2.2. Покистоннинг Тожикистон ҳамда Туркманистон билан ҳамкорлик алоқлари
Покистон - Тожикистон
Покистон учун минтақадаги тарихий маданий ва лингвистик жиҳатдан энг яқин мамлакат бу Тожикистон ҳисобланади. Покистон ва Тожикситон Эрон ташаббуси билан тузилган форсий забон халқлар иттифоқига иштирок этади. Икки мамлакатни 210 километрли Вахан коридори ажратиб туради. Мамлакатлар ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йилда ўрнатилган. Бугунги кунга қадар 30 дан ортиқ икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Тожикистон ва Покистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2010 йилда 21 миллион долларни ташкил этган бўлса 2018 йилда у 62 миллион 547 минг АҚШ долларини ташкил этди, шундан экспорт 10 миллион 103,4 минг долларга, импорт эса 52 миллион 443,6 минг АҚШ долларига тўғри келди27.
“Тожикистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар минтақада энг юқори даражада. Биз бу алоқалар янада ривожланишини истаймиз" деган эди 2014 йилда Покистоннинг Тожикистондаги элчиси Усмон Холид Кайсар.
Усмон Холид Кайсар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни тавсифлаб, Покистон каби Тожикистон ҳам терроризмга қарши курашда этакчи ўринда туришини айтган. Унга кўра "Иккала мамлакат ҳам Афғонистон билан чегарадош ва бу мамлакатда рўй бераётган воқеалар муносабати билан муайян қийинчиликларга дуч келмоқдалар."
Сўнгги бир неча йил ичида Покистон ва Тожикистон CASA-1000 лойиҳаси бўйича музокаралар олиб бормоқда, унга кўра Исломобод Тожикистондан 1000 МВт электр энергиясини импорт қилишни режалаштирган эди. CASA-1000 лойиҳаси электр энергиясини Тожикистон ва Қирғизистондан Афғонистон ва Покистонга транзит қилишни ўз ичига олади. Бунга Қирғизистондан Тожикистонга электр узатиш линияси, Тожикистондан Покистонгача юқори кучланишли электр узатиш линияси қурилиши, ундан сўнг Жанубий Осиё йўналиши ва Кобул, Пешовар ва Сангтудаги электр подстансиялари киради. Минтақавий электр узатиш тармоғини қуриш бўйича қўшма лойиҳанинг қиймати 680 миллион долларни ташкил қилади Афғонистон Энергетика ва сув ресурслари вазири Муҳаммад Исмоилхоннинг сўзларига кўра, дастлаб CASA-1000 лойиҳаси учун 1 минг МВтдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган ва Тожикистонда Роғун ГEСи қурилганидан кейин бу рақам 4 маротабага кўтарилади. 2016 йилгача Тожикистон ва Покистон ўртасидаги савдо-сотиқ ҳамкорлигини чуқурлаштиришдаги асосий тўсиқ тўғридан-тўғри ҳаво алоқаларининг йўқлиги эди.
2015 йилда Тожикистоннинг Покистондаги элчиси бу боради яъни, Душанбе ва Исломобод ўртасида тўғридан-тўғри авиарейсларни очиш масаласи ҳал қилинишни бошлаган, бу икки мамлакат ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини кучайтиради деб ишонилган. Шу тариқа, 2016 йилда Лахор Душанбий ўртасида биринчи авиарейс йўлга қўйилган. Бугунги кунда Исломобод ва Душанбе ўртасида доимий авиақатнов мавжуд28. Шуниси эътиборлики, Исломободдан Душанбага парвоз Исломободдан Карачига қараганда камроқ вақт талаб этади.
2018 йилнинг 19 июнь куни Душанбе шаҳрида Тожикистон ва Покистон ҳамкорлик тўғрисида учта янги ҳужжат имзолаган. Тожикистон ва Покистон президентлари Имомали Раҳмон ва Мамнун Ҳусайн, шунингдек, томонларнинг кенгайтирилган делегациялари ўртасида, 19 июн куни Душанбеда бўлиб ўтган Покистон раҳбарининг Тожикистонга расмий ташрифи доирасида ҳамкорлик тўғрисида учта янги ҳужжат имзоланган. Хусусан, Тожикистон-Покистон олий даражадаги музокаралари якунлари бўйича президентлар иштирокида қуйидагилар имзоланди: Тожикистон Ҳисоб палатаси ва Покистон Бош аудит идораси ўртасида давлат секторида аудиторлик фаолияти соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва қўмита ўртасида ахборот соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум. Тожикистон ҳукумати қошидаги Телевидение ва радио ва Покистоннинг Ахборот, телевидение, радио ва миллий мероси вазирлиги.
Музокаралар чоғида савдо ҳажмини 500 миллион долларгача ошириш имкониятлари, Тожикистоннинг бой гидроенергетика ресурслари билан бўлишиш, минтақавий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан CASA-1000 электр узатиш линияси қурилиши лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар қимматбаҳо металларни қайта ишлаш, юқори сифатли алюминий ишлаб чиқариш, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, сармояларни жалб қилиш ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни фаоллаштиришга чақирдилар29.
2015 йил 12-13 ноябр кунлари Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Рахмон Покистон Ислом Республикасига давлат ташрифини амалга оширган. Ташриф давомида ҳукуматлараро қўшма Тожик-Покистон ишбилармонлик кенгаши ташкил қилинди ва унинг биринчи йиғилиши Исломободда бўлиб ўтди.
Бугунги кунда икки мамлакат минтақавий хавфсизликни таъминлаш борасида ҳам кўп томонлама форматда фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.
2016 йил 4 августда Хитойнинг Урумчи шаҳрида Покистон, Хитой, Афғонистон ва Тожикистон терроризмга қарши 4 лик гуруҳини ташкил этдилар. Покистон армияси пиёда кучларининг қўмондони генерал Раҳил Ашраф, Хитой армияси пиёда кучлари раиси генерал Фанг Фанг Йи, Афғонистон армияси пиёда кучлари қўмондони генерал Қадамшоҳ Шаҳим ва Тожикистон армияси пиёда кучларининг раҳбари Урумчи шаҳрида ўтказган бу йиғилишида минтақанинг энг асосий таҳдид бўлган терроризм ва экстремизмга қарши кураш олиб бориш йўлида ҳамкорлик қилиш учун келиша олдилар30.
Мазкур ташқилот фаолиятини ривожлантириш мақсадида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 2017 йилнинг 28 августда Афғонистон, Покистон ва Хитой қуролли кучлари бош штаблари бошлиқлари билан Душанбеда учрашди. Учрашувлардаги бош мавзу Афғонистондаги вазият, жумладан Афғонистон, Хитой, Тожикистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорлик тизимини яратиш бўлди. ожикистон президентининг Покистон қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Камар Жовид Бажву билан учрашувида кўплаб давлатлар, айниқса мусулмон давлатларда барқарорсизлик ва нотинчлик билан боғлиқ ҳамда бошқа кўплаб муҳим халқаро масалалар кўриб чиқилди31.
Тожикистоннинг барча давлатлар, жумладан Покистон билан ҳамкорлигининг асосий йўналишларидан бири минтақавий ва халқаро тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ва уни мустаҳкамлаш ҳисобланиши таъкидланди.
2017 йилнинг сентябр ойида Ашхабодда Тожикистон ва Покистон президентлари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда ҳам икки давлат ўртасида иқтисодий ва тижорий секторга қаратилган келишувларнинг ижро этилиши таъкидланган. Хулоса қилиб айтганда Покистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқлари фаол давом этиб келмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |