2. Йўловчи ва багаж ташиш шартномаси бўйича тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Фуқаролик кодексининг 710-моддаси талабига кўра, йўловчи ва багаж ташиш шартномаси тузилганлиги тегишли чипта ва багаж паттаси билан тасдиқланади. Йўловчига берилган чиптада шартноманинг асосий шартлари: чипта баҳоси, транспортнинг жўнаш вақти, чиптанинг яроқлилик муддати ёзилади. Ҳаво транспорти ва қонунда белгиланган тарзда шаҳарлараро ва халқаро йўналишда қатнайдиган поездлардан ташқари, бошқа транспортларга берилган чиптада йўловчининг исми, фамилияси ёзилмайди. Фамилиялари ёзилган чипталарни бировга бериш тақиқланади. Ҳаво транспортида йўловчи чиптани йўқотган тақдирда, бошқа чипта берилмайди.
Йўловчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ФКнинг 710, 715, 720, 721, 725-моддаларида (хусусан, йўловчиларнинг ҳуқуқлари) белгиланган.
Йўловчи тегишли транспорт устави ёки кодексида назарда тутилган тартибда:
- ўзи билан бепул ёки имтиёзли шартларда болаларни олиб юриш;
- белгиланган миқдор доирасида ўзи билан бепул багаж олиб юриш;
- белгиланган миқдор доирасида – бепул, миқдордан ортиқчаси учун эса – тариф бўйича ҳақ тўлаб ташиш учун багаж топшириш;
- ташувчи билан тарифларда назарда тутилмаган хизматлар кўрсатиш хусусида келишиш;
- йўловчини жўнатиб юбориш кечиктирилса ва бунга узрли сабаб бўлмаса, ташувчининг айби билан йўловчи багажига шикаст етказилса ёки у йўқолса, шартномадан воз кечиш, зарарни ундириб олиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, Темир йўл устави, “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги қонунда йўловчиларнинг қуйидаги ҳуқуқлари белгиланган:
- истаган поездга, хоҳлаган жойидан, яъни хоҳлаган вагондан жой беришни талаб қилиш;
- беш ёшдан катта бўлмаган бир болани текин олиб юриш;
- 36 кг.гача, шаҳар атрофида юрадиган поездларда эса 50 кг.гача юкни текин олиб юриш;
- чиптанинг муддатини ўзгартириб олиб, йўлда бирон жойда 10 суткагача қолиш;
- юкни багаж қилиб жўнатиш;
- тасодифан касал бўлиб қолган тақдирда бутун даволаниш давомида чиптанинг яроқлилик муддати узайтирилишини талаб қилиш.
“Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддасига асосан йўловчилар шаҳар транспортидан фойдаланишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- шаҳар йўловчи транспортининг ҳар қандай туридан фойдаланиш;
- бекатлар ва тўхтаб ўтиш манзилларидан фойдаланиш;
- ўзлари билан биргаликда 7 ёшгача бўлган болаларни бепул олиб юриш;
- ўлчамлари белгиланган катталикдан ошмайдиган, вазни 20 кг.гача бўлган қўл юкини бепул олиб юриш;
- белгиланган тарифлар бўйича ҳақ тўлаб, багаж олиб юриш;
- ҳаёти ва соғлиғини шахсий суғурта қилиш ҳақида ихтиёрий равишда шартнома тузиш;
- бекатлар ва охирги диспетчерлик манзиллари диспетчерларидан шаҳар йўловчи транспортининг иши тўғрисида ахборот олиш.
“Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга асосан қуйидаги шахслар шаҳар йўловчи транспортида бепул юриш ҳуқуқига эгалар:
- 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари жумласидан бўлмиш ҳарбий хизматчилар;
- 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва 1-гуруҳ ногиронига ҳамроҳлик қилувчи шахс;
- 1941-1945 йиллардаги уруш даврида фронт ортида фидокорона меҳнати ва бенуқсон ҳарбий хизмати учун орден ва медаллар билан тақдирланган шахслар;
- Афғонистон Республикасида ва бошқа мамлакатларнинг ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган собиқ байналмилалчи жангчилар жумласидан бўлмиш фуқаролар;
- ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар, старшиналар, прапоршчиклар, катта прапоршчиклар, мичманлар ва катта мичманлар;
- Чернобил АЭСи ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошдан кечирган шахслар;
- кўзи ожиз ногиронлар ва кўзи ожиз ногиронларга ҳамроҳлик қилувчи шахслар.
Шунингдек, йўловчилар ташиш хизматларининг истеъмолчилари ҳамдир. Бинобарин, улар “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда кўрсатилган ҳуқуқларга ҳам эгадирлар.
Айни пайтда қонун ҳужжатларида йўловчиларга бир қатор мажбуриятлар ҳам юкланган. Жумладан, йўловчилар ФКда белгиланганидек:
- белгиланган йўл ҳақини, багажи бўлса, багаж ташиш ҳақини ташувчига тўлаши;
- транспорт уставлари ва кодексларида белгиланган қоидаларга риоя этиши;
- ташувчининг талаби билан транспортда бепул юриш учун ҳуқуқ берадиган чипта ёки бошқа ҳужжатни тақдим этиши;
- ташувчининг талаби билан багаж квитанциясини тақдим этиши;
- поезд, самолётлардаги ва бошқа транспортлардаги ашёлардан тўғри фойдаланиши лозим.
Шунингдек, қонун ҳужжатларида йўловчиларга транспорт турига қараб қўшимча мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин. Хусусан, шаҳар транспортида йўловчиларнинг мажбурияти қуйидагилардан иборат:
- йўловчиларни ташиш юзасидан белгиланган қоидаларга риоя этиш;
- йўл ҳақи ва багаж ташиш ҳақини ўз вақтида тўлаш, чиптани манзилга етгунга қадар сақлаш ва уни назорат қилувчи шахсларнинг талабига биноан кўрсатиш;
- транспортда имтиёзли юриш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатиш;
- шаҳар йўловчилар транспортидан фойдаланганда тозалик ва тартибга риоя этиш, ташувчининг асбоб-ускуналари ва мол-мулкини эҳтиёт қилиш;
- қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа талабларни бажариш.
Қонунчилик, шунингдек, йўловчиларнинг жавобгарлигини ҳам белгилайди. Масалан, йўловчининг айби билан ташувчининг мулкига зиён етказилса, йўловчи зарарни тўлашга мажбур. Шунингдек, йўловчи транспортга чиптасиз чиқса, у жарима тўлашга мажбур қилинади.
Йўловчи ва багаж ташиш шартномасининг иккинчи тарафи – ташувчи (транспорт ташкилоти) ҳисобланади. Амалдаги қонун ҳужжатларида ташувчининг ҳам бир қатор ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўз ифодасини топган. Умумий ҳолда ташувчининг ҳуқуқлари қуйидагилардан иборат:
- кўрсатган ташиш хизмати учун ҳақ олиш ёки кира ҳақини ҳамда багаж ташиш учун ҳақ тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилиш;
- кира ҳақи тўламаган йўловчиларга ФК, транспорт уставлари ва кодексларида, агар ташиш шартномасида кўзда тутилган бўлса, шартномада белгиланган тартибда жарима солиш;
- йўловчининг транспортда белгиланган тартиб-интизомга риоя этишини талаб қилиш;
- транспортда бепул ёки имтиёзли юриш ҳуқуқига эга бўлган шахслардан уларнинг ҳуқуқларини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни талаб қилиш;
- транспортда бепул, имтиёзли ёки бошқача тарзда юриш ҳуқуқини берадиган ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини текшириш;
- транспортда бепул, имтиёзли ёки бошқача тарзда юриш ҳуқуқини берадиган ҳужжатлар сохталаштирилганлиги аниқланганда, бу ҳужжат эгаларини жавобгарликка тортиш.
Айни пайтда ташувчи зиммасида қатор мажбуриятлар ҳам мавжуд. Яъни:
- йўловчини, йўловчи багаж топширган бўлса, багажни ҳам белгиланган манзилга элтиб бериш ҳамда багажни олишга ваколат берилган шахсга топшириш (ФК, 710-модда);
- қонунчилиқда белгиланган шахсларни бепул ва имтиёзли тарзда олиб юриш;
- йўловчи, багаж ёки юкни белгиланган манзилга белгиланган транспорт уставлари, кодекслари ёки шартномада назарда тутилган тартибда белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаган тақдирда, оқилона муддатда элтиб қўйиш (ФК, 717-м.);
- транспорт воситаларини жўнатиш кечикканлиги сабабли йўловчи уларда жўнашдан бош тортган тақдирда башарти бундай ҳол юз беришида ташувчи ўзининг айбсизлигини исботлай олмаса, йўловчига кира ҳақини ва у қилган бошқа харажатларни қайтариш (ФК, 720-м.);
- транспортда йўловчи ва багаж ташишни ташкил этишда унинг хавфсизлигини таъминлаш;
- зарур ҳолларда йўловчининг талаби билан чиптанинг муддатини узайтириш;
- ташувчининг айби билан йўловчи ёки унинг багажига шикаст етса ёки у зарар кўрса, зарарни тўлаш;
- қоидалар билан назарда тутилган тартибда йўловчиларга маданий-маиший хизмат кўрсатиш.
Айрим транспорт турларига тегишли бўлган қонунларда шу транспортларнинг турларига қараб ташувчиларга муайян ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳам юклатилган. Хусусан, “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги қонунда ташувчининг қуйидаги мажбуриятлари нормаланган:
- шаҳарда йўловчиларни ташиш ишларини бажариш учун лицензияга эга бўлиш;
- йўловчиларни ташиш юзасидан белгиланган қоидаларга риоя этиш;
- йўловчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи, хавфсизлигини таъминлаш;
- меҳнатни муҳофаза қилиш, ёнғиндан сақлаш хавфсизлигини, ишлаб чиқариш санитарияси ва экология талабларини бажариш;
- ҳаракат хавфсизлигини, шаҳар йўловчилар транспортидан техник фойдаланиш ва уни ишлатиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш;
- фуқароларнинг айрим тоифаларини имтиёзли ташиш.
Ташувчиларнинг белгиланган йўналишдан ўзбошимчалик билан четга чиқиш, ҳаракат жадвалини бузиш ҳамда йўловчиларга қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган талабни қўйиши ман этилади (“Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддаси).
Йўловчи ва багаж ташиш ФКнинг 714-моддасидан келиб чиққан тартибда умумий фойдаланишдаги транспортда амалга оширилиши мумкин. Умумий фойдаланишдаги транспортда ташиш оммавий шартнома ҳисобланиб, унга асосан бундай турдаги ташишга ФКнинг 358-моддаси талаблари қўлланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |