4. Ташиш шартномалари бўйича тарафларнинг
жавобгарлиги
ФКнинг 718-моддасига кўра, ташишдан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаган ёки тегишли суратда бажармаган тақдирда, тарафлар ФКда, транспорт уставлари ва кодексларида, шунингдек, тарафларнинг келишувида белгиланган тарзда жавобгар бўладилар. Бунда фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликнинг асосан мулкий характерда бўлишини назарда тутиш керак.
Транспорт ташкилотларининг йўловчилар ва юк эгалари билан ташувчининг қонунда белгиланган жавобгарлигини чеклаш ёки бартараф этиш ҳақидаги келишуви ҳақиқий эмас. Бинобарин, уларга нисбатан ФКнинг ҳақиқий саналмайдиган битимлар ҳақидаги қоидалари қўлланилади.
Ташиш шартномалари бўйича мулкий жавобгарлик шартнома юзасидан олинган мажбуриятларни бажармаслик ёки лозим даражада бажармасликдан келиб чиқиб, ФКнинг 333-моддасига кўра жавобгарликка тортишнинг асосий шарти айбдир. Унга биноан қарздор айбли бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, жавоб беради. Айни пайтда мажбуриятни лозим даражада бажариш учун ўзига боғлиқ бўлган ҳамма чораларни кўрганлигини исботласа, у айбсиз деб топилади.
Мамлакатимизда шартномавий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишнинг яна бир ҳуқуқий асоси – “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонуни бўлиб, унинг 24, 34-моддаларига кўра, тарафлардан бири шартнома мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда бир тараф бошқа тарафга неустойкадан ташқари, етказилган зарарни ҳам тўлайди. Бунда кўрилган зарарга шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги муносабати билан тараф қилган харажатлар, мол-мулкнинг йўқолиши ёки шикастланиши, шунингдек, агар иккинчи тараф шартнома мажбуриятларини бажарганида бошқа тараф олиши муқаррар бўлган, аммо ололмай қолган даромадлари ҳам киради.
Жумладан, ФКнинг 719-моддасида ташувчининг транспорт воситаларини бермаганлик, жўнатувчининг эса берилган транспорт воситаларидан фойдаланмаганлик учун жавобгарлиги белгиланган. Унга кўра, ташувчи ташкилот юк ташиш учун транспорт воситаларини қабул қилинган талабнома (буюртма)га ёки бошқа ташиш шартномасига мувофиқ бермаганлиги учун, жўнатувчи эса юкни тақдим этмаганлиги ёки берилган транспорт воситаларидан бошқа сабабларга кўра фойдаланмаганлиги учун транспорт уставлари ва кодекслари, шунингдек, тарафларнинг келишувлари билан белгиланган тарзда жавобгар бўладилар.
Айни пайтда транспорт воситаларини бермаслик ёки ўз вақтида бермаслик ёхуд транспорт воситаларидан фойдаланмаслик бирон-бир енгиб бўлмас куч ёки бошқа фавқулодда ҳодисалар, ҳарбий ҳаракатлар туфайли ёхуд муайян йўналишларда юк ташиш тегишли транспорт уставлари, кодексларида белгиланган тартибда тўхтатиб ёки чеклаб қўйилганлиги туфайли юз берган бўлса, бундай ҳолларда юк ташувчи ва юк жўнатувчи жавобгарликдан озод бўладилар. Бундай ҳолларда ташувчилар ва мижозлар ўртасидаги шартнома муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки давлат ҳокимияти маҳаллий органларининг қарорига биноан тўхтатиб турилиши мумкин (Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль транспорти тўғрисида”ги қонуни). Айни пайтда бундай ҳоллардан келиб чиқадиган даъво муддатларининг ўтиши ҳам тўхтатилади (ФК, 156-модда).
Йўловчи ташиш учун транспорт воситасини кечиктириб жўнатганлик ёки бундай транспорт воситаси манзилга кечикиб келганлиги учун ташувчи, агар кечикиш енгиб бўлмас куч ёхуд унга боғлиқ бўлмаган бошқа ҳолатлар туфайли юз берганини исбот қилиб бера олмаса, йўловчига жарима тариқасида неустойка тўлайди. Шаҳар ва шаҳар атрофи йўналишларидаги ташиш бунга кирмайди. Шуни айтиш керакки, ташувчи йўловчига жарима тўлашдан ташқари, йўловчининг шу туфайли кўрган ҳақиқий зарарини ҳам тўлайди.
Ҳаво кодексининг 118-моддасига кўра, почтани йўқотганлик, унга зиён етказганлик ёки кечиктирганлик учун – агар бу ташувчи айби билан юз берган бўлса – ташувчи Жаҳон Почта Иттифоқининг (маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси – 1992 йил апрелидан ЖПИ (UPU) аъзоси) почта қоидалари ва ҳужжатларига мувофиқ, почта жўнатувчилар ёки почтани олувчилар олдида алоқа органлари белгилайдиган миқдорда жавобгар бўлади.
“Автомобиль транспорти тўғрисида”ги, “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги қонунларга асосан ташувчи ташиш пайтида йўловчининг ҳаёти ёки соғлиғига шикаст етказганлиги учун, агар у шикаст жабрланувчининг қасд ёки енгиб бўлмас куч туфайли юз берганлигини исботлай олмаса, жавобгар бўлади. Шунинг учун қонунчилик мижоз (истеъмолчи)ларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатлаб, жумладан, автомобиль транспорти соҳасида – халқаро ва шаҳарлараро йўналишларда, ҳаво, темир йўл транспортининг барча йўналишларида уларнинг мажбурий шахсий суғурта қилинишларини шарт қилиб қўяди. Суғурта муносабатлари ФКнинг суғуртага оид, юқорида қайд этилган қонунлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 5 апрелдаги “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонунига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига асосан амалга оширилади.
Тарафларнинг жавобгарлиги “Хўжалик юритувчк субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонунда янада кескинроқ қўйилди. Ушбу қонуннинг 25-моддаси мазмунига кўра, товарларни етказиб бериш муддатларини кечиктириб юборганлик, тўлиқ етказиб бермаганлик, ишларни бажармаганлик ёки хизмат кўрсатмаганлик ҳолларида товар етказиб берувчидан, ишларни бажарувчидан, хизматлар кўрсатувчидан кечиктирилган ҳар бир кун учун мажбурият бажарилмаган қисмининг 0,5 фоизи миқдорида пеня ундирилади, бироқ бунда миқдори етказиб берилмаган товарлар, бажарилмаган ишлар кўрсатилмаган хизматлар баҳосининг 50 фоизидан ошиб кетмаслиги керак. Шуниси эътиборлики, пеняни тўлаш шартнома мажбуриятларини бузган тарафни асосий мажбуриятдан, яъни етказилган зарарни тўлашдан озод қилмайди.
Шуни айтиш керакки, шартнома мажбуриятларининг бажарилиши неустойка, гаров, қарздорнинг мол-мулкини ушлаб қолиш, кафиллик, кафолат, закалат каби усуллар билан таъминланади.
Юқорида айтганимиздек, ташиш шартномаларида мижозлар (юк жўнатувчи ва юк олувчилар) ҳам фуқаролик-ҳуқуқий жавобгар бўладилар. Энг аввало, улар шартнома мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда ташувчига етказган зарар (ҳақиқий зарар, бой берилган фойда)ни тўлайдилар. Чунончи, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонунга асосан кўрсатилган ишлар ва хизматлар ҳақини тўлашдан бош тортганлик учун мижозлар ташувчига тўлашни рад этган ёки ундан бош тортган сумманинг 15 фоизи миқдорида жарима тўлайдилар.
Ҳаво кодексида шундай нормалар белгиланганки, агар юк қабул қилувчи етиб келган юкни юк ташиш қоидаларида белгиланган муддатларда қабул қилиб олмаса ёки қабул қилишдан воз кечса, ташувчи юк жўнатувчини хабардор қилиб, унинг ҳисобидан юкни ўзида сақлаб туришга ҳақлидир. Юк жўнатувчи хабардор қилинганидан кейинги 30 кун ичида олиб кетилмаган юк эгасиз деб ҳисобланади ва у Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда сотувга қўйилади.
“Автомобиль транспорти тўғрисида”ги, “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги қонунларга кўра, мижоз ўзининг айби билан бошқа шахсларга, ташувчининг ва бошқа шахсларнинг ташувчи жавобгар бўлган мол-мулкига етказилган зарар учун жавобгар бўлади. Шунингдек, юк жўнатувчи транспорт ҳужжатларида кўрсатилган маълумотлар нотўғрилиги, ноаниқлиги ёки тўлиқ эмаслиги туфайли юзага келиши мумкин бўлган барча зарарлар учун ташувчи ва учинчи шахс олдида жавобгар бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |