5-§. ЛИЗИНГ
“Лизинг” термини инглиз тилидан келиб чиққан (leasing) ижарага бериш ва олишни билдиради. Лизингнинг Европада 1960 йилларда тез тарқалганлигининг сабабларидан бири бўлиб, бундай шаклдаги муносабатларнинг реал ҳаётга юқори даражада мослашувчанлиги ҳисобланади – у турли вазифаларни ҳал этиш, ҳамкорларнинг турлича мақсадларига биргаликда эришиш учун ва турли иқтисодий шароитларда ишлашга мос келади.
Лизингдан ҳам миллий ва ҳам ҳалқаро даражада кенг фойдаланиш молиявий лизинг тўғрисида ҳалқаро Конвенция ишлаб чиқилишига олиб келган.
1988 йил 28 майда (2002 йил 29 январдаги таҳрир) Оттавада ҳалқаро молиявий лизинг тўғрисида УНИДРУА Конвенцияси қабул қилинди ва унга Ўзбекистон Республикаси .Олий Мажлисининг 2000 йил 26 майдаги №84 -11 сонли Қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси қўшилган.
Лизинг шартномасига (молиявий лизинг) ФК барча турдаги ижара муносабатларини тартибга солувчи умумий нормалари, агарда ФК лизинг тўғрисидаги нормаларида бошқача белгиланмаган бўлса, қўлланилади.
ФК лизинг шартномаси тўғрисидаги нормаларидан ташқари, кўрсатилган муносабатлар 1999 йил 14 апрелдаги “Лизинг тўғрисида”ги Қонуни билан ҳам тартибга солинади.
“Лизинг тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, лизинг – молиявий ижаранинг алоҳида тури бўлиб, бунда тарафлардан бири (лизинг берувчи) бошқа тарафнинг топшириғига биноан (лизинг олувчи) учинчи тарафдан (сотувчи) лизинг шартномаси билан келишилган мол-мулкни қўлга киритади ва уни лизинг олувчига бундай шартнома билан белгиланган шартларда тўлов эвазига унинг эгалиги ва фойдаланишига ўн икки ойдан ошган муддатга тақдим этади. Бунда лизинг шартномаси қуйидаги талаблардан бирига жавоб бериши керак.
- лизинг шартномаси муддати тугаганидан кейин лизинг объекти лизинг олувчининг эгалигига ўтади;
- лизинг шартномаси муддати лизинг объекти хизмати муддатининг 80 фоизидан ошиши ёки лизинг объектининг қолдиқ қиймати лизинг шартномаси тугагандан кейин унинг бошланғич қийматидан 20 фоизидан кам бўлиши керак;
- лизинг шартномаси муддати тугаганидан кейин лизинг олувчи лизинг объектини лизинг объекти қийматининг бозор баҳосидан кам нархда сотиб олиш ҳуқуқини бундай ҳуқуқни амалга ошириш кунига нисбатан олади;
- лизинг тўловларининг лизинг шартномаси даври учун жорий дисконт қиймати лизинг объектининг лизингга бериш вақтига нисбатан жорий қийматидан 90 фоиз ошиқ бўлади.
Лизинг шартномаси уч тарафлама (сотувчи – лизинг берувчи – лизинг олувчи) ёки икки тарафлама (лизинг берувчи – лизинг олувчи) бўлиши мумкин.
Икки тарафлама лизинг шартномаси тузишда лизинг берувчи билан сотувчи ўртасида қўшимча равишда лизинг объектининг олди-сотди шартномаси тузилади.
Лизинг шартномасини тузишнинг ташаббускори сифатида лизинг олувчи (ижарага олувчи) ҳисобланади ва у лизинг берувчига (ижарага берувчига) қайси мол-мулкка эҳтиёжи борлигини, шунингдек бу мол-мулкнинг сотувчисини белгилайди. Тарафлар бошқача ҳам келишишлари мумкин. Ким сотувчини аниқлаши масаласи – лизинг берувчими ёки лизинг олувчими турли ҳуқуқий оқибатлари бўлиши мумкинлиги жиҳатидан муҳим бўлиб, ФК 598–моддасида бу ҳақда сўз юритилади.
Лизинг қатнашчилари ролларининг бундай тақсимланишини шундай тушунтириш мумкинки, лизинг келишувларининг турли хиллигига қарамасдан лизинг берувчининг роли қоида тариқасида битимни молиялаш билан чекланилади. Лизинг берувчи кўпчилик ҳолатларда кейинчалик лизинг олувчига вақтинчалик фойдаланишга бериладиган мол-мулкни фақат нархини тўлайди ва мол-мулк билан боғлиқ ҳеч қандай техник ва бошқа муаммоларни ҳал қилмайди.
Шуни айтиш керакки, лизингнинг (ФК 589–моддаси 4-қисми, “Лизинг тўғрисида”ги Қонуннинг 5–моддаси) шаклларидан яна бири сифатида қайтариладиган лизинг кўпчилик мамлакатларнинг тажрибасида кенг ишлатилмоқда. Қайтариладиган лизингда мол-мулк эгаси уни лизинг компаниясига сотади ва бир вақтнинг ўзида шу мулкнинг ўзини вақтинчалик фойдаланишга олади.
Бундай шартнома шартлари билан эгалик ва фойдаланишга аниқланган муддат 12 ойдан юқори бўлиши шарт. Шундай қилиб, сотувчи ва лизинг олувчи айнан бир шахснинг ўзи бўлиб қолади. Бундай операцияларни амалга оширишнинг заруриятининг келиб чиқиши шундан иборатки, эга у ёки бу мол-мулкни сақлай олмайди, шунинг билан биргаликда ундан маҳрум бўлишни ҳам хохламайди.
“Лизинг тўғрисида”ги Қонуннинг 9–моддасига мувофиқ лизинг шартномаси ёзма равишда тузилади ва шартноманинг бирон бир тарафи талаби бўйича нотариал гувоҳлантирилиши керак, бундан ташқари, қонун томонидан лизинг объекти бўлиб ҳисобланган мол-мулк билан бўлган битимлар нотариал гувоҳлантирилиши талаб қилинган ҳолатларда хам.
“Лизинг тўғрисида”ги Қонуннинг 7–моддасига мувофиқ давлат органларида рўйхатдан ўтказилиши талаб этиладиган лизинг объектлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лизинг берувчининг ёки лизинг олувчининг номига расмийлаштирилади.
Лизинг шартномасининг муҳим шартлари қуйидагилардир:
-Лизинг объектининг таърифи (лизинг обектининг сони, сифати, рўйхати, контракт қиймати ва бошқа параметрлари) ва шартноманинг умумий пул қиймат кўрсаткичи;
-тарафларнинг лизинг объектини олиш ва топшириш билан боғлиқ мажбуриятлари;
-лизинг объектини топшириш шу жумладан, лизинг объектини етказиш, монтаж қилиш ва фойдаланишга киритиш тартиби;
-лизинг тўловларини тўлаш шартлари, қийматлари, муддатлари ва тартиби;
-тарафларнинг лизинг объектини ишлатиш, сақлаш, ушлаб туриш ва таъмирлаш мажбуриятлари;
-шартноманинг амал қилиш муддати;
-лизинг объектини ва сотувчини танлашга жавобгар томон кўрсатмаси.
Тарафларнинг келишуви бўйича лизинг шартномасига қуйидаги шартлар киритилиши мумкин:
-лизинг объектини сотиб олиш тартиби ва муддатлари; лизинг шартномасини ўзгартириш ва бекор қилиш;
-лизинг объектини суғурталаш;
-форс-мажор ҳолатлари;
-лизинга берувчининг лизинг объектидан фойдаланиш мумкин бўлмайдиган қўшимча хизматларини кўрсатиш;
-лизинг субъектлари томонидан лизинг шартномаси шартларига риоя қилиш устидан назорат қилиш тартиби.
Қонун ҳужжатларига мувофиқ лизинг шартномасига бошқа шартлар ҳам киритилиши мумкин. Лизинг шартномасини ўзгартириш ва бекор қилиш агар қонун ҳужжатларида ва шартномада бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, тарафлар келишуви билан амалга оширилиши мумкин (“Лизинг тўғрисида”ги Қонуннинг 10–моддаси).
Лизингнинг асосий хусусияти шундаки, лизинг берувчи томонидан фақат ижарага бериш мақсадида олинган мол-мулк ижарага берилади.
Одатда, лизинг шартномаси муддати қурилма хизмати муддатига тенг бўлади. Лизинг муддати тугагандан кейин шартнома шартларига ёки қонун нормаларига мувофиқ ижарага олувчи мол-мулкни ўз эгалигига олишга ( ФК 556–моддаси), шартномани янада имтиёзли шартларда тиклашга ёхуд мол-мулкни лизинг берувчига қайтаришга ҳақлидир.
Лизинг шартномаси учта шахсни боғлайди: мол-мулк сотувчисини (тайёрловчи), уни қўлга киритувчини (лизинг берувчи) ва лизинг олувчини. Аммо лизинг иштирокчилари ўзаро битта эмас, қоида бўйича иккитта шартномалар билан боғлиқдирлар. Лизинг берувчи сотувчи билан лизинг олувчи танлаган мол-мулкни олиш-сотиш шартномасини, лизинг олувчи билан эса лизинг шартномасини (молия ижараси) тузади.
Ҳар иккала шартнома ҳам ўзаро боғлиқдир: қоида тариқасида сотувчини лизинг берувчи эмас, лизинг олувчи танлайди ва олди-сотди шартномасининг барча шартларини келишади. Лизинг олувчи олди-сотди шартномасининг предмети, унинг баҳоси, муддати ва етказиш жойини шартлашади.
Лизинг олувчи мол-мулк сотувчиси билан шартномавий муносабатларда бўлмасада, аммо унга нисбатан бир қатор ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. (ФК 592, 598–моддалари).
Молиявий лизинг учун ижара муддатини қурилма хизмати муддатига яқинлаштириш хусусиятлидир. Ижара муддати тугагандан кейин шартнома шартларига ёки қонун нормаларига мувофиқ ижарага олувчи мол-мулкни ўз эгалигига олишга, шартномани янада имтиёзли шартларда тиклашга ёхуд мол-мулкни лизинг берувчига қайтаришга ҳақлидир.
Оператив лизинг ижарага берувчига шартноманинг амал қилиш муддати тугаганига қадар қурилманинг бутун қийматини олишга имкон бермайди, чунки, у ижарага қисқа давр учун берилади.
Ушбу қурилмани фойдаланишга қайтадан топшириш эса ижара шартномаси бўйича мумкин, чунки лизинг учун хусусиятли бўлган- ижарага берувчи томонидан ижарага олувчига зарур бўлган махсус қурилмани олиш элементи мавжуд эмас.
Оператив лизинг револьвер лизинг амалга оширилиши шаклида мумкин бўлиб, ижарага олувчига техник кетма-кетликда турли ускуналар зарур бўлади. Бундай ҳолатларда шартнома шартларига мувофиқ ижарага олувчи маълум муддат тугагандан кейин ижарага олинган мол-мулкни лизингнинг бошқа объектига алмаштиришга ҳақлидир. Амалиётда молиявий ижара шартномаларида хар хил турдаги лизинг элементлари учраши мумкин.
Лизинг шартномаси предмети бўлиши мумкин бўлган ашёлар доираси етарлича кенгдир. Бошқа ижара турлари каби лизинг объекти, истеъмол қилинмайдиган, яъни фойдаланиш жараёнида ўзининг табиий хусусиятларини йўқотмайдиган ҳар қандай ашё бўлиши мумкин.
“Лизинг тўғрисида”ги Қонуннинг 3–моддаси лизинг объекти сифатида тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган, истеъмол қилинмайдиган ҳар қандай ашёлар, шу жумладан корхоналар, мулкий комплекслар, бинолар, иншоотлар, ускуналар, транспорт воситалари хамда бошқа кўчар ва кўчмас мулкни белгилайди.
Ер участкалари, ер ости бойликлари жойлашган участкалар ва бошқа алоҳида табиий объектлар ижара шартномасининг предмети бўлиши мумкин, ( ФК 537–модда) аммо молиявий ижарага берилиши мумкин эмас. (“Лизинг тўғрисида”ги Қонуннинг 3–моддаси 2-қисми).
Лизинг объекти лизинг олувчининг балансида қайд этилиши керак.
Давлат органларида рўйхатдан ўтказилиши талаб қилинадиган лизинг объектлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лизинг берувчи ёки лизинг олувчининг номига қайд этилади.
“Лизинг тўғрисида”ги Қонуннинг 18–моддаси билан лизинг объектини суғурталаш назарда тутилиб, унга кўра нобуд бўлиш, йўқолиш, ўғирлаш, шикастланиш, бузилиш ва барвақт эскириш хавфи билан боғлиқ бўлган тарздаги ҳар қандай етказилиши мумкин бўлган зарардан лизинг объектини суғурталаш тарафларнинг келишувига биноан амалга оширилиши мумкин. Бундай келишув бўлмаган тақдирда лизинг олувчи лизинг объекти суғуртаси учун жавобгар бўлади.
Лизинг объекти билан боғлиқ барча хавфлар, шу жумладан унинг тасодифан йўқолиши (нобуд бўлиши) ёки тасодифан бузилиши, шунингдек ўғирланиши, барвақт эскириши, шикастланиш хавфлари лизинг шартномасида назарда тутилган тартибда лизинг олувчига ўтади. Хавфлар лизинг олувчига ўтган дақиқадан эътиборан лизинг олувчи лизинг объекти ҳар қандай тарзда йўқотилиши ёки шикастланиши учун лизинг шартномаси амал қиладиган муддат давомида жавобгар бўлади.
Қонуннинг 19–моддасидаги қоидага кўра, агар хавфлар лизинг берувчидан лизинг олувчига ўтадиган вақт лизинг шартномасида белгиланган бўлмаса, хавфлар лизинг олувчига у лизинг объектини олган дақиқадан ўтади.
Лизинг шартномаси бекор қилинганда лизинг олувчи лизинг объектини лизинг берувчидан қандай ҳолатда олган бўлса, шундай ҳолатда нормал эскириш ва тарафларнинг келишувида шартлашилган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, қайтариши шарт, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Қонунга мувофиқ учинчи шахс ундирувни лизинг объектига қаратганда лизинг олувчи лизинг шартномасини бекор қилиш ва лизинг объектини мулк қилиб олиш билан бир пайтда лизинг шартномаси бўйича тегишли лизинг тўловларининг қолдиғини бир йўла тўлашга ҳақли.
Лизинг унинг учта субъекти иштирок этадиган тўғридан-тўғри шаклда ҳам, лизинг олувчи ва сотувчи бўлиб бир шахснинг ўзи иштирок этадиган қайтариладиган шаклда хам амалга оширилиши мумкин.
Лизинг шартномасининг муҳим элементи бўлиб, лизинг тўловларини тўлаш қоидалари ҳисобланади.“Лизинг тўғрисида”ги Қонуннинг 22–моддасига мувофиқ, лизинг тўловлари шартноманинг бутун амал қилиш муддатига тақсимланади ва бўлиб-бўлиб тўланади. Лизинг тўловларининг миқдорлари, тартиби ва даврийлиги лизинг шартномаси билан ўрнатилади. Одатда лизинг олувчининг лизинг тўловларини тўлаш бўйича мажбурияти агар лизинг шартномасида бошқача белгиланган бўлмаса, лизинг предметидан фойдаланиш бошланган вақтдан келиб чиқади.
ФК 595–модданинг иккинчи қисми билан қонун ҳужжатларида лизинг шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда лизинг олувчи илгари бўнак сифатида тўлаган пулларини, лизинг объектидан фойдаланишдан олган фойданинг қийматини чегириб ташлаб, ўзига қайтариб беришга ҳақлилиги белгиланган.
Ўз навбатида ФК 597–моддаси учинчи қисмига мувофиқ, лизинг олувчи лизинг тўловларини тўлаш мажбуриятларини бажармаган тақдирда, лизинг берувчи ўзига тегиши керак бўлган тўловларни фоизи билан олиши мумкин.
Қонуннинг 11–моддаси 3-қисмида лизинг берувчи лизинг олувчи учун мол-мулк олаётганда мол-мулк муайян шахсга лизингга беришга мўлжалланганлигини сотувчига маълум қилиши, лизинг объектини, агар шартномада шундай шартлар назарда тутилган бўлса, сақлаб туриш, таъмирлаш ва унга техник хиизмат кўрсатиш бўйича лизинг олувчи олдида ўз зиммасига олинган мажбуриятларни ўз вақтида ва тўлиқ хажмда бажариши шартлиги ҳақида хабардор қилишга мажбур.
Қонуннинг 14–моддаси 3-қисмида лизинг объекти олди-сотди шартномасини тузиш пайтида лизинг берувчи лизинг объектини қайси мақсадда олинаётганлигидан сотувчини олдиндан хабардор қилиши, буни олди-сотди шартномасида қайд этиши шартлиги ёзилган.
Шартнома объекти ҳисобланган мол-мулк лизинг шартномасида кўрсатилган муддатда, агар бундай муддат белгиланмаган бўлса, муайян оқилона муддатда лизинг олувчига топширилади. Бу шартнинг бузилиши, агар лизинг берувчи жавоб берадиган ҳолатлардан келиб чиққан бўлса, лизинг олувчига лизинг шартномасини бекор қилиш ва умумий қоидалар билан ҳисоблаб чиқиладиган (ФК 14, 324–моддалари ва 21-боб қоидалари) етказилган зарарларни қоплаш ҳуқуқини беради. Бунда лизинг берувчи сотувчининг камчилигига худди ўзиникидек жавоб беради.
“Лизинг тўғрисида”ги Қонуннинг ушбу моддаси 3-қисмида лизинг берувчи учун бир қатор мажбуриятлар назарда тутилиб, хусусан у:
Лизинг шартномаси бўйича мол-мулкни олиши ва уни лизинг олувчига эгалик қилиш ҳамда фойдаланиш учун бериши;
Лизинг олувчи учун мол-мулк олаётганда мол-мулк муайян шахсга лизингга беришга мўлжалланганлигини сотувчига маълум қилиши;
Лизинг объектини, агар шартномада шундай шартлар назарда тутилган бўлса, сақлаб туриш, таъмирлаш ва унга техник хизмат кўрсатиш бўйича лизинг олувчи олдида ўз зиммасига олинган мажбуриятларни ўз вақтида ва тўлиқ хажмда бажариши шарт.
Сотувчига нисбатан лизинг берувчи ва лизинг олувчи лизинг объектини олди-сотди шартномаси бўйича биргаликдаги кредитор сифатида чиқишади, бу тўғрида қонуннинг 24–моддаси ва ФК 598–моддаси 2-қисмида таъкидланган.
Лизинг берувчи лизинг объектининг лизинг шартномасини тузишда қайд этиб ўтилган камчиликлари учун жавоб бермайди.
“Лизинг тўғрисида”ги Қонуннинг 12–моддаси қоидаларига мувофиқ лизинг олувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
-лизинг объектини мустақил аниқлаш ва сотувчини танлаш;
-лизинг берувчидан лизинг шартномасини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик туфайли етказилган зарар қопланишини талаб қилиш;
-сотувчига лизинг объекти олди-сотди шартномасидан келиб чиқувчи талабларни, жумладан унинг сифати ва бутлиги, топшириш муддати, кафолатли таъмирлаши ва ҳ.к. хусусида талаблар қўйиш;
-лизинг объекти етказиб берилмаган, тўлиқ етказиб берилмаган, етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган ёкт сифати талаб даражасида бўлмаган лизинг объекти етказиб берилган тақдирда агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, лизинг тўловларини тўлашни тўхтатиб туриш, етказиб бериладиган лизинг объектидан воз кечиш ва лизинг шартномасини бекор қилинишини талаб қилиш.
Қонун ҳужжатлари билан лизинг олувчига агар лизинг шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда, ўзи вақти-вақти билан аванс сифатида тўлаган тўловларни лизинг объектидан фойдаланиш даврида олган фойданинг қийматини чегириб ташлаб, ўзига қайтариб беришни талаб қилиш ҳуқуқи берилган.
Қонун ҳужжатлари лизинг олувчига лизинг объектини учинчи шахсга қўшимча лизингга бериш ҳуқуқини бераётиб бунинг учун лизинг берувчининг розилигини олишни ва лизинг олувчи олдида лизинг шартномаси бўйича жавобгарлигини белгилайди.
Бундан ташқари “Лизинг тўғрисида”ги Қонуннинг 6–моддасига мувофиқ лизинг берувчининг розилиги ёзма шаклда бўлиши керак. “Лизинг тўғрисида”ги Қонун билан яна шу нарса ўрнатилганки, қўшимча лизинг шартномасида ушбу қонуннинг мазкур қоидалари қўшимча лизинг берувчига, қўшимча лизинг олувчига ва сотувчига тегишли лизинг берувчига, лизинг олувчига ва сотувчига нисбатан мувофиқ равишда қўлланилади. Қўшимча лизинг шартномасини амал қилиш муддати лизинг шартномасининг амал қилиш муддатидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Қўшимча лизинга қўшимча ижара тўғрисидаги умумий қоида (ФК 546–модда) қўлланилиб, унга кўра ижарага олувчи қўшимча ижара шартномасини ижара муддати доирасида ижарага берувчининг агар у қўшимча ижарага розилик бериб, лекин унинг чекланган муддатини келишмаган бўлса, қўшимча розилигисиз тиклаш ҳуқуқига эга.
“Лизинг тўғрисида”ги Қонуннинг12–моддаси қоидаларига мувофиқ лизинг олувчи қуйидаги мажбуриятларга эга:
Лизинг объектини қабул қилиб олиши ва ундан лозим даражада фойдаланиши, уни шартнома шартларига мувофиқ сақлаб туриши;
Лизинг тўловларини ўз вақтида тўлаб туриши, агар лизинг шартномасида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, лизинг объектини ўз ҳисобидан жорий таъмирлаши, уни сақлаб туришга доир бошқа харажатлар қилиши шарт.
Лизинг шартномаси бекор қилинганда лизинг олувчи лизинг объектини лизинг берувчидан қандай ҳолатда олган бўлса, шундай ҳолатда, нормал эскириш ва тарафларнинг келишувида шартлашилган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда қайтариши шарт.
Лизинг олувчининг лизинг объектини таъмирлаш ва унга техник хизмат кўрсатишга доир ҳуқуқи ва мажбурияти сотувчи билан алоҳида тузилган шартномада белгиланиши мумкин.
“Лизинг тўғрисида”ги Қонуннинг 24–модда учинчи қисмига мувофиқ лизинг берувчи ва лизинг олувчи сотувчига нисбатан лизинг объектининг олди-сотди шартномаси бўйича солидар кредиторлар сифатида иш кўрадилар.
Лизинг олувчининг айби билан лизинг объектининг йўқолиши ёки лизинг объектининг ўз вазифасига доир аҳамиятини йўқотиши, агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, лизинг олувчини лизинг берувчи олдидаги жавобгарлигини келтириб чиқаради.
Лизинг берувчи (“Лизинг тўғрисида”ги Қонуннинг 11–моддаси иккинчи қисми) лизинг олувчи лизинг шартномасини жиддий тарзда бузган тақдирда барча лизинг тўловларини муддатидан илгари тўлашни ёхуд етказилган зарарни ундириб ва (ёки) лизинг объектини қайтариб олган тарзда шартномани бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга.
“Лизинг тўғрисида”ги Қонуннинг 15–моддасида белгиланган қоидага кўра, лизинг олувчи банкрот бўлган, унинг мол-мулки хатга олинган ёки мусодара қилинган тақдирда, лизинг объекти лизинг олувчининг умумий мол-мулкидан ажратилади ва лизинг берувчига қайтарилиши лозим, у мол-мулкни ўз ҳоҳишига кўра тасарруф этиши мумкин. Лизинг берувчига зарарни қоплаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Лизинг берувчи лизинг олувчини хабардор қилган ҳолда лизинг шартномаси бўйича ўз ҳуқуқларидан тўлиқ ёки қисман учинчи шахслар фойдасига воз кечиши мумкин, лизинг олувчи эса лизинг берувчининг рухсати билан молиявий лизинг бўйича ўз ҳуқуқларидан тўлиқ ёки қисман учинч шахслар фойдасига воз кечиши мумкин.
Биринчи ҳолатда лизинг берувчи ўз ҳаракатлари ҳақида лизинг олувчини хабардор қилиши шарт бўлса, иккинчи ҳолатда эса лизинг олувчига шартнома бўйича ўз ҳуқуқларидан учинчи шахслар фойдасига воз кечиши учун лизинг берувчининг розилигини олиш зарур.
Мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқи лизинг шартномаси бўйича бошқа шахсга амалга оширилган битим ёки банкротлик келиб чиққанлиги натижасида ўтганда, лизинг шартномаси янги мулкдор учун ўз кучини сақлаб қолади, чунки янги мулкдорга ўтказилган мулкка нисбатан ҳуқуқ билан биргалликда ушбу мулкка нисбатан олдинги мулкдорнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам ўтказилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |