8 §. Товар чиқарилган жой номидан ноқонуний
фойдаланганлик учун жавобгарлик
Товар чиқарилган жой номидан қонунга хилоф фойдаланиш деганда, энг аввало, бунга тегишли гувоҳномаси бўлмаган ҳолда товар чиқарилган жой номидан фойдаланиш тушунилади. Шунингдек, ишлаб чиқараётган товари махсус сифатга, хусусиятга, белгига эга бўлмай қолгани сабабли гувоҳномасининг амал қилиш муддатидан олдин тўхтатилган ёки бекор қилинган шахс томонидан товар чиқарилган жой номидан фойдаланиш тушунилади.
Товар чиқарилган жой номидан қонунга хилоф фойдаланиш натижасида, энг аввало, товар чиқарилган жой номидан фойдаланишга қонуний ҳақли бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари бузилади, қолаверса, кўп ҳолларда товар чиқарилган жой номидан ғайриқонуний фойдаланиш натижасида истеъмолчилар алданади, уларга паст сифатли товарлар махсус сифатли, хусусиятли, белгили товар сифатида ўтказилади. Айни вақтда, бу ҳолат келгусида товар чиқарилган жой номи ишлатилган ҳар қандай товарларга нисбатан ҳам ишончсизлик вужудга келишига сабаб бўлади. Шу сабабли ҳам товар чиқарилган жой номидан қонунга хилоф равишда фойдаланишга қарши курашда товар чиқарилган жой номидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар алоҳида мавқега ва ҳуқуқларга эга. Чунончи:
товар чиқарилган жой номидан қонунга хилоф равишда фойдаланаётган шахсдан ҳуқуққа хилоф ҳаракатларни тўхтатишни;
товардан, унинг идиши ва ўровидан, бланкалар, рекламадан ва бошқа ҳужжатлардан қонунга хилоф равишда фойдаланаётган номни ёки шу ном билан адаштирадиган даражадаги ўхшаш белгиларни йўқ қилиб ташлашни;
агарда товардаги, унинг идиши ёки ўровидаги жой номи ёки унга ўхшаш белгиларни йўқ қилиб, ўчириб ташлашнинг иложи бўлмаса, тегишли равишда товарнинг идиши ва ўровини олиб қўйиш, муомаладан чиқариб олиш ва йўқ қилиб ташлашни талаб қилишга ҳақли.
Қоидабузар ушбу талабларни ихтиёрий бажаришдан бош тортганда, у мажбурий равишда ва қоидабузар ҳисобидан амалга оширилади.
Товар чиқарилган жой номидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахс бу ҳуқуқни бузиб, жой номидан қонунга хилоф равишда фойдаланган шахсдан бунинг натижасида ўзига етказилган зарарларнинг тўла қопланишини талаб қилишга ҳақли. Бунда ФКнинг 14-моддасида назарда тутилган қоидалар қўлланади. Товар чиқарилган жой номидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахсга етказилган зарар қуйидагиларда намоён бўлиши мумкин:
қонунга хилоф ҳаракат натижасида бозорда унинг товарларининг ўтмай қолиши, шу сабабли ишлаб чиқариш ҳажмини қисқартириши, тўхтатиб қўйишга мажбур бўлиши;
қонунга хилоф ҳаракат натижасида ололмай қолган, бироқ у содир бўлмаганда одатдаги нормал фуқаролик муомаласида олиши мумкин бўлган даромад (жой номи қўлланиладиган товарлар ёхуд товарлар гуруҳи бўйича);
қоидабузар томонидан паст сифатли товарларнинг жой номидан фойдаланиб, муомалага киритилиши натижасида истеъмолчиларда жой номи ишлатилган товарларга нисбатан ишончсизлик ҳолати ва унинг оқибатларини бартараф этиш бўйича харажатлар.
Қоидабузар томонидан жой номидан ғайриқонуний фойдаланиш натижасида олинган даромад бу номдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахс (шахслар) фойдасига ёки ўша тегишли ҳудуд бўйича давлат бюджети ҳисобига ундирилиши мақсадга мувофиқдир.
«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида» ги 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган қонуннинг 5-6-моддаларига асосан истеъмолчи товар ишлаб чиқарган шахс, унинг жойлашган жойи, товар ҳақида маълумотлар билан таъминланиши лозим. Ушбу Қонуннинг 7-моддасига асосан, агарда товар ишлаб чиқарувчи ўзи ёки товар ҳақида ёлғон маълумотлар бериш натижасида истеъмолчига сифати паст товар ўтказилса, истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва зарарнинг ундирилишини талаб қилишга ҳақли.
Товарнинг келиб чиқиши жойининг номи саноат мулкини муҳофаза қилиш бўйича Париж Конвенцияси доирасида ҳам ҳуқуқий муҳофаза объекти ҳисобланади. Шунингдек, буюмларнинг чиқарилган жойларини нотўғри ёки ёлғон кўрсатганлик учун санциялар (жазо чоралари) ҳақидаги 1891 йил 14 апрелдаги Мадрид битимида товарнинг чиқарилган жойи ҳақида янглишишга сабаб бўлувчи белгилар, номларни қўйганлик учун санкциялар белгиланган. Буюмларнинг келиб чиқиш жойлари кўрсаткичларини ҳимоя қилиш ва уларни халқаро қайд этиш ҳақидаги 1958 йил 31 октябрдаги Лиссабон иттифоқи органи товар чиқарилган жой номларини қайд этиш механизмини ишлаб чиқди ва амалга оширмоқда.
Дунёнинг деярли барча давлатларида товарларнинг чиқарилган жойлари номларидан ғайриқонуний фойдаланиш, бу жойлар номлари ҳақида нотўғри ёки ёлғон маълумот бериш ғирром рақобатнинг кўринишларидан ҳисобланади ва тегишли жавобгарлик чоралари (зарарларни тўлатиш, ҳудудга олиб келишни тақиклаш, арест солиш, товарни йўқ қилиб ташлаш ва ҳоказолар) кўрилишига сабаб бўлади. «Ўзбекистон Республикасининг товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида» ги 1996 йил 27 декабрда қабул қилган Қонуннинг 8-моддасига асосан юридик шахснинг интеллектуал фаолияти натижаларидан ва уларга тенглаштирилган индивидуаллаштириш воситаларидан, маҳсулотни, хизматлар бажаришни индивидуаллаштириш воситаларидан қонунсиз фойдаланиб товар сотиш, товарнинг хусусияти, уни тайёрлаш усули ва жойи хусусида истеъмолчини чалғитиш инсофсиз рақобат ҳисобланади ва тақиқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |