Назорат учун саволлар:
1. Фуқаролик муомаласи қатнашчиларини шахсийлаштирувчи воситалар тушунчаси.
2. Фирма номи сифатида рўйхатдан ўтказиладиган ва рўйхатдан ўтказилмайдиган белгилар ҳақида маълумот беринг.
3. Компрессор заводи Олим-А МЧЖ билан биргаликда фаолият юритиш тўғрисида келишиб олди. Тарафларнинг келишувига кўра, биргаликда электр двигателлар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқилиши лозим эди. Бироқ, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга айнан қайси юридик шахснинг товар белгиси қўлиши хусусида тарафлар келиша олмай қолдилар. Заводнинг талабига кўра, ишлаб чиқилаётган маҳсулотларга айнан Компрессор заводининг товр белгилари қўйилиши лозим. Зеро, у маҳсулотни ишлаб чиқиш учун кетадиган асосий сарф харажатни кўтаради. Олим-Анинг фикрича, ишлаб чиқилаётган маҳсулот дизайни ва технологияси МЧЖга тегишли. Шу сабабли айнан Олим-А МЧЖнинг товар белгиси ишлаб чиқилаётган маҳсулотларга босилиши лозим.
Масалани ҳал қилинг?
4. Чустлик усталар ўзлари тайёрлаётган пичоқларга “Чуст пичоғи” ёзувини киритиш ва шу орқали уни қаерда тайёрланаётганлигини белгилаб қўйишмоқчи бўлишди. Шу билан бирга айнан шу ёзувни киритиш орқали харидорларни жалб этиш ва маҳсулотнинг сифатлилига ишора қилишни мақсад қилишди. Бироқ усталар ўзлари ясаётган пичоқларга айнан шундай ёзув киритишга ҳақлари бор ёки йўқлигига иккиланиб қолишди ва маслаҳат сўраб адвокатурага мурожаат қилишди.
Усталарга масалаҳат беринг?
V БЎЛИМ. МЕРОС ҲУҚУҚИ
66-БОБ. ВОРИСЛИК ТЎҒРИСИДА УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1 §. Мерос ва ворислик тушунчалари
Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар хусусий мулкнинг мазмуни ва таркиби кенгайишига олиб келди. Мерос институти хусусий мулкнинг мавжуд бўлиши ва ривожланиши узвийлигини, даъвомийлигини таъминлайдиган воситалардан биридир. Бу институт у ёки бу даражада ҳар бир фуқаронинг мулкий манфаатларига дахлдор ҳисобланади.
Маълумки инсон ҳаёти давомида бошқа шахслар билан турли хил муносабатларга киришади. Бундай муносабатлар, албатта, шахснинг эрки иродаси билан амалга ошади ҳамда унда иштирок этаётган шахсларда муайян бир ҳуқуқ ёки мажбуриятларни вужудга келтиради. Ушбу ҳуқуқ ва мажбурият, қоида тариқасида, шахс вафот этгандан сўнг ҳам ўз кучини сақлаб қолиши мумкин. Бошқача қилиб айтганда, шахснинг вафот этиши ҳар доим ҳам унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг бекор бўлишига олиб келмайди. Сабаби, ФКнинг учинчи – мажбурият ҳуқуқи бўлими(ФК 318-модда 1-қисм 1-банди)да универсал ҳуқуқий ворислик асосида вафот этган шахснинг кредитор сифатидаги талаблари унинг ворисларига ўтиши назарда тутилган. Айтайлик, банк муассасаларига қўйилган омонат бўйича, уни қўйган шахс вафот этган тақдирда банк омонатни қайтариш мажбуриятидан озод бўлмайди. Яъни, мазкур вазиятда банкнинг мажбурияти давом этган ҳолда талаб қилиш ҳуқуқи ворисларга ўтади. Лекин, ҳар доим ҳам шахс вафот этгандан сўнг унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ворисларига ўтавермайди. ФКнинг 314-моддасига мувофиқ кредитор шахси билан чамбарчас боғланган ҳуқуқларининг бошқа шахсга ўтишига йўл қўйилмайди. Шу билан бирга ФК 351-моддасига асосан, агар мажбуриятни қарздорнинг шахсий иштирокисиз бажариш мумкин бўлмаса ёки мажбурият бошқача тарзда қарздорнинг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлса, қарздор вафот этиши билан мажбурият бекор бўлади. Масалан, фуқаро А.Бердиев ва рассом Д.Жўраевлар ўртасида Бердиевнинг портретини чизиб бериш тўғрисида шартнома тузилди. Д.Жўраевнинг вафот этиши мажбуриятнинг бекор бўлишига олиб келади, сабаби мажбуриятни қарздорнинг шахсий иштирокисиз бажариш мумкин эмас.
Вафот этган шахснинг ҳаётлигида бошқа шахсга ўтиши мумкин бўлган унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мерос тариқасида ворисларга ўтади. Фуқаролик ҳуқуқида ворислик ҳуқуқи алоҳида мустақил ҳуқуқ институти ҳисобланиб, вафот этган шахснинг мол-мулки, мулкка бўлган ҳуқуқи, талаб қилиш ҳуқуқи, шунингдек ўзгалар олдидаги мажбуриятлари ва қарзларининг васият бўйича ёки қонун бўйича ворислик асосида унинг ворисларига ўтишини назарда тутади.
Do'stlaringiz bilan baham: |