Ишчи кучига талаб ва таклиф ҳамда уни аниқловчи омиллар
Бозор иқтисодиётига ўтиш даврининг ҳозирги босқичида ишчи кучини таклиф қилиш аҳолининг меҳнат фаоллигига ҳал қилувчи даражада боғлиқдир. Умуман олганда, Ўзбекистонда ишчи кучини таклиф қилиш анча юқори бўлиб, иқтисодий жиҳатдан фаол аҳолининг улуши меҳнат ресурслари умумий сонининг 85 фоизига етади. Иш билан бандлик ва ишчи кучи бозорининг аҳволини янада ислоҳ нуқтаи назаридан ижтимоий жиҳатдан фаол аҳоли таркибининг тахминан 47 фоизини аёллар, 14 фоизини 25 ёшгача бўлган ёшлар ва 23 фоизини пенсия олиш арафасидаги ва пенсия ёшидаги кишилар ташкил этишини ҳисобга олиш муҳимдир.
Ишчи кучи бозори ишчи кучини иқтисодиёт соҳалари ва тармоқлари бўйича иқтисодий-ижтимоий эҳтиёжларга мувофиқ равишда фаолият турлари ва шакллари бўйича тақсимлаш ҳамда
1 Инсон тараққиёти тўғрисида маъруза. Ўзбекистон, 2000 йил. –Т.: Ўзбекистон, 2001. 36-бет.
қайта тақсимлаш вазифасини бажариб, у ишчи кучига бўлган талаб ва таклифни мослаштиради.
Ҳозирги замон бозоридаги таклифни шартли равишда учта категорияга бўлиш мумкин:
а) устун даражада жисмоний ишлар билан шуғулланувчи ишчилар;
б) турли хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчилар;
в) ақлий меҳнат билан шуғулланувчи инженер-техник ходимлар.
ХХ асрнинг иккинчи ярмида юз берган фан-техника инқилоби ишчи кучи бозори таркибида сифат ва миқдор жиҳатдан туб ўзгаришлар юз беришига олиб келди.
Умумий ишчилар таркибида ҳам малакали ва малакасиз ишчилар хиссаси камайди.
Инжерен-техник, интеллегенция, хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлганлар хиссаси ўсди.
Устун даражада жисмоний ҳамда ақлий меҳнат билан шуғулланувчилар ўртасидаги катта фарқ қисқарди.
Иқтисодиётда содир бўлган таркибий ўзгаришлардан ташқари ҳам бир категориядаги касб эгаларининг сифат жиҳатидан ўзгариши юз берди. Сабаби ФТР янги типдаги иш кучи шаклланишини талаб қилади. Илгариги тор доирадаги ихтисослашувдан воз кечишга тўғри келади. Кўпроқ кенг ихтисосли кадрлар тайёрлашга эътибор қаратиладиган бўлди.
Меҳнат жараёнида оғирлик жисмоний меҳнатдан ақлий меҳнат томон кўчишни талаб этди. Кўпгина касблар юқори интелект, яхши тайёргарлик, кўпгина соҳалардан яхши хабардор бўлишни талаб
этади. Техник ва технологик янгиликларнинг тез ўзгариши, корхоналарда, умуман жамият миқёсида кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини яратишни зарур қилиб қўйди. Шунинг учун ҳам давр талабидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикасида 1997 йил 29 августда “Таълим тўғрисида”ги ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилинди.
Умуман олганда бозор иқтисодиёти шароитида ишчи кучига талаб ва таклиф бўш ишчи ўринлари билан меҳнат ресурсларида ўз ифодасини топади.
Ишчи кучига бўлган талаб ва таклифга таъсир қилувчи омилларга қуйидагилар киради:
демографик омиллар ва чекланган жисмоний имкониятлар;
маълум даврдаги ривожланиш хусусиятларини белгиловчи аниқ иқтисодий омиллар;
ижтимоий, ижтимоий-маданий ва ижтимоий-сиёсий омиллар.
Ишчилар ўз ишчи кучларини маълум ҳақ эвазига таклиф этадилар, иш берувчилар эса ишчи кучига бўлган талабни намоён қиладилар ва унинг ҳақини тўлайдилар. Иш ҳақининг даражаси талаб ва таклифни тебраниб туришини таъминлайди.
Классик назария (А.Смит, Д.Рикардо ва бошқалар)га кўра иш ҳақини ошиши шароитида ишчи кучи таклифи эгри чизиғининг юқорига силжиши ишчиларни кўпроқ ишлашга тайёр эканлигини кўрсатади; иш ҳақи юқори бўлганда талаб эгри чизиғининг пастга силжиши эса иш берувчиларнинг кам ишга ёллашларини билдиради. Кейнс назариясида ҳам иш ҳақининг пасайиши бандликнинг ўсишига олиб келишини инкор этмайди.