Индивидуал хусусий корхоналар, уларнинг афзаллик ва камчиликлари Индивидуал хусусий корхонанинг эгаси бир шахс бўлиб, у якка ҳолда мулкка эгалик қилади, уни тасарруф этади, даромадни олади ва ўзининг тадбиркорлик фаолияти натижалари бўйича тўлиқ моддий масъулиятли ҳисобланади.
Индивидуал хусусий корхоналар бир қанча муҳим афзалликларга эга бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:
1. Индивидуал хусусий корхоналарни тузиш жуда осон ҳисобланади. Уларни тузишда катта капитал талаб этилмайди.
2. Индивидуал хусусий корхоналарда ишни самарали юритишга мойиллик юқори бўлади. Чунки корхонанинг бутун даромади унинг якка мулкдорига тегса, иккинчи томондан тадбиркорлик фаолиятидан келувчи зарар ҳам унга юкланади.
3. Индивидуал хусусий корхонанинг эгаси тўла хўжалик мустақиллигига эга бўлиб, бу унга тадбиркорлик қобилиятларини тўлароқ намоён этиш имкониятини яратади.
4. Индивидуал хусусий корхоналар юқори ишлаб чиқариш ва сотиш тезкорлигига эга.
5. Индивидуал хусусий корхоналар ўз маҳсулоти истеъмолчилари билан яқин муносабатда бўлишади.
Индивидуал хусусий корхоналар санаб ўтилган афзалликлар билан бирга айрим камчиликларга ҳам эга, улар қуйидагилар:
1. Индивидуал хусусий корхонанинг фаолият юритиш даври мавҳум ҳисобланади, чунки у якка шахсга жуда ҳам боғлиқдир.
2. Индивидуал хусусий корхоналар йирик фирма ва асосан банкларда унчалик ҳам ишонч уйғота олмайди. Банклар шу сабабдан ҳам индивидуал хусусий корхоналарга қарз беришни унчалик ҳам хоҳлашмайди. Бундай ишончсизлик энг аввало идивидуал хусусий корхонанинг фаолият юритиш даври мавҳумлиги оқибатидадир.
3. Идивидуал хусусий корхона ҳажмларининг кичиклиги унда ички ишлаб чиқариш кооперацияси ва меҳнат тақсимотини қўллашни қийинлаштиради. Бу ўз навбатида меҳнат унумдорлигининг ўсиши ва товар таннархини камайтириш имкониятидан маҳрум этади.
4. Индивидуал хусусий корхона капитали миқдорининг камлиги уларда ишлаб чиқариш ҳажмини зудлик билан ошириш имкониятини бермайди, чунки капитал жуда сустлик билан йиғиб борилади.
5. Индивидуал хусусий корхона эгаларининг мустақиллиги уларнинг тўлиқ моддий масъулиятлилигини оширади ва натижада тадбиркорлик фаолияти натижалари салбий бўлганда мулк эгаси нафақат корхона мулкидан, балки ўз шахсий мулкидан ҳам маҳрум бўлиши мумкин.
Индивидуал хусусий корхоналар сонининг йилдан йилга кўпайиб бораётганлиги, бу хилдаги корхоналарнинг камчиликларидан кўра афзалликлари кўпроқ эканлигидан далолат беради. Бунга давлатнинг индивидуал хусусий корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб бораётган сиёсати ҳам сабаб бўлаяпти. Давлат уларга солиқ ва кредит бўйича имтиёзлар тақдим этмоқда. Давлат буни аҳолининг бандлик даражасини таъминлаш учун қилмоқда.