Назорат учун саволлар:
1. Қарз ва кредит шартномаларининг тушунчаси ва уларнинг ўзаро нисбатини таҳлил қилинг?
2.Кредит турлари, уларнинг қўлланилиш соҳалари ва ўзига хос хусусиятларини ёритинг?
3. «Бобир» фирмаси «Нон» АЖнинг илтимосига кўра, нон чиқариш ускунасини сотиб олиш учун 1.000.000 сўмни «Нон» АЖ ҳисобига ўтказди. Пул ўтказиш «Нон» АЖнинг хатига асосланган бўлиб, унга кўра пул 60 кундан кейин қайтарилиши керак эди. Кўрсатилган муддат ўтганидан кейин «Нон» АЖ пулни қайтармади. Ва «Бобир» фирмаси хўжалик судида даъво қўзгатди. Хўжалик судида АЖнинг вакили томонлар ўртасида кредит муносабати содир этилмаганлигини, ташкилотларга кредит бериш банк фаолиятининг бир тури эканлигини ва бундай фаолият билан фақат Марказий Банкдан лицензия олган ташкилотлар шуғулланиши мумкинлиги, фирмада эса бундай лицензия йўқлигини баён қилди.
Фирма манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат эса, томонлар ўртасида кредит шартномаси эмас, қарз шартномаси тузилганлигини айтди. Қарз шартномасини тузиш учун эса лицензия талаб қилинмайди. Бундан ташқари адвокат судда қарз шартномасининг кредит шартномаси ва банк омонати шартномасидан фарқлашни таклиф қилди.
Бу низода ким ҳақ? Қарз шартномаси, кредит шартномаси ва омонат шартномасини тавсифланг.
4. Ражабов қарз шартномасига кўра Алимовдан 1 йил муддатга хар ойда 15 фоиз тўлаб туриш шарти билан пул олди. Биринчи 6 ой лавомида у бу фоизларни тўлаб келди. Кейин эса Алимовга қарзга олган хамма пулини кайтариб беришни таклиф қилди. Алимов рози бўлмади ва хамма суммани карз шартномаси муддати тугаганидан кейин олишини айтди. Нимага Алимов карзни кайтариб олишни рад этди? Бу ҳолда Ражабов хар ойлик фоизларни бундан кейин хам тўлаб боришга мажбурми?
42-БОБ. ПУЛ ТАЛАБНОМАСИДАН БОШҚА ШАХС ФОЙДАСИГА ВОЗ КЕЧИШ ЭВАЗИГА МОЛИЯЛАШ
Бозор муносабатлари шароитида тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга турли молиявий хизматлар кўрсатиш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳисоб-китобларини мақбуллаштириш ҳар доим муҳим аҳамият касб этган. Бунда тадбиркорлик субъектлари ва банк ва молия ташкилотлари ўртасидаги муносабатларини фуқаролик-ҳуқуқий шартномалари орқали тартибга солиш бугунги бозор қонуниятларига ҳар томонлама мос келади. Шу сабабли ҳам банклар томонидан молиявий хизматлар кўрсатишнинг янги турларининг жорий этилиши талаб ва таклиф, рақобатга асосланган иқтисодиёт учун алоҳида ўрин тутади. Банклар томонидан тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган янги хизматлар турларидан бири факторинг – пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялашдир.
Пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш шартномаси халқаро амалиётда, бозор иқгисодиёти ривожланган давлатларда бундан юз йиллар аввал “факторинг” (“фактор” –молиявий агент, комиссионер сўзидан олинган) институти сифатида маълум бўлган. Пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш шартномасининг моҳияти шундаки, унинг бўйича мижоз молия агентидан (кўпчилик ҳолларда булар – банклар) мижознинг маҳсулот бериш, иш бажариш ёки хизмат кўрсатишдан келиб чиқадиган талаб қилиш ҳуқукларини харидор (буюртмачи)га тақдим этиш эвазига пул маблағларини беришдан иборат. Масалан, товар етказиб берувчи кўпинча етказиб берилган маҳсулот учун ўз мажбуриятини бажариш билан бир вақтда тўлов олмайди (олувчи вақтинча пул маблағлари бўлмагани сабабли олинган товар учун тўлов муд-датини кечиктиради).
Пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш (факторинг) умумий ҳуқуқ доирасида Англияда савдо соҳасидаги воситачилик битимлари (воситачилик, топшириқ, агентлик шартномаси) асосида шакллана бошлаган. Кейинчалик фактор ўзгарган ва у товарлар савдосидаги воситачилик фунциясини бажарувчидан мижоз томонидан воз кечилган дебиторлик қарздорлик эвазига уни молияловчи молиячига айланган28.
Факторинг фаолиятининг жадал ривожланиши АҚШда XIX аср охири ва XX аср бошларида кузатилган. Ғарбий Европа мамлакатларида факторинг институти 1950-йилларнинг иккинчи яримида пайдо бўла бошлади. Дастлаб факторинг банклари ва ихтисослашган факторинг жамиятлари тузилган.
Факторингнинг халқаро ҳуқуқий асоси 1988 йилда Оттава (Канада) шаҳрида 55 та мамлакат томонидан имзоланган ва халқаро унификациялаш институти ва хусусий ҳуқуқ Кенгаши томонидан тасдиқланган, УНИДРУА доирасида тайёрланган халқаро факторинг тўғрисидаги конвенцияда яратилган. Конвенциянинг мақсади – факторинг таърифини унификациялаш ва уни ривожлантириш учун халқаро ҳуқуқий шароит яратишдир. Бунда миллий факторинг компанияларининг мол етказиб берувчилар ва бошқа факторинг компаниялари билан хусусий шароитларда шартнома тузиш ҳуқуқи сақланиб қолади.
Ушбу конвенциянинг 1-моддасига кўра, факторинг шартномаси деганда, маҳсулот етказиб берувчи билан фактор ўртасида тузиладиган шундай шартнома тушуниладики, унга кўра:
1) маҳсулот етказиб берувчи ўз мижозлари билан тузилган олди-сотди шартномалари юзасидан дебиторлик қарзларини тўплаш (олиш) ҳуқуқини факторга топширади ёки топшириш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Бунда ушбу шартномага кўра, шахсий, оилавий ёки уй-рўзғор эҳтиёжлари учун сотиб олинган мол-мулклар шартнома предмети бўла олмайди;
2) фактор қуйида кўрсатилган функциялардан ҳеч бўлмаганда иккитасини бажариши лозим:
– маҳсулот етказиб берувчини молиявий таъминлаш, шу жумладан ссуда бериш ёки маҳсулоти учун олдиндан ҳақ тўлаш орқали молиялаш;
– дебиторлик қарзларини олиш билан боғлиқ ҳисоб (бухгалтерия ҳисоб-китоблари) олиб бориш;
– дебиторлик қарзларини ундириш;
– дебиторларнинг қарзни тўламаслигидан ҳимояланиш;
3) дебиторлар маҳсулот етказиб берувчи шахс юборган дебиторлик қарзларини талаб қилиб олиш ҳуқуқи бошқа шахсга ўтказилганлиги тўғрисидаги ёзма хабарномани олган бўлишлари лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |