Деликт жавобгарлигининг шартлари. Зарар етказилганда фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик белгиланиши учун зарарнинг мавжуд бўлиши билан бирга, қонун ҳужжатларида белгиланган шартлар ҳам мавжуд бўлиши талаб этилади. Бундай шартлар бош деликт тамойилидан келиб чиқади ва қонун ҳужжатларида бошқача ҳолат назарда тутилмаган бўлса, зарар етказишнинг барча ҳолатлари учун татбиқ этилади. Деликт жавобгарлиги (зарар етказганлик учун фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик) нинг шартлари – бу ҳуқуқбузарга тегишли жавобгарлик чораси – санкцияни белгилашда, яъни, уни зарарни қоплаш мажбуриятини бажаришга мажбур қилишда амал қилиниши лозим бўлган умум мажбурий талаблардир.
Деликт мажбуриятлар ва улардан келиб чиқадиган деликт жавобгарлик қуйидаги шартлар асосида вужудга келади:
зарар етказган шахс хатти-ҳаракати ҳуқуққа хилофлиги;
зарар етказувчининг ҳуқуққа хилоф ҳатти-ҳаракати ва етказилган зарар ўртасидаги сабабий боғланиш;
- зарар етказган шахснинг айби.
Зарар етказувчи ҳатти-ҳаракатининг ҳуқуққа хилофлиги. Деликт жавобгарлигининг шарти сифатида зарар етказувчи шахс ҳаракатининг ҳуқуққа хилофлиги ФКда қонуний ҳаракатлар туфайли етказилган зарар қонунда назарда тутилган ҳолларда тўланиши лозимлиги қоидасидан келиб чиқади (ФК 985-моддасининг 55-қисми). Бунга мувофиқ, ғайриқонуний ҳаракат туфайли етказилган зарар тўлиқ қопланиши лозим.
Умумий қоидага кўра шахснинг ҳаракатлари ҳуқуқ нормаларида белгиланган қиодаларни ҳамда бир вақтнинг ўзида муайян шахснинг субъектив ҳуқуқларини бузса ҳуқуққа хилоф ҳисобланади. Масалан, фуқаро катта тезликда югуриб кета туриб, қаршисидан келаётган кишини туртиб кетди, - дейлик натижада иккинчи фуқаронинг йиқилиб тушиши натижасида унинг қўли синди, яъни соғлиғига жиддий зарар етказилди. Бунда инсон ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш тўғрисидаги объектив ҳуқуқ нормаси ҳамда у билан бир вақтда жабрланувчининг соғлиққа нисбатан субъектив ҳуқуқи бузилди.
Деликт мажбуриятларида зарар етказувчи ҳаракатнинг ҳуқуққа хилофлиги презумпцияси амал қилади. Бу қоида бош деликт тамойилига таянади. Мазкур тамойилга мувофиқ, шахсларнинг мол-мулкига ёки фуқаронинг соғлиғига етказилган ҳар қандай зарар қонун ҳужжатларида бошқача ҳолат белгиланмаган бўлса, ҳуқуққа хилоф деб баҳоланиши лозим. Шу билан бирга жабрланувчига зарар етказувчи ҳаракатининг ҳуқуққа хилофлигини исботлаш мажбурият юклатилмайди, аксинча зарар етказувчининг ҳаракати ҳуқуққа хилоф тахмин қилинади. Яъни, зарар етказувчи ўз ҳаракатларини ҳуқуққа хилоф эмаслигини исботламагунича, унинг ҳаракати ҳуқуққа хилоф – деб ҳисобланади.
Маълумки, ҳуқуққа хилоф хулқ атвор одатда шахсларнинг мулкий манфаатлари доирасидаги йўқотишларга сабаб бўладиган фаол ҳаракатлар орқали намоён бўлади. Шу билан бирга шахсий номулкий манфаатлар соҳасида ҳам фаол ҳаракатлар орқали ҳуқуққа хилоф хулқ-атвор намоён бўлиши мумкин. Масалан, фуқаронинг номга бўлган ҳуқуқидан ғайриқонуний тарзда фойдаланиш натижасида етказилган зарар қопланиши лозим (ФКнинг 20-моддаси).
Зарар етказувчи хулқ-атворининг ҳуқуққа хилофлиги нафақат фаол ҳаракат орқали, балки ҳаракатсизлик натижасида ҳам намоён бўлиши мумкин. Бунда ҳаракатсизлик деганда, шахснинг муайян ҳаракатни амалга ошириши керак бўлганда, унинг шу ҳаракатни бажармаганлиги тушунилади. Масалан, корхонада меҳнат ва фуқаролар хавфсизлигини таъминланмаслиги натижасида баъзи ходимларнинг заҳарли газдан заҳарланиши, корхона маъмуриятини ҳуқуққа хилоф ҳаракатсизлиги натижасида баҳоланади.
Ҳаётда зарар етказилган бўлсада, зарар етказувчининг ҳаракатлари ҳуқуққа хилоф бўлмаган вазиятлар ҳам кўплаб учрайди. Умумий қоидага кўра, қонуний ҳаракатлар натижасида етказилган зарар қопланмайди. Бироқ мазкур қоидага истосно сифатида ФКнинг 985-моддаси 5-қисмида қонуний ҳаракатлар туфайли етказилган зарар қонунда назарда тутилган ҳолларда тўланиши лозимлиги белгиланган.
Зарар етказувчи ҳаракати шахснинг хизмат вазифасини бажариши ёки қонун ҳужжатларида ёхуд бошқа касбий йўриқномада белгиланган доирада амалга оширилган бўлса қонуний ҳисобланади. Масалан, ўт ўчирувчилар ёнғинни ўчириш вақтида ёнғин атрофидаги мол-мулкка ҳам зарар етказишлари мумкин. Бунда агар ўт ўчирувчи белгиланган қоидаларга амал қилган ҳолда ҳаракат қилган бўлсалар етказилган зарар қопланмайди. Шу билан бирга муайян ҳудудда эпедимия, эпизотия тарқалганда санэпидстанция ходимлари томонидан уй ҳайвонларининг йўқ қилиб ташланиши, агар бу касалликларнинг олдини олишга хизмат қилса қонуний ҳаракат сифатида эътироф этилади ва етказилган зарар қопланмайди.
Жабрланувчининг розилиги билан амалга оширилган ҳаракат натижасида зарар етказилса, бундай ҳаракат ҳам ҳуқуққа хилоф ҳисобланмайди. Бунда жабрланувчининг муомалага лаёқатли бўлиши ва ўз хоҳишини эркни ифодаланган бўлиши талаб этилади (масалан ички аъзоларни трасплентация қилиш, қон топшириши ва шу кабилар). Шу билан бирга жабрланувчининг хоҳиши ҳам қонуний бўлиши шарт. Агар фуқаро ихтиёрий равишда муайян дори воситасида ўзини ўлдиришни тиббиёт ходимларидан сўраса, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, бундай талабни амалга ошириш ғайриқонуний ҳисобланади. Эфтаназия (ўз хоҳишига кўра ўлимни танлаш) ҳуқуқи нидерландияда шахсий ҳуқуқ сифатида мустаҳкамлаб қўйилган, аммо бундай ҳуқуқни Ўзбекистонда эътироф этиш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, диний қадриятларга, ахлоқий негизларга мутлақо зиддир65.
Зарарнинг қонуний асосларда етказилиши мумкинлигининг кенг тарқалган ҳолати бу зарурий мудофаа ҳолатида етказилган зарар ҳисобланади. ФКнинг 987-моддасига мувофиқ, зарурий мудофаа ҳолатида етказилган зарар, агар бунда мудофаа чегарасидан чиқилмаган бўлса, тўланмайди. Агар ғайриқонуний тажовуздан ҳимояланиш пайтида ҳимояланувчи учинчи шахсга зарар етказган бўлса, бу зарар тажовуз қилган шахс томонидан тўланиши лозим. Шахсга унинг жиноий ҳаракатларининг пайини қирқиш ёхуд уни ушлаш ва тегишли органларга олиб бориш сабабли етказилган зарар тўланмайди. Зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб етказилган зарарлар эса умумий асосларда қопланади. Бироқ, бунда зарар етказилишига сабаб бўлган жабрланувчи айбининг даражаси ва зарар етказувчининг айби даражаси ҳисобга олиниши лозим. Бу ҳолатда ҳуқуққа хилофликнинг мавжуд эмаслиги деликт мажбуриятлари вужудга келишини ва унга мос равишда етказилган зарар учун жавобгарлик вужудга келишини истисно этади.
Бироқ, ФКда қонуний ҳаракат натижасида зарар етказганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи ҳолат ҳам белгиланган. ФКнинг 988-моддасида белгиланган охирги зарурат ҳолатида етказилган зарар учун жавобгарлик белгиланган. Мазкур моддага мувофиқ, охирги зарурат ҳолатида етказилган зарар, яъни зарар етказган шахснинг ўзига ёки бошқа шахсларга таҳдид солган хавфни бартараф этиш учун охирги зарурат ҳолатида етказилган зарар, агар бу хавф мазкур ҳолатларда бошқа воситалар билан бартараф этилиши мумкин бўлмаса, зарар етказган шахс томонидан тўланиши лозим.
Бундай зарар етказилган ҳолатларни ҳисобга олиб, суд уни тўлаш мажбуриятини зарарни етказган шахс учинчи шахснинг манфаатини кўзлаб ҳаракат қилган бўлса, ўша шахсга юклаши ёхуд бу учинчи шахсни ҳам, зарар етказган шахсни ҳам зарарни тўлашдан тўлиқ ёки қисман озод қилиши мумкин.
Бироқ шу ўринда таъкидлаш лозимки, охирги зарурат ва зарурий мудофаа ҳолатида етказилган зарар деликт жавобгарлиги ҳисобланмайди66. Чунки, бунда зарар етказувчи ҳаракатнинг ҳуқуққа хилофлиги мавжуд эмас ва унинг хулқ-атвори салбий баҳоланмаслиги лозим. Шунинг учун ҳам ФКнинг 987 ва 988 моддаларида «жавобгарлик» атамалари қўлланилмайди ва бу ўринда ФК ўзига хос «нейтрал» ҳолатни ифодалайди.
Зарар етказувчининг ҳуқуққа хилоф ҳатти-ҳаракати ва етказилган зарар ўртасидаги сабабий боғланиш. Сабабий боғланишининг мавжудилиги деликт жавобгарлигининг асосий шартларидан бири ҳисобланади. Агар шахс муайян зарар етказмаган бўлса у айбдор бўлмайди. Зеро, қонун зарар уни етказган шахс томонидан қопланишини назарада тутади (ФКнинг 985-моддаси).
Таъкидлаш лозимки, сабабий боғланиш фалсафий унсур ҳисобланади. Сабабий боғланиш табиат ва жамиятдаги объектив мавжуд алоқадорликларни ифодалайди. Бунда бир воқелик сабаб сифатида намоён бўлса, иккинчиси бу сабаблар оқибати сифатида ифодаланади.
Сабаб билан оқибат ўртасида узвий алоқа мавжуд. Сабаб доимо оқибатдан олдин пайдо бўлади, негаки, оқибат сабаб таъсирининг натижасидир. Бундан келиб чиқадики, башарти, сабаб у ёки бу натижа (зиён етказиш) юзага келишидан олдин пайдо бўлган бўлсагина, шахснинг қонунга хилоф ҳаракатини келтириб чиқариши мумкин. Оқибат эса доимо сабаб таъсирининг натижасидир. Бунинг маъноси шундаки, ҳуқуқбузарлик доимо ана шу ҳуқуқбузарликка (сабабга) хос муайян ҳуқуқий оқибатлар (оқибат) келтириб чиқарилади67.
Етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги муайян ишни кўриб чиқишда юридик аҳамиятга эга бўлган сабабий боғланиш масаласини ҳал қилишда қийинчилик туғилганда, бу натижа (мол-мулкнинг шикасланиши ёки нобуд бўлиши, инсоннинг ҳаётига тажовуз қилиниши шу кабилар) деярли ҳар доим бирхил бўлмаган қатор ҳолатлар - сабаблар натижаси эканлигидан келиб чиқиш лозим. Бунда асосий вазифа уларнинг орасидан асосий, ҳал қилувчи ва бош ҳолатни ажратиб олиш ҳисобланади. Оқибатни вужудга келтирувчи иккиламчи, тасодифий, жузъий шартлар ҳисобга олинмаслиги лозим. Мазкур вазифани ҳал этишда суьялар нафақат ўз билим ва тажрибаларига таянадилар, балки фан, техника, ишлаб чиқариш ва шу каби тегишли соҳанининг мутахассислари бўлган экспертларни ҳам жалб этадилар. Турли воқеликлардаги сабабий боғланиш ўзига хосдир. Зеро, бунда ҳар бир натижа ўзининг сабабига эга. Сабабий боғланишни аниқлашда тахминлар фаразлар, тайёр гепотизалар бўлиши мумкин эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |