Корпоратив корхоналар. Ўзбекистонда корпоратив корхоналарнинг асосий кўриниши акциядорлик жамиятлари ҳисобланади. Акциядорлик жамиятлари масъулияти чекланган корхона шаклига эга бўлиб, унинг капитали акция ва облигацияларни чиқариш ва сотиш орқали чекланмаган миқдордаги индивидуал капитални бирлаштириш натижасида ташкил этилади.
Акциядорлик жамияти томонидан чиқарилувчи акция ва облигациялар қимматли қоғоз деб аталади, ҳамда уларнинг эгаларига акциядорлик жамияти мулкидан бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқини берибгина қолмай, акцияга дивиденд, облигацияга фоиз кўринишида фойда олиш имкониятини ҳам беради. Корхона тугатилгандан сўнг акция унинг мулкидан бир қисмини олиш имконини беради.
Акциядорлик жамиятини тузишда унинг таъсисчилари фаолият юритишга керак бўладиган капитал миқдорини белгилаб олишади. Бу капитал миқдорини улушларга бўлиб акциянинг баҳосини аниқлашади.
Бу баҳо номинал баҳо ҳисобланадаи, чунки акциянинг ҳақиқий баҳоси, уни акция курси деб ҳам аташади, акцияга бўлган талаб ва унинг таклифи орасидаги муносабат натижасида қимматли қоғозлар бозорида аниқланади. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, акцияга бўлган талаб ва таклифга икки нарса таъсир этади: акция бўйича тўланувчи дивиденд миқдори ва банк фоизи меёри. Акция нархи дивиденд миқдорига тўғри пропорционал боғлиқликда бўлса, банк фоизига нисбатан тескари боғлиқликда бўлади.
Акция курси қуйидаги ифода орқали аниқланади:
Акциядорлик жамиятлари нафақат акция чиқариш йўли билан капитал йиғиш орқали, балки давлат корхоналари негизида ҳам ташкил этилиши мумкин. Ўзбекистонда давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида давлат мулки баҳоланиб шу миқдорга акциялар чиқарилиб сотилди. Бу жараён ҳали ҳам давом этмоқда.
Акциядорлик жамиятларига оддий жамиятлар ва ҳаттоки индивидуал хусусий корхоналар ҳам айлантирилиши мумкин.
Акциядорлик жамиятлари ўзига хос бошқарув тизимига эга. Бошқарувнинг олий органи бўлиб акциядорларнинг умумий йиғилиши ҳисобланади. Унда барча акция эгалари иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиб, йиғилишда улар “бир акция – бир овоз” тамойили бўйича овозга эга бўлишади. Умумий йиғилишлар орасида Кузатув Кенгаши жамият ишини бошқаради. Жамиятнинг жорий ишлаб чиқариш фаолияти ижроия органи ҳисобланувчи Бошқарув/Бошқарувчи ёки Дирекция томонидан бошқарилади.
Шундай қилиб акциядорлик жамиятида унинг мулкдорлари – акциядорлар ва бошқарувчилар ўртасида меҳнат тақсимоти мавжуддир. Бу мулкдорларнинг бевосита корхона жорий фаолиятига таъсир ўтказиш имкониятини чеклайди ва корхонадаги яккаҳокимликка халақит берилмайди. Бу акциядорлик жамиятларининг афзалликларидан биридир.
Чекланган моддий масъулият акциядорлик жамиятларига кўп кишиларнинг капиталини жалб қилиш имкониятини беради, бу капитал билан йирик ишлаб чиқариш қувватларини ишга солиш мумкин, техник тараққиётнинг самарали жиҳатларидан фойдаланиш имкониятларини яратади. Шуниси муҳимки, агар лозим бўлса акциядорлик жамияти яна капитал жалб қилиш учун янги акцияларни сотувга чиқариши мумкин.
Акциядорлик жамияти юқори барқарорликка эгадир: айрим акциядорларнинг чиқиб кетиши, мулкдорларнинг алмашиниши унинг ишига унчалик таъсир этмайди.
Акциядорлик жамиятлари икки кўринишга эга: очиқ ва ёпиқ акциядорлик жамиятлари.
Ёпиқ акциядорлик жамиятлари масъулияти чекланган жамиятнинг бир кўриниши бўлиб, унинг капитали ёпиқ тарзда чиқарилган акцияларни маълум доирадаги кишилар ўртасида тақсимлаш орқали шакллантирилади ва улар акцияларни очиқ бозорда сотиш ҳуқуқига эга бўлмайдилар. Бу жамиятларда одатда акциялар эгаси ёзилган бўлади ва бу акция бир мулкдордан иккинчисига бошқа акциядорларнинг розилиги билан ўтади.
Очиқ турдаги акциядорлик жамиятлари ҳам масъулияти чекланган жамият кўринишида бўлиб, унинг капитали қимматли қоғозлар бозорида эркин сотилувчи акцияларни чиқариш ва сотиш орқали шакллантирилади. Бу кўринишдаги жамиятларда акциялар одатда эгаси ёзилмаган бўлади. Мулкдорлар акцияларни сотиш ва алмаштириш орқали бемалол ўзгариб туради.
Шуни таъкидлаш лозимки, акциядорлик жамиятларининг барчаси ҳам фойда олиб ишламайди. Демак акцияларни сотиб олиш таваккал қилиш билан баробардир. Кишиларда таваккалга бориш ҳисси ҳар хил бўлганлиги учун акциядорлик жамиятлари кўпроқ кишининг капитали жалб қилиш илинжида турли кўринишдаги акцияларни сотувга чиқаришади. Улар дивидендларни тўлаш навбатига кўра фарқланади.
Облигациялар биринчи навбатда олдиндан белгиланган фоиз бўйича фойданинг бир қисмига эгалик ҳуқуқини берувчи қимматли қоғоз ҳисобланади. Бунда корхонанинг фойда олган олмаганлигининг аҳамияти бўлмайди.
Навбатнинг иккинчи ўринида дивиденди йиғиб бориладиган имтиёзли акциялар туради. Дивиденд қатъий белгиланган фоиз кўринишида бўлиб, корхона фойдаси бўлганда тўланади. Агарда жорий йилда фойда кўрилмаса кейинги йили ҳар иккала йил учун дивиденд берилади.
Навбатнинг учинчи ўринида корхона фойда билан фаолиятини якунлаганда қатъий фоиз кўринишида даромад келтирувчи имтиёзли акциялар туради.
Тўртинчи ўринда фойданинг облигациялар ва имтиёзли акциялардан қолган қисми бўлиб берилувчи оддий акциялар туради. Бошқа акциялардан уларнинг фарқи шундаки – улар умумий йиғилишларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади.