46-БОБ. ТОПШИРИҚ ШАРТНОМАСИ
Топшириқ шартномаси тушунчаси ва ўзига хос хусусиятлари.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 817-моддасига мувофиқ топшириқ шартномаси бўйича бир тараф (вакил) иккинчи тараф (топшириқ берувчи)нинг номидан ва унинг ҳисобидан муайян юридик ҳаракатларни содир этиш мажбуриятини олади. Вакил тузган битим бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар бевосита топшириқ берувчида вужудга келади.
Топшириқ шартномасининг ҳуқуқий доираси ФКнинг 46-бобида (817-831-моддалар) белгиланган нормалар ҳамда “Вакиллик ва ишончнома” номли 10-боб билан тартибга солинади.
Топшириқ шартномаси жаҳон ва миллий юриспруденция тарихида ўзига хос узоқ ва қизиқарли тарихга эга бўлган шартномалардан биридир. Кундалик ҳаётда учраб турадиган турли сабабларга кўра (касаллик, айрим масалалар бўйича махсус билимларнинг етишмаслиги, яшаш жойида узоқ муддат бўлмаслиги ва бошқ.) фуқаролик-ҳуқуқий муносабат иштирокчилари мустақил равишда битим тузиш ва бошқа юридик ҳаракатларни амалга ошириш имкониятига эга бўлмасликлари мумкин. Бундай ҳолларда топшириқ шартномасини тузиш орқали улар учун ушбу ҳаракатларни бошқа шахслар воситасида бажарилиши таъминланади.
Бозор муносабатларига асосланган иқтисодий тизим шароитида мазкур шартноманинг қўлланилиш доираси (турар ва нотурар жойларни сотиш ва сотиб солиш, юридик хизмат, маркетинг ва бошқ.) йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Топшириқ шартномаси вакиллик институтининг классик кўринишларидан ҳисобланади, чунки вакил томонидан содир этилган ҳаракатлар бевосита топшириқ берувчи учун муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтиради. Бунда вакил тегишли ҳаракатларни ўз номидан эмас, балки топшириқ берувчи номидан амалга оширади.
Шу билан биргаликда, ишончли вакилнинг учинчи шахслар олдидаги ваколатларини белгилашга йўналтирилган вакилликдан фарқли равишда, топшириқ шартномаси ишончли вакил ва топшириқ берувчи ўртасидаги муносабатларнинг “ички” томонини тартибга солади. Одатда, ишончнома берилгунга қадар ишончли вакил томонидан топшириқ берувчининг манфаатлари йўлида учинчи шахслар олдида ҳаракат қилиш шартлари белгиланган топшириқ шартномаси тузилади.
2. Топшириқ шартномаси консенсуал, икки томонлама ва одатда, текин тузиладиган шартнома ҳисобланади. ФК 818-моддасига мувофиқ агар қонун ҳужжатларида ёки топшириқ шартномасида назарда тутилган бўлса, ишончли вакилга ҳақ тўланиши шарт. Агар топшириқ шартномаси иккала тараф ёки улардан бирининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ бўлса, топшириқ берувчи, агар шартномада бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, ишончли вакилга ҳақ тўлаши шарт. Вакил талаб қилинган ҳамма ҳаракатларни тегишли даражада амалга оширган, бироқ топшириқ у айбдор бўлмаган ҳолда бажарилмай қолган тақдирда ҳам ҳақ тўланиши керак.
Мазкур шартноманинг яна бир ўзига хос хусусияти унинг фидицуар характерга эгалигида, яъни шахсий ишончга асосланганлигида намоён бўлади. Шартнома тарафларининг номланиши ҳам айнан шундан далолат беради: топшириқ берувчи ва ишончли вакил. Улар ўртасидаги муносабатларда фидицуарликнинг йўқолиши тарафлар томонидан шартномани бекор қилинишига олиб келиши мумкин. ФК 823-моддаси 2-қисмига мувофиқ, топшириқ берувчи истаган вақтда топшириқни бекор қилишга, вакил эса топшириқдан бош тортишга ҳақли. Бу ҳуқуқдан воз кечиш ҳақидаги келишув ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.
Муомалага лаёқатли жисмоний шахслар, шунингдек юридик шахслар шартноманинг тарафлари бўлиши мумкин. Агар топшириқ шартномаси тижорат вакиллигига оид муносабатларни расмийлаштирса вакил сифатида якка тартибдаги тадбиркор ёки тижоратчи юридик шахслар ҳаракат қилиши мумкин.
Муайян бир юридик ҳаракатлар амалга оширишга доир хизматлар мазкур шартноманинг предметини ташкил этади. Ушбу юридик хизматнинг асосий моҳиятини фуқаролик муомаласи қатнашчисининг махсус ваколат берилган шахслар орқали битимда тараф сифатида иштирок этиш имкониятини қўлга киритиш ташкил этади. Қонуннинг тўғридан-тўғри кўрсатмасига мувофиқ ёки ўта шахсий тусга эга бўлганлиги туфайли вакил орқали амалга оширилмайдиган юридик ҳаракатлар (васиятнома тузилиши, никоҳ қайд этилиши) ушбу шартноманинг предмети бўлмайди.
ФК 817-моддасида ўрнатилган қоидага мувофиқ, топшириқ шартномаси қатъий равишда ёзма шаклда тузилиши лозим. Шартнома шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради.
Топшириқ шартномаси муддати вакил томонидан амалга оширилиши лозим бўлган топшириқнинг характерни ҳисобга олиб аниқланади. Топшириқ шартномаси вакил топшириқ берувчининг номидан иш олиб боришга ҳақли бўладиган муддатни кўрсатган ёки бундай муддатни кўрсатмаган ҳолда тузилиши мумкин.
Топшириқ берувчи ишончли вакилга муайян ҳаракатларни амалга ошириш учун ишончнома бериши назарда тутилган. Бундай ҳолларда шартнома муддати берилган ишончнома муддатидан кам бўлиши мумкин эмас. Шартнома муддати ишончномани амал қилиш муддати билан бир хил ёхуд ундан ортиқ бўлиши лозим.
3. Топшириқ шартномаси икки томонлама шартнома ҳисобланиши туфайли топшириқ берувчи ва ишончли вакил тегишли ҳуқуқларга эга бўлади ва уларга тегишли мажбуриятлар юкланади.
Вакил ўзига берилган топшириқни топшириқ берувчининг кўрсатмаларига мувофиқ бажариши шарт. Топшириқ берувчининг кўрсатмалари топшириқни ижро этиш усуллари ва тартибига ҳамда вакил томонидан амалга ошириладиган битимнинг шартлари ва мазмунига доир бўлиши мумкин. Қонуннинг қатъий талабига мувофиқ ушбу кўрсатмалар аниқ, йўл қўйиладиган ва бажариладиган бўлиши лозим (ФК 819-модда).
Қоидага кўра, топшириқ берувчининг кўрсатмаларидан четга чиқишга йўл қўйилмайди. Бироқ, амалиётда вакил унга берилган кўрсатмаларга мувофиқ топшириқни ижро этиш имконига эга бўлмаган ҳолатлар юзага келиши мумкин. Бундай вазиятда қуйидаги шартларга амал қилган ҳолда вакилнинг топшириқ берувчининг кўрсатмаларидан четга чиқишига йўл қўйилади:
- ишнинг ҳолатларига кўра, топшириқ берувчининг манфаатлари учун зарур бўлса;
- топшириқ берувчидан бу ҳақда олдиндан сўрай олмаган ёхуд ўз сўровига оқилона муддатда жавоб олмаган бўлса.
Бундай ҳолларда вакил имкони бўлиши билан йўл қўйилган четга чиқишлар ҳақида топшириқ берувчини хабардор қилиши шарт. Топшириқ берувчининг кўрсатмаларидан четга чиққан ҳолда бажарилган топшириқни лозим даражада бажарилган деб ҳисобланиши учун уни ўз вақтида хабардор этиш муҳим аҳамият касб этади. Юқорида кўрсатилган икки шартлардан бирининг мавжуд бўлмаслиги вакил томонидан амалга оширилган битимнинг салбий оқибатлари унинг зиммасига юкланишига сабаб бўлади.
Агар вакил тижорат вакили сифатида иш олиб бораётган бўлса, топшириқ берувчи вакилга ўзининг кўрсатмаларидан четга чиқиш борасида кенгроқ ҳаракат қилиш эркинлигини тақдим этиши мумкин. Топшириқ берувчи тижорат вакили сифатида иш олиб борадиган вакилга топшириқ берувчининг манфаатларини кўзлаб олдиндан сўров юбормаган ҳолда топшириқ берувчининг кўрсатмаларидан четга чиқиш ҳуқуқини бериши мумкин. Бундай ҳолларда тижорат вакили, агар топшириқ шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, йўл қўйилган четга чиқишлар ҳақида топшириқ берувчига оқилона муддатда хабар бериши шарт.
Вакилнинг топшириқни шахсан ўзи бажариши навбатдаги мажбурияти ҳисобланади. Ушбу мажбурият шартноманинг шахсий ишончга асосланганлигидан, унда вакилнинг шахсига нисбатан ишонч муҳим аҳамият касб этишидан келиб чиқади. Топшириқни бажариш жараёнида вакил қўшимча фактик ҳаракатларни (машинист, дурадгор, ҳайдовчи, компьютерда матн терувчи ва бошқ.) амалга ошириш учун ёрдамчи жалб этиши мумкин ва бу ҳолат мажбуриятни шахсан бажариши лозим деган қоидадан четга чиқиш ҳисобланмайди. Ёрдамчининг ҳаракатлари учун вакил топшириқ берувчи олдида ўз ҳаракатлари каби жавоб беради. Агар шартномада назарда тутилмаган бўлса, ёрдамчини топшириқни бажаришга жалб этиш учун топшириқ берувчининг розилиги талаб этилмайди.
ФК 820-моддаси вакилнинг топшириқни шахсан ўзи бажариши лозим, деган қоидадан баъзи истисноларни назарда тутади. Муайян ҳолларда вакил топшириқни бажаришни бошқа шахсга топширишига йўл қўйилади.
ФК 822-моддасига кўра, агар топшириқ шартномасида назарда тутилган бўлса ёкивакил топшириқ берувчининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида вазият тақозоси билан мажбур бўлсатопшириқни бажаришни бошқа шахсга (ўринбосарга) ишониб топшириши мумкин.
Топшириқ берувчи айнан ким томонидан топшириқлар бажарилишига нисбатан бефарқ бўлмайди. Бундай ҳолларда вакил бу ҳақда дарҳол топшириқ берувчини ўринбосар тўғрисидаги барча зарур маълумотларни хусусида хабардор қилиши шарт. Ўринбосарнинг номи топшириқ шартномасида келтирилмаган бўлса топшириқ берувчи вакил танлаган ўринбосарни рад этишга ҳақли.
Агар вакил ўринбосарининг номи шартномада кўрсатилган бўлса, шунингдек, ишларнинг ўринбосар томонидан олиб борилиши шартномада назарда тутилган бўлса-ю, лекин ўринбосарнинг номи унда кўрсатилган бўлмаса, вакил ишларнинг ўринбосар томонидан олиб борилиши учун жавобгар бўлмайди. Лекин, вакилнинг ўринбосари томонидан иш юритилиши топшириқ шартномасида назарда тутилмаган бўлса, вакил ўз ўринбосарининг ҳар қандай ҳаракатлари учун жавобгар бўлади.
Топшириқ берувчининг талабига мувофиқ унга топшириқ қандай бажарилаётганлиги ҳақида маълумот бериб туриш вакилнинг мажбуриятларидан биридир. Ушбу мажбурият топшириқ берувчига ишларнинг жорий ҳолати тўғрисида доимий хабардор бўлиш ва зарур ҳолларда тегишли чоралар кўриш имкониятини беради. Шунингдек, топшириқни бажариш учун тузилган битимлар бўйича олинган ҳамма нарсаларни (пуллар, қимматли қоғозлар, ашёлар) вакил кечиктирмасдан топшириқ берувчига топшириши шарт.
Бироқ, қонунда назарда тутилган ҳолларда топшириқ берувчи ўз мажбуриятларини лозим даражада бажаргунга қадар вакил ушбу мажбуриятини бажармаслиги мумкин. ФК 818-моддаси 5-қисмига кўра, тижорат вакили сифатида иш олиб борувчи ишончли вакил ФКнинг 290-моддасига мувофиқ, топшириқ берувчига топширилиши керак бўлган ўз қўлидаги ашёларни топшириқ шартномаси бўйича ўз талабларини таъминлаш учун ушлаб туришга ҳақли. Вакилга тегишли бўлган мазкур ушлаб туриш ҳуқуқи шартнома бўйича ҳақ олишини ва топшириқни бажариш жараёнида қилинган харажатларини қопланишини таъминлайди.
Вакил топшириқ бажарилган ҳолларда топшириқ берувчи ва учинчи шахслар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни вужудга келиши, ўзгариши ва бекор бўлишини тасдиқлайдиган ҳужжатларни топшириқ берувчига тақдим этиши шарт.
Шунингдек, вакил топшириқ бажариб бўлинганидан кейин амал қилиш муддати тамом бўлмаган ишончномани кечиктирмасдан топшириқ берувчига қайтариб бериши ва, агар шартнома шартларига ёки топшириқнинг хусусиятига кўра зарур бўлса, ҳисобот тақдим этиб, унга исботловчи ҳужжатларни илова қилиши шарт. Ҳисобот ёзма шаклда тузилиб, ўзида амалга оширилган харажатларнинг миқдори ва зарурлигини исботловчи бажарилган ҳаракатлар ва уларнинг натижалари тўғрисидаги маълумотларни акс этиши зарур.
Топшириқ берувчи вакил шартномага мувофиқ бажарган ишларини, яъни ҳужжатлар, пуллар, қимматли қоғозлар ва бошқа мол-мулк ҳамда амал қилиш муддати ўтмаган ишончномани кечиктирмасдан қабул қилиб олиши шарт.
Топшириқ берувчи вакилни топшириқни бажариш учун зарур бўлган маблағлар билан таъминлаши лозим. Харажатлар қопланишини вакил томонидан амалга ошириладиган ҳаракатларнинг ижобий натижага олиб келиши билан боғлаш мақсадга мувофиқ эмас. Агар топшириқ берувчи томонидан ажратилган маблағлар топшириқни бажариш учун етарли бўлмаганда вакил ўз ҳисобидан харажат қилган бўлса, топшириқ берувчи қилинган зарур харажатларни тўлаши шарт.
Юқоридан таъкидланганидек, топшириқ берувчи топшириқ бажарилганидан кейин, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада назарда тутилган бўлса, вакилга ҳақ тўлаши шарт.
Топшириқ шартномаси қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:
топшириқ берувчи ташаббуси билан;
вакил топшириқдан бош тортиши натижасида;
топшириқ берувчининг ёки вакилнинг вафот этиши, улардан бирининг муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб топилиши натижасида.
Топшириқ берувчи истаган вақтда топшириқни бекор қилишга, вакил эса топшириқдан бош тортишга ҳақли. Бу ҳуқуқдан воз кечиш ҳақидаги келишув ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.
Тадбиркор сифатида иш олиб борилаётган ҳолларда вакил билан топшириқ шартномасидан бош тортаётган тараф шартномани бекор қилиш тўғрисида иккинчи тарафни камида ўттиз кун олдин (шартномада узоқроқ муддат назарда тутилган бўлмаса) хабардор қилиши шарт. Тижорат вакили бўлган юридик шахс қайта ташкил этилганида топшириқ берувчи ўз топшириғини олдиндан хабар бермай ҳам туриб бекор қилишга ҳақли.
Агар топшириқ шартномаси топшириқ вакил томонидан тўлиқ бажарилишидан олдин бекор қилинган бўлса, топшириқ берувчи вакилга топшириқни бажариш вақтида қилинган чиқимларни тўлаши, вакилга ҳақ берилиши керак бўлганида эса, унга бажарилган ишга мувофиқ ҳақ тўлаши ҳам шарт. Вакил томонидан топшириқнинг бекор қилинганини билган ёки билиши лозим бўлганидан кейин бажарилган ишларга ўз навбатида ҳақ тўланмайди (824-модда).
Вакил вафот этган тақдирда, унинг меросхўрлари ёки мерос мулкнинг сақланишини таъминлаш мажбурияти юклатилган бошқа шахслар топшириқ шартномаси бекор қилиниши ҳақида топшириқ берувчига кечиктирмай хабар беришлари ҳамда топшириқ берувчининг мол-мулкини муҳофаза қилиш учун зарур чораларни кўришлари, хусусан, топшириқ берувчининг ашёларини, шунингдек ҳужжатларини сақлаб қўйишлари, сўнгра эса унга топширишлари шарт. Вакил (ишончли вакил) бўлган юридик шахсни тугатаётган шахснинг зиммасида ҳам шундай мажбурият бўлади.
Вакил (ишончли вакил) сифатида иш олиб бораётган юридик шахс қайта ташкил этилганида топшириқ берувчи бу ҳақда дарҳол хабардор қилиниши керак. Мазкур ҳолатда бундай юридик шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, агар топшириқ берувчи ўттиз кунлик муддатда топшириқ шартномасидан бош тортишини маълум қилмаса, унинг қонуний ворисига ўтади.
Агар вакил топшириқ шартномасининг бекор қилингани ҳақида билмаган ва билиши лозим бўлмаган бўлса, унинг топшириқ берувчининг кўрсатмасига мувофиқ қонуний равишда қилган ҳаракатлари топшириқ берувчи (унинг қонуний вориси) зиммасига учинчи шахслар ва вакилга нисбатан мажбурият юклайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |