовчидан ўнта ёғоч сотиб олганлиги маълум бўлди.
Э.Толиповнинг олдига келган Б.Ҳамидов тасодифан сақланиб қолган ёғочдаги белгилардан ўзининг ёғочларини таниб қолди. Лекин ёғочлар Э.Толипов қурган оғилхонага ишлатилган эди. Б.Ҳамидов Э.Толиповдан ўғирланган ёғочларнинг нархини ёки шунга ўхшаш ўн дона ёғоч беришни талаб қилди. Э.Толипов номаълум ҳайдовчидан ёғочларни сотиб олганлигини инкор этмайди, лекин у ёғочларнинг ўғирланганлигини билмаслигини айтиб Б.Ҳамидовнинг талабига рад жавобини берди.
Э.Ҳамидов Б.Толиповдан ўғирланган ёғочларнинг нархини ундириб беришни сўраб судга мурожаат этди.
Суд қандай қарор чиқариши керак? Агар ёғочларни шофёр Н.Олимов ўғирлаб Б.Толиповга сотганлиги аниқланса суд қарори ўзгарадими?
IV Б Ў Л И М.
59-БОБ.ИНТЕЛЛЕКТУАЛ МУЛК ҲУҚУҚИ
1 §. Интеллектуал мулк объектларининг ўзига хос хусусиятлари
Интеллектуал мулк объектлари фуқаролик ҳуқуқининг алоҳида ўзига хос объекти бўлиб ҳисобланади. «Интеллект» лотинча сўз бўлиб, «ақл» маъносини англатади. Интеллектуал мулк объектлари фуқаролик ҳуқуқининг бошқа объектлари — ашёлар, қимматбаҳо қоғозлардан қуйидаги хусусиятлари бўйича фарқ қилади:
а) кўп ҳолларда интеллектуал мулк объектлари моддий кўринишда эмас, балки, ғоя, билим, ахборот шаклида намоён бўлади. Объектив шаклда ифодаланган ғоя, билим моддий элтувчида, моддий ифодада, масалан, чизма, макет, аппарат, қурилмада мужассамлашган бўлиши мумкин, бироқ, бунда ғоя, билим бирламчи, унинг моддий мужассами ҳар доим иккиламчи бўлади;
б) ғоя, билим шаклидаги интеллектуал мулк объектига одатдаги моддий ашёга эгалик қилгандай эгалик қилиш мумкин эмас;
в) бундай объектлардан бир вақтнинг ўзида чексиз доирадаги шахслар фойдалана олиши мумкин;
г) интеллектуал мулк ҳуқуқи объектларига мулк ҳуқуқининг муддатсизлиги ҳақидаги қоида (ФКнинг 164-моддаси) қўлланилмайди. Бинобарин, кўпчилик ҳолларда (ноу-хауга нисбатан истиснони ҳисобга олмаганда) интеллектуал мулк ҳуқуқи амал қилиши қонунларда белгиланган муддатлар билан чегараланган бўлади;
д) қонунларда белгиланган муддатлар ўтиши билан интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳибининг интеллектуал мулкнинг муайян объектига нисбатан ҳуқуқлари бекор бўлади ва бу объектлар умуминсоний бойликка айланиб, ҳар ким ундан маълум шартлар асосида (муаллифининг шахсий ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда) текин ва рухсатсиз фойдаланишга ҳақли бўлади;
е) интеллектуал мулк ҳуқуқи объектлари ғоя кўринишида бўлган ҳолларда уларни ашёлар сингари эгаллаш мумкин эмаслиги, улардан бир вақтнинг ўзида чексиз доирадаги шахслар фойдалана олиш имкониятлари мавжудлиги сабабли бундай объектларга нисбатан мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишда виндикацион даъвони қўллаш (ФКнинг 228-моддаси) имконияти амалда мавжуд эмас;
ё) интеллектуал мулк ҳуқуқи объектларига нисбатан одатдаги мулк ҳуқуқи эмас, балки мутлақ ҳуқуқлар ҳақидаги қоидалар қўлланилади;
ж) интеллектуал мулк ҳуқуқининг амал қилиши, айни вақтда, маълум ҳудуд билан ҳам чегараланган бўлади. Масалан, ихтирога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан берилган патент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси билан хорижий давлатлар ўртасида тузилган икки томонлама шартномалар асосида белгиланган ҳудудлардагина амал қилади;
з) кўпгина интеллектуал мулк объектларига нисбатан уларнинг муаллифлари шахсий ҳуқуқлари мавжуд бўлиб, бу объектлардан фойдаланувчилар ушбу шахсий ҳуқуқларга риоя қилишлари лозим бўлади.
Интеллектуал мулк объектлари бу объектларнинг қандай фаолият маҳсули эканлиги, уларнинг ҳуқуқий режими ва шу каби хусусиятларига қараб қуйидаги турларга бўлинади:
1.Интеллектуал фаолият натижалари. Интеллектуал фаолият ўз характерига кўра, инсон фаолиятининг энг олий кўриниши — ижодий фаолият бўлиб ҳисобланади. Инсон ижодий фаолияти бу фаолиятни амалга ошириш усул-воситалари, фаолият маҳсуллари хусусиятларига кўра инсон онгли фаолиятининг бошқа кўриниши одатдаги, кундалик фаолиятидан фарқ қилади.
Одатдаги, кундалик фаолият доимий, такрорланиб турувчи фаолият бўлиб, бунда фаолият ўзи ҳам, ундан вужудга келадиган натижалар ҳам илгаридан маълум бўлади. Шу сабабли ҳам одатдаги, кундалик фаолият репродуктив фаолият ҳисобланиб, бунда тайёр ўй-фикрлар формал мантиқ ёки бошқа қонун-қоидалар асосида қайтадан, такрорий ҳосил бўлади. Ижодий фаолият (ақлий, тафаккур) интеллектуал фаолият бўлиб, унинг натижасида фан, техника, адабиёт ёки санъат соҳасида янги, ижодий мустақил маҳсул яратилади (қаранг: Ионас В. Л., Произведение творчества в гражданском праве. -М.: 1972 й. 9-10 б).
Интеллектуал фаолият натижаларига қуйидагилар киради:
- фан, адабиёт, санъат асарлари, ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёки эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари;
- электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлар ва маълумотлар базалари;
- ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари;
- селекция ютуқлари;
- ошкор этилмаган ахборот, шу жумладан, ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хау).
Фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг товарлари, ишлар ва хизматларнинг хусусий унсурларини акс эттирувчи воситаларга нисбатан бўлган ҳуқуқларга ҳам мутлақ ҳуқуқлар ҳақидаги қоидалар қўлланилади. Маълумки, фуқаролик муомаласида турли-туман субъектлар иштирок этади, айни вақтда, муомалада хилма-хил маҳсулотлар ва хизматлар ҳам ҳаракатда бўлади. Мана шундай шароитда субъектлар, улар ишлаб чиқарган товарлар ва кўрсатадиган хизматлар алоҳида фарқлаш белгиларига эга бўлиши шарт, акс ҳолда, турли англашилмовчилик, қийинчиликлар вужудга келиши мумкин. Ана шундай фарқлаш белгилари фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг ўзларини, унинг ишлаб чиқарган товарлари, бажарадиган ишлари ва кўрсатадиган хизматларининг хусусий аломатларини (индивидуал белгиларини) акс эттирувчи воситалар бўлиб ҳисобланади. Бундай алоҳида фарқлаш белгиларининг қуйидаги турлари мавжуд:
- фирма номлари;
- товар (хизмат кўрсатиш) белгилари;
- товар чиқарилган жой номи.
Маълумки, интеллектуал фаолият энг тез ривожланиб бораётган динамик жараён ҳисобланади. Юксак суръатлар билан давом этаётган бу жараён натижасида интеллектуал фаолиятнинг янги маҳсуллари вужудга келмоқда. Масалан, топограл ва интеграл микросхемалар. Гарчи улар мавжуд қонунларда назарда тутилмаган бўлса ҳам уларга нисбатан ФКнинг 1031-моддаси 3-қисмида белгиланган қоидалар мазмунидан келиб чиқиб, интеллектуал мулк ҳақидаги қоидалар қўлланилади. Фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг улар ишлаб чиқараётган товарлар, кўрсатадиган хизматларининг янги фарқлаш белгилари вужудга келиши мумкин ва бундай ҳолда ҳам уларга нисбатан ФКнинг IV бўлимига тегишли қоидалар қўлланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |