Ишчи кучи ва бандлик муаммолари масаласини юзага келиши ва ривожланиши инсоният тарихига бевосита таъсир кўрсатган назариялар билан боғланган, зеро улар инсоннинг энг муҳим, уни бошқа жонзотлардан фарқлайдиган моҳиятига, меҳнат қилиш қобилиятига, яъни табиат ашёларини онгли равишда ўзгартира бориб, уларни ўз талаб-эҳтиёжларига мослаштира олишга таалуқлидир.
Мутафаккирлар, иқтисодчи олимлар, амалиётчи арбоблар эътиборини банд қилган ва пировард натижада жамиятнинг ривожланиш суръатларини кўп даражада белгилаган ишчи кучи ва бандлик тўғрисидаги масалалар кўп қиррали бўлиб, у узоқ тарихга эгадир. Бу масалалар бўйича қадимги юнон файласуфи Аристотелдан то ҳозирги давргача бўлган иқтисод фанининг намоёндалари шуғулланиб келишади. Масалан, У.Петти, П.Буагильбер, Ф.Кенэ, А.Смит, Д.Рикардо, К.Маркс, Ж.Б.Сэй, А.Маршалл, Ж.Б.Кларк, Й.Шумпетер, Ж.М.Кейнс, П.Самуэльсон ва бошқалар.
Мазкур фаннинг предмети ёки объекти асосан инсон меҳнати аниқроғи инсоннинг ишчи кучи ҳисобланади.
Президентимиз И.А.Каримов ўзининг «Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида» асарида таъкидлаб ўтганидек:
«Ўзига хос аҳоли таркибига эга бўлган, аҳолининг ўсиши юқори суръатлар билан бораётган Ўзбекистонда аҳолининг иш билан
бандлиги масаласи доимо энг муҳим ва ўткир масалалардан бўлиб келган ва ҳозир ҳам шундай бўлиб қолмоқда»1.
Ушбу муаммонинг ечими бозор иқтисодиётига ўтиш даврида кўпроқ ишчи кучи бозори ва унинг бандлигини оқилона шаклланиши ва самарали ривожланиши асосида қаралади. Бу эса «Ишчи кучи ва бандлик назариялари» фанининг назарий ва амалий асосларини мукаммалроқ ўрганишни талаб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов таъкидлаган-ларидек, «Меҳнат бозорининг шакллантирмасдан, ишчи кучини товарга айлантирмасдан туриб, бозор муносабатлари ҳақидаги гаплар шунчаки қуруқ гаплигича қолади»2. Ишчи кучи бозори ишчи кучига бўлган талаб ва унинг таклифини тартибга солади, халқ хўжалиги тармоқлари бўйича ишчи кучини тақсимлайди, ишчи кучини касбий ва ҳудудий харакатланишини таъминлайди. Ишсизлик ишчи кучи бозорининг энг муҳим муаммоси бўлиб, ишчи кучини мавжуд ишчи ўринларига касб-малака ҳамда ҳудудий жиҳатдан мос келмаслиги натижасида келиб чиқади. Ана шундай номутаносибликларни ишчи кучи бозори амал қилиш қонуниятларини чуқур ўрганиш асосида ҳал қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Иқтисодиёт фанида муаммонинг бундай қўйилиши маълум даражада янгилик ҳисобланади, чунки собиқ маъмурий-режали иқтисодиётда ишчи кучини такрор ишлаб чиқариш соҳасидаги товар- пул муносабатлари узоқ вақт мобайнида инкор қилиб келинди. Ушбу
1 Каримов И.А. Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида. –Т.: Ўзбекистон, 1995. 256-б.
2 Каримов И.А. Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура. I том. –Т.: «Ўзбекистон», 1996. 262- бет.
ўқув қўлланмада ишчи кучининг товар эканлиги ва уни такрор ҳосил қилиниши, ишчи кучи бозори, бандлик ва бу борадаги турли назарий қарашларни таҳлил қилишга эътибор қаратилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |