Ишчи кучини такрор ҳосил қилиш
Маълумки ҳар қандай ижтимоий тизимда тараққиёт соҳиби бўлиб хизмат қиладиган инсон асосий ишлаб чиқарувчи кучи ҳисобланади. У бир вақтни ўзида моддий бойликлар ва хизматларни ишлаб чиқарувчиси ва истеъмол қилувчиси бўлганлиги сабабли,
айнан унинг туфайлигина ишлаб чиқариш ва истеъмол тизимида мувозанатга эришилади. Фақат киши эҳтиёжини жуда муҳим деб билган ва уни самарали такрор ишлаб чиқарилишини таъминлаган жамиятгина энг юқори тараққиётга эришади. Жамиятнинг бошқа барча воситалари, мулкчилик шакллари, ишлаб чиқариш, илмий салоҳият, молия, кредит, нархлар ва ҳ.к. ушбу асосий мақсадга бўйсиндирилиши лозим.
Ижтимоий маҳсулот ҳисобига такрор ишлаб чиқаришнинг фақатгина моддий омили эмас, шу билан бирга унинг шахсий омили бўлган ишчи кучи ҳам такрор ишлаб чиқарилади. Ишчи кучини такрор ишлаб чиқариш ижтимоий такрор ишлаб чиқаришнинг муҳим томонидир.
Ҳақиқатан ҳам талабга эга бўлган ишчи кучи жисмоний, ақлий ва касбий қобилиятларнинг белгиланган мажмуасига эга бўлиши керак. Ишлаб чиқариш жараёнига бу қобилиятларни тадбиқ эта туриб, у ўз истеъмол сифатларини йўқотмаслиги учун доимо қайта ишлаб чиқарилиши лозим.
Ишчи кучи турли техникалар ёрдамида ўзгариб борувчи технологиялар асосида ишлайди. Шунинг учун у вақти-вақти билан ўз малакасини ошириб туриши лозим, янги техника ва технологияни ўзлаштириб олиши зарур. Ундан ташқари ҳар бир ишчи доимий эмас, у қарийди, ишга яроқсиз бўлиб қолади. Шунинг учун, ишчи ўз ўрнини эгаллаши учун ўринбосарлар етиштириши керак. Бунинг учун эса ишчининг оиласи, бола-чақаси бўлиши керак ва ишчи уларни боқиши лозим.
Юқорида санаб ўтилган ишчи кучини қайта тиклаш ва ўринбосарлар етиштириш маълум даражада озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой, уй-рўзғор буюмлари бўлишини ҳамда ўқиш, даволаниш, ҳаражатларини талаб қилади. Бу ҳаражатларнинг асл манбаи миллий даромаддан ҳосил бўлган истеъмол фондларидир. Унинг бир қисми иш ҳақи сифатида, бир қисми эса ижтимоий истеъмол фондлари сифатида ишчига бориб тушади. Шунинг учун ҳам кўпгина дарслик ва бошқа адабиётларда ишчининг ишчи кучини такрор ишлаб чиқаришнинг манбаи иш ҳақи ва ижтимоий истеъмол фондлари деб кўрсатилади. Ишчи нафақат ўзини қайта ишлаб чиқариш, балки ишчи кучи ресурслари ва бутун аҳолини сифат кўрсаткичларини ҳам яхшиланишини ошириб ёки пасайтириб, ушбу тенгсизликни йўқ қилиши мумкин.
Демак, ишчи кучини такрор ҳосил қилиш инсоннинг жисмоний кучлари ва ақлий қобилиятларини узлуксиз қайта тиклаб ва таъминлаб туриш, уларнинг меҳнат малакасини муттасил янгилаб ва ошириб бориш, умумий билим ва касбий даражаси ўсишини таъминлаш демакдир. Ишчи кучи ресурсларининг сони ва сифати мамлакат аҳолисининг сони, ҳамда жинси ва ёши жиҳатидан белгиланади. Булар эса ўз навбатида аҳолининг табиий ҳаракатланишига боғлиқ бўлади. Аҳолининг табиий ҳаракатланиши, уни такрор ишлаб чиқариш характери кўпгина ҳолатлар билан мамлакатнинг индустриал тараққиёти ва урбанизация даражаси, ижтимоий шарт-шароитлар, маданият ва маиший турмуш анъаналари, аниқ тарихий омиллар, демография жараёнлари билан белгиланади.
Ишчи кучини такрор ҳосил қилиш нисбатан мустақил иқтисодий ва ижтимоий муаммо бўлиб, бу муаммо аҳолининг табиий ҳаракатлари шаклида намоён бўлади. Шу сабабли ишчи кучини такрор ҳосил қилинишини асоси аҳолини табиий кўпайишидир.
Ишчи кучи ресурсларининг сони сифати мамлакат аҳолисининг сони ҳамда жинси ва ёши жиҳатидан таркиби билан белгиланади. Булар эса ўз навбатида аҳолининг табиий ҳаракатланишига боғлиқ бўлади, бу масалалар II бобда батафсил кўрилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |