Факторинг шартномасининг элементларини ҳам шартнома тарафлари, предмети, баҳоси, муддатлари, шакли ва мазмуни ташкил этади. Шартнома тарафлари сифатида молия агенти, мижоз ва қарздор иштирок этади.
Пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаштириш шартномаси томонлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланадилар: молиявий агент у пул талабномасидан воз кечиш эвазига молиялаштиришни амалга оширишга рухсат этилган шахс; мижоз – юридик ёки жисмоний шахс бўлиб у товар, иш бажариш ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркор. Молиявий агент ва мижоздан ташқари пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш муносабатларида ва пул талабномасининг ижросида у билан мижоз ўртасидаги шартнома асосида юзага келадиган ён берилган пул талабномасини тўлаши керак бўлган учинчи шахс ҳам қатнашади29.
Пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаштириш шартномаси томонлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланадилар: пул талабномаларидан воз кечувчи шахс (мижоз –кредитор); талабномани қабул қилувчи ва ўрнига пул маблағлари берувчи шахс (молия агенти- фактор).
Қонун фақат молия агентигагина алоҳида талаблар қўяди. Молия агентлари банклар ва кредит ташкилотлари (масалан, кредит уюшмалари) ҳамда тегишли лицензияга эга бўлган бошқа тижорат ташкилотлари бўлиши мумкин. Бундан келиб чиқадики, пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаштириш тадбиркорлик фаолияти сифатида ФК 42- боби қоидаларига асосан лицензиялаштирилиши керак.
Молия агенти-банклар, банкларни ташкил қилиш ва фаолиятини тугатиш Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 25 апрелдаги “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунида кўзда тутилган. Масалан, мазкур қонуннинг 1-моддасида банк бу - юридик шахс ва тижорат ташкилоти ҳисобланиб, банк фаолияти сифатида қараладиган қуйидаги фаолиятларни амалга ошириши мумкин: юридик ва жисмоний шахслардан қўйилмалар олиш ва уларни кредитлаш ёки инвестиция билан шуғулланиш; тўловларни амалга ошириш.
Банк фаолиятидан ташқари банклар бошқа турдаги операцияларни ҳам бажаришлари мумкин. Улар қаторига мажбуриятларнинг ижроси бўйича талаб қилиш ҳуқуқини учинчи шахслардан сотиб олиш ҳам киради.
Банк, шу жумладан чет эл банклари ҳам ўз фаолиятларини Марказий банк томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширадилар. Лицензияда банк бажариши мумкин бўлган операциялар рўйхати келтирилади. Лицензияларсиз банк фаолиятини амалга ошириш ноқонуний ҳисобланади ва бундан тушган даромад давлат фойдасига ундирилади.
Факторинг шартномасида мижоз сифатида банк билан банк ҳисобварағи шартномаси тузган ҳар қандай тадбиркорлик субъекти қатнашиши мумкин. Факторинг шартномасининг предметини пул талабномаси ташкил этади. Шартнома предмети сифатида топширилаётган талаб пулли талаб бўлиши лозим. Бошқа мулкий талаб (масалан, ашёни топшириш ёки бирор-бир ишни бажариш)дан воз кечиш эса цессия (мажбуриятда шахслар ўзгариши) нинг умумий нормалари билан амалга оширилади. Қонунчиликда факторинг шартномасининг предметининг икки тури: а) тўлов муддати келган пул талабномаси; б) келгусида вужудга келадиган пул талабномаси30.
Воз кечиш предмети ҳисобланадиган мижоз ва молия агенти ўртасида тузилган пул талабномаси хақидаги шартнома шартлари шартнома тузилган вақтдаёқ ёки қарздордан пул маблағлари олиш хуқуқи юзага келмасдан олдинроқ (келажак талабномаси), воз кечиладиган пул талабномаси (мавжуд талабнома) бошқа талабномалардан фарқ қиладиган белгиларга эга бўлиши керак.
Пул талабномаси қарздорни аниқ кўрсатиш, талаб суммаси, унинг вужудга келиш асослари ва пул талабномасини идентификациялайдиган бошқа характерлари билан индивидуаллаштирилган бўлиши керак.
Агар мижоз молия агентига алоҳида талабномадан эмас, балки бир неча пул талабномаларидан воз кечган ҳолда, улар кирадиган гуруҳ белгиларини кўрсатиш етарли бўлади. Бу белгиларга мижознинг талабнома келтириб чиқарадиган тадбиркорлик фаолияти; талабнома қаратилган қарздорлар гуруҳи; талабномада вужудга келиши билан боғлиқ ҳудудлар ёки қарздорлар жойлашган жойлар; воз кечиладиган талабномалар амал қилган давр; воз кечиладиган талабномаларнинг умумий суммаси.
Воз кечиш предмети бўлган талабномани идентификация қилишнинг иложи бўлмаган холлардан келиб чиқадиган оқибатлар қонунда белгиланмаган. Молия агентининг идентификация қилишнинг иложи бўлмаган талабномалар бўйича олинмаган суммалар натижасида кўрган зарарларини молия агенти мижоздан талаб қилиш хуқуқига эга деб қаралади.
Бўлажак пул талабномаларидан воз кечишда мижознинг талабномадан воз кечиши мажбурияти юклатиладиган шартномани тузиш ва талаб-номанинг молия агентига ўтиши вақтлари бир хил эмас. Шуни ҳисобга олган ҳолда, ФК 751-моддасининг 3-қисми, тўлов муддати келиши билан боғлиқ равишда, яъни талабноманинг бўлажак шаклдан мавжуд шаклга айланиши билан молия агентига талабноманинг ўтиш вақтини аниқлайди. Бошқача қилиб айтганда, бўлажак пул талабномалари улар юзага келиши вақтига қараб молия агентига ўта бошлайди. Агар пул талабномасидан воз кечиш бирор бир ходиса билан боғланган бўлса, у ҳолда талабнома шу ходиса юз бергандан кейин, албатта, бу талабнома бўйича тўлов муддати келмасдан аввалроқ, молия агентига ўтади.
Юқоридаги ҳолатларда пул талабномасидан воз кечишда томонларнинг хоҳишлари шартномада кўрсатиб ўтилгани учун воз кечишнинг қўшимча шартларини расмийлаштиришга ҳожат йўқ (ФКнинг 751-моддаси 2-қисми). Қарздордан пул маблағларини олиш хуқуқи, бунда гўёки бу ҳуқуқни бирламчи кредитор сифатида мижозда вужудга келадиган зарур оралиқ босқични четлаб ўтилгандек, бевосита молия агентида юзага келади31.
Факторинг шартномасининг муддати тарафларнинг келишуви билан белгиланади. Факторнинг манфаатлари учун шартномани бажариш муддати воз кечиладиган талаб қарздор томонидан ижро этиш муддати келганда амалга оширилишидан келиб чиқиши лозим.
Шартнома баҳоси – мижознинг қарздорга нисбатан талабининг қиймати. Шартнома баҳосини белгилашда турли шартлар ҳисобга олиниши лозим: мижоз ва унинг қарздори ҳолатининг барқарорлиги, шартнома бўйича тўлов усуллари (масалан, аккредитив ва инкассо турли кафолат қийматига эга), тўлов муддати бошланиши (тўлов муддати бошланган ёки келгусида бошланадиган), мижоз томонидан молия агентига ўтказилаётган талабларнинг сони ва шу кабилар. Молия агенти оладиган ҳақнинг миқдори ҳам турлича ҳисобланиши мумкин: қатъий белгиланган сумма кўринишида, ўтказилаётган талаблар қийматидан фоиз ҳисобида, талаб қиймати тўланадиган сумма ўртасидаги фарқ кўринишида.
Консенсуал тусдаги факторинг шартномасининг шаклига нисбатан битимларнинг шакли тўғрисидаги умумий қоидалар қўлланилади. Бироқ факторинг тўғрисидаги реал шартнома, шунингдек консенсуал шартномани бажаришда амалга ошириладиган талабдан воз кечиш талаб қилиш ҳуқуқини вужудга келтирадиган шартнома тузиладиган шаклда тузилиши лозим. Бу битимнинг оддий ёки малакали ёзма шаклида бўлиши, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда эса талабдан воз кечиш давлат рўйхатидан ўтказиладиган ёзма шаклда тузилиши зарур.
АҚШ судларида цессияни оғзаки шаклда ва қарздорни хабардор қилмаган ҳолда амалга оширишларига ҳам қонуний деб баҳо беришади. Англия ҳуқуқида эса, талаб қилиш ҳуқуқи ёзма шаклда ва цедентнинг имзоси асосида ўтказилса, бундай тартибда қонунга асосланган талаб қилиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш (statutory assignment), агарда қарздор ёзма шаклда хабардор қилинган бўлса, у ҳолда барчага нисбатан ҳақиқий саналади32.