2.3. Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг шаклланиши ва ўзига хос жиҳатлари
Покистон Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини 1991-йил 20 декабрда тан олди. Икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар 1992-йил 10-майда ўрнатилган. Покистоннинг Тошкентдаги Элчихонаси 1992-йилнинг июн ойида очилди. Ўзбекистоннинг Исломободдаги Элчихонаси 1994-йил июл ойидан бошлаб фаолият кўрсатмоқда. 1992-йил мартидан 2001-йил октабрига қадар Карачи шаҳрида Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси фаолият юритди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов Покистонга 1992-йилнинг августи ва 2006-йилнинг май ойларида ташриф буюрди.
Ҳозирги вақтга қадар ушбу ташрифлар давомий бўли уларнинг статистикаси қуйидагича; Тошкентга бош вазир Н.Шариф (1992-йил июн), бош вазир Б.Бҳутто (1995-йил май ва ноябр), президент Ф.Легари (1996-йил октабр), президент П.Мушарраф (2005 йил март), бош вазир Ш.Азиз (2007-йил март), бош вазир Й.Гилоний (2011-йил март), бош вазир Н.Шариф (2015-йил ноябр). расмий ташриф билан келишган. 2010-йил июн ойида Покистон Президенти А.Зардари Тошкентда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида иштирок этди. 2016-йил июн ойида Покистон Президенти М.Ҳусайн Тошкентда ўтказилган ШҲТ саммитида қатнашди35.
Сўнги йилларда Покистон ва Ўзбекистон муносабатлари янги босқичга кўтарилиш сари ҳаракат қилмоқда. Бунда, асосий эътибор иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, транспорт ва хавфсизлик соҳаларида, шунингдек, зиёрат туризими соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари қаратилмоқда. 2016 йил Ш.Мирзиёев ҳокимиятга келгандан, бугунги кунга қадар давлат раҳбарлари доирасида расмий ташрифлар амалга оширилмаган бўлсада, турли форматдаги халқаро саммиталрда икки давлат раҳбарлари бир неча бор учрашган.
2017 йил 8 июнь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида иштирок этиш учун Остона шаҳрига келган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Навоз Шариф билан учрашди. Учрашувда асосий эътибор мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш масалаларига қаратилган. Ўзбекистон Покистоннинг ШҲТга аъзо давлат сифатида қабул қилинишини қўллаб-қувватлаб, ташкилотга раислиги даврида бу масалага алоҳида эътибор қаратди. Мамлакатларимиз халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро 50 га яқин ҳужжат имзоланган. Мамлакатимизда Покистон билан ҳамкорликда ташкил этилган 55 корхона фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Покистонга пахта толаси, кўнчилик хомашёси, транспорт ва туризм хизматларини экспорт қилади. Покистон мамлакатимизга дори воситалари, кимё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беради, транспорт хизмати кўрсатади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Покистон билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканини қайд этди. Покистон Бош вазири Навоз Шариф Покистон Ўзбекистон билан барча соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлаган.
Иккинчи маротаба, 2018 йилнинг 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Циндао шаҳрида Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайн билан учрашув ўтказди36. Шавкат Мирзиёев Мамнун Ҳусайнни Покистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлгани билан табриклаб, бу мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада кенгайтиришда муҳим омил бўлишини таъкидлади. Учрашувда савдо, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки томонлама муносабатларнинг шартнома-ҳуқуқий асосини 42 давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар ташкил этиб, улар экстрадиция, жиноий ишларда ўзаро ёрдам, терроризмга қарши кураш, ҳаво қатнови, юкларни трансит ташиш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, кичик ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, иккиёқлама солиққа тортишдан воз кечиш, гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш ва бошқа соҳаларни қамраб олади.
Ўзбекистон ва Покистон ҳукуматлараро савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича қўшма комиссияси 1993-йилда тузилган бўлиб, унинг сўнгги 5-йиғилиши 2011-йил март ойида Исломобадда бўлиб ўтган. Имзоланган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўг‘рисидаги битимга кўра, икки давлат ўртасидаги ўзаро савдода имтиёзлар бериш жорий этилган. 2018-йил январ-ноябр ойларида ўзаро савдо кўрсанкичи 92,4 млн.га этди, экспорт 28,7 млн., импорт 63,7 млн. 2017-йил 5 апрелдан бошлаб “Тошкент-Лаҳор-Тошкент” йўналиши бўйича ҳафтасига икки парвоз қайта тикланди.
Ўзбекистонда Покистон капитали иштирокида тузилган 81 корхона ишлаб турибди. Уларнинг 4 таси 100 фоиз Покистон сармояси асосида фаолият юритмоқда, 23 қўшма корхона 2018-йилда ташкил этилган. Улар асосан савдо, тўқимачилик, қоғоз, чарм, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, транспорт ва сайёҳлик хизматлари каби соҳаларда ишлайди.
Давлат раҳбарларининг учрашувларидан ташқари ташқи ишлар вазирлари ва бошқа юқори лавозимли ҳукумат аъзолари ўртасида ҳам бир нечта учрашувларда ҳам муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинган.
2018-йилнинг 12-феврал куни Исломобод шаҳрига ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Покистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Хаважа Муҳаммад Асиф билан учрашган. Бу учрашув янгиланаётган Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий қизиқишлар доирасида бўлиб ўтган.
2019 йил 4 февраль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Покистоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси Ирфан Юсуф Шами билан учрашувда 2019 йилда муносабатларни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари, бўлажак қўшма тадбирларни ўтказиш жадвали бўйича фикр алмашган. “Томонлар кўриб чиқаётган икки томонлама ҳужжатларнинг лойиҳалари юзасидан фикр алмашилди. Мазкур ҳужжатлар турли жабҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш учун ҳуқуқий асосларни кенгайтиради”, дейилади 2019 йил 4 февралдаги Ўз ТИВ хабарда.
Учрашувда 2017-2018-йилларда бир неча бор ўтказилган олий даражадаги Ўзбекистон-Покистон учрашувлари чоғида икки томонлама муносабатларга янги туртки берилганлиги ва уни сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, туристик, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда мустаҳкамлашнинг аниқ йўналишлари белгилаб олинганлиги таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистон – Покистон кун тартибининг бошқа масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Маълум қилинишича, ўтган йилда ўзаро савдо айланмаси 2017 йилгига нисбатан икки ярим баробарга ошиб, 92,4 млн АҚШ долларини ташкил этган.
2019 16 февраль куни Ўзбекистон ТИВ раҳбари Мюнхенда Покистон ташқи ишлар вазири билан учрашган. Бу А.Комиловнинг Покистон ТИВ маъмурияти билан учинчи учрашуви бўлди. Суҳбат чоғида минтақадаги вазиятнинг ривожланиши ҳамда Ўзбекистон - Покистон ҳамкорлигининг истиқболлари юзасидан фикр алмашилган. Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги муносабатларда сўнгги икки йилда кузатилаётган фаоллашиш давлатлараро ҳамкорликни кенгайтириш учун, жумладан, Афғонистондаги ҳолатни тинч йўл билан бартараф этишга кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўйича объектив шарт-шароитларни яратиши таъкидланди37.
Покистоннинг Ўзбекистон билан муносабатларида хавфсизлик масаласидаги ҳамкорлик катта аҳамият касб этади. Айниқса сўнги йилларда бу борадаги ҳамкорликда амалий қадамлар ташланди.
2019 йилнинг 20 февраль ойида Ўзбекистон мудофаа вазири Покистон Бош штаби бошлиғи билан учрашиб ҳамкорлик соҳасида музокаралар ўтказди.
Икки томонлама учрашув доирасида минтақада хавфсизликни таъминлаш, мамлакатлараро ҳарбий ва ҳарбий техник ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда ҳарбий таълим соҳасида мақсадли алоқаларни юқори поғонага кўтариш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашган. Икки мамлакат мудофаа идоралари ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янги босқичга кўтариш, манфаатли алоқаларни янада ривожлантириш борасида келишувлар имзолаган. 2019 йилнинг 21 февраль куни, Тошкентда Марказий ва Жанубий Осиё Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиқларининг навбатидаги йиғилиши бўлиб ўтаган унда Покистон ҳам иштирок этган. Унда шунингдек, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон қуролли кучлари бош штаби бошлиқлари, Қирғизистон Республикаси қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг биринчи ўринбосари, АҚШ Қуролли Кучлари ЦЕНТКОМ қўмондони иштирок этаган.
Мазкур йиғилиш натижасида 2019 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон, Покистон ва Туркиянинг илк ҳарбий машғулотлари бўлиб ўтган. Унда Покистон ва Туркиянинг Ўзбекистондаги ҳарбий атташелари, Мудофаа вазирлиги марказий аппарати ҳамда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги вакиллари иштирок этган. “Ҳамдўстлик қалқони - 2019” ўтказилаётган ҳамкорликдаги ўқув машқларида ҳарбий хизматчилар жаҳонда ва минтақада кескин ўзгариб бораётган ҳарбий-сиёсий вазият, миллий ва глобал хавфсизлик соҳасида рўй бериши мумкин бўлган хатар ҳамда таҳдидларга қарши курашишнинг энг маъқул усул ва услубларини қўллаш борасида ўзаро тажриба алмашадилар38. “Осиёнинг энг илғор армиялардан бири ҳисобланувчи Ўзбекистон армияси билан тажриба алмашиш, биз учун муҳим аҳамиятга эга. Ўйлайманки, бир неча кун давом этадиган ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқувлар уччала томон учун ҳам бирдек манфаатли бўлади”, — дейди Покистон махсус бўлинмаси командири Салмон Тариқ, Parstoday нашрига берган суҳбатида.
Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг янгиланаётган тенденцияларида сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорлик ҳам алоҳида йўналиш сифатида кўрилмоқда. Жумладан зиёрат туризими соҳасида сўнги йилларда бир қатор келишувларга эришилган. Ҳозирги кунда покистонлик сайёларнинг энг катта оқими Марказий Осиё давлатларидан Ўзбекистонга йўналтирилган. Экспертларнинг баҳолашича бу истиқболли ҳамкорлик бўлиши мумкин.
2020 йил 6 декабрида Ўзбекистон Республикасининг Покистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фурқат Сиддиқов Карачи шаҳрида «Jamia Darul-Uloom» нуфузли ислом семинарияси вице-президенти Шайх Муҳаммад Таки Усмоний билан учрашади. Учрашувда Шайх Муҳаммад Таки Усмоний Ўзбекистонда сақланаётган ислом олами мероси ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан маъмнун эканлигини айтиб ўтган. Шайх Таки Усмоний Ўзбекистоннинг буюк ислом мутафаккирлари меросини асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш, шунингдек, маърифий ислом ғояларини кенг ёйиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган. Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган БМТнинг «Маърифат ва диний бағрикенглик» бўйича резолюциясини қўллаб қувватлаганлигини таъкидлаган. Ислом дини бўйича йирик олим Таки Усмоний Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган исломий таълим соҳасидаги ислоҳотлар ва тадқиқотлар унинг учун чин маънода кашфиёт эканини қайд этади.
Учрашувда Ўзбекистон Имом Бухорий, Имом Термизий ва бошқа буюк ўзбек ва ислом мутафаккирлари меросини янада кенгроқ тарғиб қилиш, диний таълимга ихтисослашган ўқув юртларида чет эллик талабалар таҳсил олишлари учун имкониятлар яратиш масалалари муҳокама қилинган. «Jamia Darul-Uloom» семинарияси Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва мамлакатнинг бошқа ўқув муассасалари билан ўқув ҳамда илмий ҳамкорликка қизиқиш билдирган. Мулоқот чоғида Ўзбекистон етакчи исломшунос олимларининг Покистонда ташкил этиладиган семинарларда иштироки бўйича фикр алмашилган.
Муҳаммад Таки Усмоний Ўзбекистонда сайёҳлик саноатини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, хусусан, зиёрат туризмини кенг оммалаштириш ишларини юқори баҳолади. “Биз нафақат ислом маданияти ва мероси хазинаси, балки динлараро бағрикенглик намунаси бўлган туристик турларни ҳам қўллаб-қувватлаймиз. Ўзбекистонга нафақат мусулмонлар, балки бошқа дин вакиллари ҳам ташриф буюриши керак. Улар Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан мутафаккир ва олимларнинг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган ҳиссасидан ҳайратда қолишлари шубҳасиз”, – деди Шайх Муҳаммад Таки Усмоний.
Маълумот ўрнида, «Jamia Darul-Uloom» семинарияси 1951 йилда Карачи шаҳрида ташкил этилган. Семинария мактабларида анъанавий ислом меъёрлари, ислом молияси, шунингдек, халқаро фанлар ўқитилади. Семинария вице-президенти Муҳаммад Таки Усмани бир вақтнинг ўзида Баҳрайндаги Шариат Кенгаши раиси ва Жидда шаҳридаги Фиқҳ халқаро ислом академияси аъзоси (Саудия Aрабистони) ҳисобланади. У ислом оламида нуфузли шайхлардан бири бўлиб, ислом ҳуқуқи, иқтисодиёт, ҳадис ва тасаввуф илмлари етук билимдони саналади.
Хулоса қилиб айтганда бугунги куна Покситон ва Ўзбекистон алоқалари янги босқичга кўтарилиш сари фаол ҳаракат қилмоқда. кўплаб соҳаларда фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиш борасида янги ташаббуслар илгари сурилмоқда. Покистон глобал стратегик тадқиқотлар маркази директори Х.Таймур39, Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини алоҳида эътироф этиб, сўнгги уч йилда олиб борилган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди. Экспертнинг сўзларига кўра, нафақат бир давлат миқёсида ривожланишни балки бутун минтақа ривожланишини назарда тутувчи ушбу ислоҳотлар бугун дунёда Ўзбекистоннинг янги иқтисодий модели сифатида эътибор қозонмоқда. Покистон вакили Ўзбекистон Президентининг қисқа вақт давомида Марказий Осиёда узоқ муддатга асосланган ривожланиш тизимини шакллантира олганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Х.Таймур расмий Исломобод Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги барча ташаббусларини, жумладан Афғонистон йўналишидаги таклифларини қўллаб-қувватлашини айтди. Эксперт Афғонистон бўйича Тошкентда ўтказилган халқаро конференция Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг катта ютуғи эканлиги ва унинг Афғонистон муаммоларини ҳал этишга қаратилган сиёсий музокараларнинг бошланишида ўта муҳим туртки бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Х.Таймур Ўзбекистоннинг минтақалар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифларини муҳим деб ҳисоблайди. Шу муносабат билан у Ўзбекистоннинг “Мозори-Шариф – Ҳирот” темир йўлини қуриш бўйича ташаббусига Покистон катта қизиқиш билдираётганини айтди.
Do'stlaringiz bilan baham: |