3. Бошқа шахснинг манфаатини кўзлаб топшириқсиз ҳаракат
қилувчи шахснинг мажбуриятлари
Бошқа шахснинг манфаатларини кўзлаб, унинг топшириғисиз ҳаракат қилувчи шахс биринчи имконият туғилиши биланоқ, бу ҳақда манфаатдор шахсга хабар бериши шарт (827-модда).
Агар манфаатдор шахс бу ҳаракатларни маъқулласа, шундан кейин тарафларнинг муносабатларига нисбатан топшириқ шартномаси тўғрисидаги қоидалар қўлланади (ФК 817-825-моддалар). Мазкур ҳаракатлар маъқулланмаган тақдирда улар бўйича жавобгарлик топшириқсиз ҳаракат қилган шахс зиммасига юклатилади.
Агар манфаатдор шахс содир этилаётган маълум бир ҳаракатни ўзи учун фойдасиз ёки аҳамиятсиз деб билса, бу ҳақда топшириқсиз ҳаракат қилувчини огоҳлантириши лозим. Бундай вазиятда манфаатдор шахснинг норозилигини билиши заҳоти топшириқсиз ҳаракат қилувчи ушбу фаолиятини тугатиши лозим. Истисно ҳолат сифатида, манфаатдор шахснинг ҳаёти ва соғлиғи хавф остида бўлса, унинг норозилиги ёки қаршилигига қарамасдан топшириқсиз ҳаракат қилувчи унга ёрдам бериши лозим. Масалан, одам чўкаётган бўлса ёки ўз жонига қасд қилса, топшириқсиз ҳаракат қилувчи унинг розилигини олиш ҳақида ўйламайди.
Тегишли тартибда манфаатдор шахсни хабардор қилган топшириқсиз ҳаракат қилувчи манфаатдор шахснинг оқилона муддатда ушбу ҳаракатни давом эттириш ёки тўхтатиш тўғрисидаги жавобини кутиши шарт. Агар манфаатдор шахсга жиддий зиён етказиши мумкин бўлса, вазиятдан келиб чиқиб манфаатдор шахснинг жавобини кутмай ҳаракат қилинади.
Манфаатдор шахсни хабардор қилиш мумкин бўлмаса, ҳаракатларни топшириқсиз бошлаган шахс уларни охирига етказиши, манфаатдор шахс учун салбий мулкий оқибатларнинг олдини олиш бўйича ўзига боғлиқ бўлган ҳамма чораларни кўриши шарт. Бунда топшириқсиз ҳаракат қилган шахс ишни юритиш билан боғлиқ бўлган ҳамма нарсани, шу жумладан тузилган битимлар бўйича мажбуриятларни ҳам ўз зиммасига олиши шарт.
Агар бошқа шахснинг манфаатларини кўзлаб унинг топшириғисиз ҳаракат қилаётган шахс биринчи имконият туғилиши биланоқ бу ҳақда манфаатдор шахсни хабардор қилмаса, у қилинган харажатларни қоплашни талаб қилишга ҳақли эмас.
Бошқа шахснинг манфаатини кўзлаб топшириқсиз ҳаракат қилаётган шахс тегишли фаолиятнинг амалга оширилишидан манфаатдор бўлган фуқаро вафот этган ёки юридик шахснинг фаолияти тўхтатилган тақдирда ҳам манфаатдор шахснинг меросхўрлари (қонуний ворислари) унинг ўрнини олгунларича бошланган фаолиятни давом эттириши шарт.
Бошқа шахснинг манфаатини кўзлаб ҳаракат қилган шахс кимнинг манфаатини кўзлаб фаолият олиб борган бўлса, ўша шахсга олинган даромадлар, қилинган харажатлар ва кўрилган зарарни кўрсатган ҳолда ҳисобот тақдим этиши шарт (ФК 831-модда). Бу манфаатдор шахсни тегишли тартибда хабардор қилиш ва ўзаро ҳисоб-китобларни ойдинлаштириб олиш имконини беради. Ҳисобот шаклига қўйилган аниқ талаб йўқлигини инобатга олиб у ҳам ёзма, ҳам оғзаки берилиши мумкин.
Ҳаракатларни содир этган ва белгиланган тартибда мажбуриятларни бажарган шахс қилинган харажатлар ва ҳақиқий зарарнинг ўрни қопланишига ҳақли. Бунда, исталган ҳамма харажатлар эмас, балки ушбу вазиятда айнан бажарилиши керак бўлган ҳаракатларга сарф қилинган харажатлар қопланишига алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Шунингдек, қилинган харажатлар ва зарарнинг қопланиши топшириқсиз ҳаракат қилувчи шахс томонидан манфаатдор шахсдан розилик олгунча бўлган даврига амал қилишига эътибор қаратиш лозим. Ҳаракат маъқуллангандан сўнг қилинган барча харажатлар ва етказилган зарарнинг ўрни қопланиши билан боғлиқ мунособатлар фуқаролик ҳуқуқининг бошқа институтлари билан тартибга солинади. Яъни бошқа шахснинг манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилган шахснинг манфаатдор шахс маъқуллаганидан кейинги ҳаракатлари муносабати билан қилган харажатлари ва кўрган бошқа зарарлари тегишли турдаги шартнома тўғрисидаги қоидаларга мувофиқ қопланади (ФК 829-модда).
Топшириқсиз ҳаракат қилган шахс томонидан бажарилган ҳаракатлар манфаатдор шахс томонидан маъқулланмаган тақдирда бу ҳақда топшириқсиз ҳаракат қилувчи шахс хабар топган вақтгача қилинган барча харажатлар ва етказилган зарарнинг ўрнигина қопланади.
Битим тузган шахс бошқа шахснинг манфаатларини кўзлаб амалга оширилган фаолият туфайли қилган харажатлари қоплангунча ҳуқуқларни топширишни кечиктириб туриши мумкин (ФК 828-модда).
4. Топшириқсиз қилинган ҳаракатлардан манфаатдор
шахснинг мажбуриятлари.
Топшириқсиз қилинган ҳаракатлардан манфаатдор бўлган шахс унинг манфаатларини кўзлаб иш олиб борган шахсга зарур харажатларни ва бошқа ҳақиқий зарарни қоплаши шарт. Мазкур мажбурият бошқа шахснинг манфаатлари йўлидаги ҳаракатлар оқилона бўлиб, бироқ кўзланган натижага эришилмаган ҳолларда ҳам сақланиб қолади. Масалан, топшириқсиз ҳаракат қилган шахснинг йўқолган мол-мулки, соғлиғининг ёмонлашиши кабилар ҳақиқий зарар ҳисобланиб, манфаатдор шахс томонидан қопланиши лозим. Бунда кутилган антижага эришилган ёки эришилмагани аҳамиятга эга эмас (ФК 829-модда). Асосийси, ҳаракат тўғри ва керакли вазиятда содир этилган бўлиши лозим. Лекин бошқа шахснинг мол-мулкига зарар етказишнинг олди олинган ҳолларда ўрнини қоплаш ҳақининг миқдори мол-мулкнинг қийматидан ошиб кетмаслиги керак.
Агар шахснинг ҳаракатлари бевосита бошқа шахснинг манфаатларини таъминлашга қаратилган бўлмаса, шу жумладан уларни амалга оширган шахс ўз манфаатларимни кўзлаб ҳаракат қиляпман деб хато ўйлаган ва унинг ҳаракатлари бошқа шахснинг асоссиз бойиб кетишига олиб келган ҳолларда ҳам ушбу Кодекснинг 58-бобида (асоссиз бойлик орттириш оқибатида келиб чиқадиган мажбуриятлар) назарда тутилган қоидалар қўлланади. Бошқа шахснинг манфаатларини кўзлаб қилинган ҳаракатлар унинг тадбиркорлик фаолияти доирасига кирган тақдирда, бу шахс ҳақиқий зарарнинг ўрнини қоплаш билан бир қаторда тегишли миқдорда ҳақ тўланишини ҳам талаб қилишга ҳақли.
Бошқа шахснинг манфаатини кўзлаб тузилган битим бўйича мажбуриятлар битим тузилишидан манфаатдор бўлган шахс мазкур битимни маъқуллаган пайтдан бошлаб унга ўтади, башарти бошқа тараф мажбуриятларнинг бундай ўтишига эътироз билдирмаса ёки битимни тузиш пайтида битим бошқа шахснинг манфаатини кўзлаб тузилганлигини билган ёхуд билиши лозим бўлган бўлса. Бундай битим бўйича мажбуриятлар битим тузилишидан манфаатдор бўлган шахсга ўтганида, ушбу битим бўйича ҳуқуқлар ҳам шу шахсга берилиши зарур.
Манфаатдор шахснинг фойдасини кўзлаб қилинган ҳаракат самарали бўлиб унга фойда келтирса, бу манфаатдор шахсга топшириқсиз ҳаракат қилувчини тақдирлаш мажбуриятини юклайди.
Бошқа шахснинг манфаатларини кўзлаб қилинган ҳаракатлар туфайли манфаатдор шахсга ёки учинчи шахсга етказилган зарарни қоплаш соҳасидаги муносабатлар ушбу Фуқаролик кодекси 57-бобининг (зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятлар) қоидаларига мувофиқ тартибга солинади (ФК 830-модда).
Do'stlaringiz bilan baham: |