4 §. Товар (хизмат кўрсатиш) белгисини бошқа шахсларга
ўтказиш
Гувоҳномада кўрсатилган товарлар, ишлар, хизматларнинг барча гуруҳлари ёки бир қисмига товар белгиси қўйишдан иборат мутлақ ҳуқуқни белги эгаси шартнома асосида бошқа манфаатдор юридик ёки жисмоний шахсга бериши (ўтказиши) мумкин. Шартномада ўтказилаётган ҳуқуқ ҳажми аниқ белгилаб қўйилиши лозим. Бундай шартнома ҳақ бараварига ҳам, текин ҳам тузилиши мумкин.
Қуйидаги ҳолларда товар белгасига бўлган ҳуқуқнинг бошқа шахсга берилишига йўл қўйилмайди:
а) агарда бунда товар ҳақида истеъмолчининг ёки бошқаларнинг чалғишига, янглишишига сабабчи бўлиши мумкин бўлса;
б) агарда бундай товарни ишлаб чиқарувчи, тайёрловчи ҳақида истеъмолчининг чалғишига, янглишишига сабабчи бўлиши мумкин бўлса, бундай ҳолларда Интеллектуал мулк агентлиги товар белгисига нисбатан ҳуқуқни бошқа шахсга бериш ҳақидаги шартномани рўйхатдан ўтказишни рад этади.
Агарда юқоридаги ҳолатлар ёки улардан бири шартнома тузилганидан кейин вужудга келган бўлса, у ҳолда шартномани бекор қилиш ҳақида талаб билан ваколатли давлат органлари, истеъмолчилар уюшмалари ёки бошқа шахслар мурожаат этишлари мумкин. Шартнома суд томонидан бекор қилинганда унинг бажарилиши натижасида вужудга келган юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш тарафларнинг зиммасига юкланиши лозим.
Товар белгиси эгаси бу белгидан фойдаланиш ҳуқуқини лицензия шартномаси асосида бошқа шахсга бериши мумкин. Лицензия шартномасида лицензиат маҳсулотининг сифати лицензиар маҳсулотининг сифатидан паст бўлмаслиги ва лицензиар ана шу шартга амал қилинаётганлигини назорат этиб туриши тўғрисидаги шарт бўлиши лозим.
Товар белгисига бўлган ҳуқуқнинг ҳар қандай асосга кўра бошқа шахсга ўтиши, шу жумладан, уни шартнома асосида (ФК 105-моддаси 1-қисмида белгиланган тартибда) ёки ҳуқуқий ворислик тартибида (юридик шахслар қайта ташкил этилиши оқибатида) бошқа шахсга бериш Интеллектуал мулк агентлигида рўйхатдан ўтказилмоғи лозим.
Ушбу талабга риоя қилинмаслик оқибатлари ФКнинг 1106-мод-дасида белгилаб қўйилган.
ФКнинг 1106-моддасида товар белгисига бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги шартномалар шаклига қўйиладиган талаблар белгилаб қўйилган. Бунга асосан товар белгисига бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга бериш ҳақидаги шартмомалар ва товар белгисидан бошқа шахсларнинг фойдаланиши учун лицензия бериш ҳақидаги шартнома:
а) ёзма равишда тузилиши керак (бунда битимларнинг ёзма шакли ҳақидаги ФКнинг 107-моддаси талабларига тўлиқ риоя қилиниши шарт);
б) Интеллектуал мулк агентлигида рўйхатдан ўтказилиши лозим (бунда Интеллектуал мулк агентлиги шартномаларнинг қонунга, шунингдек, мақсадга мувофиқлигини, давлат ва жамият манфаатларига хилоф эмаслигини текширади); Интеллектуал мулк агентлигининг шартномаларни рўйхатдан ўтказишни рад этиш ҳақида қарори асослантирилган бўлиши лозим. Бу қарор устидан шикоят билан судга мурожаат қилиш мумкин.
Товар белгисига бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги шартнома ва товар белгисидан бошқа шахсларнинг фойдаланишига лицензия бериш ҳақидага шартномаларнинг ёзма шаклига ва рўйхатдан ўтказиш талабига риоя этмаслик шартномаларнинг ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлади. Бундай шартномалар ФКнинг 112-моддаси 1-қисмига асосан ўз-ўзидан ҳақиқий ҳисобланмайди. Айни вақтда ушбу қоидадан истиснолар ҳам мавжуд бўлиб, у ФКнинг 112-моддаси 2-қисмида белгилаб қўйилган. Бунга асосан агар давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинадиган битим керакли шаклда тузилган бўлиб, аммо тарафлардан бири уни рўйхатдан ўтказишдан бош тортса, суд бошқа тарафнинг талаби билан битимни рўйхатдан ўтказиш ҳақида қарор чиқаришга ҳақли. Бундай ҳолда битим (шартнома) суд қарорига мувофиқ рўйхатдан ўтказилади. Шартномани давлат рўйхатидан ўтказишдан бош тортаётган тараф шартномани тузиш кечиктирилганлиги туфайли иккинчи тарафга етказилган зарарни тўлашга мажбур.
Шартномаларнинг ўз-ўзидан ҳақиқий саналмаслиги оқибатлари ФКнинг 113-114-моддаларида белгилаб қўйилган. Бунга асосан шартнома ҳақиқий бўлмаганида тарафларнинг ҳар бири шартнома асосида олган нарсани бошқа тарафга қайтариб бериши, олинган нарсани аслича, натура ҳолида (шу жумладан, олинган нарса мол-мулкдан фойдаланиш, бажарилган хизмат ёки кўрсатилган хизмат билан ифодаланганда) қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса, агарда шартнома ҳақиқий эмаслигининг бошқа оқибатлари қонунда назарда тутилган бўлмаса, унинг қийматини тўлаши шарт.
Ҳақиқий бўлмаган шартнома унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари, бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди ва тузилган пайтдан бошлаб ҳақиқий эмасдир. Бинобарин, бундай шартномалар бўйича ижрони талаб қилиш, шартнома шартларини бузганлик учун тегишли жавобгарликни қўллаш ҳақида судга мурожаат қилиш мумкин эмас.
Ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим, шартнома ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўлланиш тўғрисидаги талабни ҳар қандай манфаатдор шахс қўйиши мумкин. Суд бундай оқибатларни ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли.
Do'stlaringiz bilan baham: |