Одам қоматини тасвирлаш
Одам гавда рангтасвирини ишлашдан олдин, унинг мукаммал қаламтасвири, конструктив қурилиши умумий, яхлит - шакл ва майда бўлаклар ифодасини пухта ўрганган бўлиши керак. Шаклни моҳирона топа билиш, нисбатларни тўғри аниқлаш, яхлит ва майда деталларнинг анатомик ва конструктив қурилмасини тўғри топиш натижасида кўзланган натижага эришиш мумкин.
Рангтасвир — шаклнинг тўғри қурилиши тус ва ранг ечимининг бирлигидадир. Кимки гризайль техникасида одам тасвирини маромига етказиб бажара олса, рангтасвирни ҳам муваффаққиятли чиқишига замин яратган бўлади.
Одам қоматининг рангтасвирида унинг хажми, сирт, муҳит сифатлари, ранг яхлитлиги ва майда шакл ифодасини доимо солиштириб туриш ва фикр юритиб ишлаш натижасида яратилади. Дастлабки ранг қопламадан бошлаб, кейинги ишловларгача очиб берувчи шакл характерини иш якунида қандай бўлишини ҳисобга олиб режалаштириш керак бўлади.
З. Шарипова. «Автопортрет».
Ёритилишига қараб ранг ёрқин, хира ва оч бўлиши мумкин. Худди бош рангтасвири каби одам қоматининг рангтасвирини ишлашда ҳам композиция устида изланиб, бир неча ранглавҳалар бажарилади. Энг чиройли пластик ечим танланади. Бу эскизларда гавданинг композицион-пластик ечими, ранг ечими танланади, ўлчам аниқланади. Модель характерини оча туриб, рассом барча психологик нюанслардан, характерли хусусиятлардан энг ифодалигини ажратиб топиши зарур. Кийимсиз гавда тасвирида тана ранг хусусиятларини унинг атроф-муҳит билан боғлиқлигини ифодалаш керак. Одам тана ранги ўзининг табиий рангидан ташқари нозик кўз билан илғаш жуда қийин иссиқ - совуқ, оч-тўқ тусланишларга ҳам эга бўлади.
Одам танасидаги рангларнинг турлича бўлиши биринчи навбатда қон томирларининг чуқур юзада бўлиши, танадаги ёғ қатламига, тери юзаси характерига боғлиқ. Кўкрак, қорин ёки елка рангидан сон териси ранги тизза ёки оёқ товони рангидан фарқ қилади. Юз, қўл, бўйин одатда тананинг ёпиқ қисмлардан тўқроқ бўлади. Танадаги ранглар жилоси албатта рефлексларга ҳам боғлиқ. Тананинг юқори қисмига шифтдан, оёқ қисмига полдан рефлекслар тушиб туради. Бундан ташқари, фон ва кийимлар таъсирини ҳам сезиш мумкин. Юз, тана, кийимларда фондан қўшимча тўлдирувчи ранглар бўлади.
Н. Абдусаломхўжаев. «Паризот».
Яланғоч қоматни ишлаш жараёни тўғрисида профессор О.Э. Браз шундай деган: "Сиз гавдага яхлит қараб кўришни ўрганинг, бусиз рангтасвир ёзиб бўлмайди. Яхлит бўлакларни доимо солиштиринг, бўйин ва тизза, қорин ва оёқларга қаранг, яхлитликда ранглар кучини топинг". Шундай бўлиши мумкинки, талаба натурани алоҳида бўлакларга бўлиб кўчиради, натижада иш сифати бузилади.
Икки кишилик қўйилмада гавдалар биргаликда ишланади, алоҳида-алоҳида ишлашга йўл қўйлмайди. Аввал, сизга яқин турган гавданинг таянч нуқтасини топинг, кейин масофани ҳисобга олган ҳолда иккинчисини тасвирлайсиз.
Бир гавдани иккинчиси билан солиштириб гуруҳ шаклида биргаликда ёзиш керак (яхлит нарса сингари). Қайси гавданинг асосийлигини (катта-ликда ва масофада) олдиндан белгилаб олиш зарур.
Гавда атрофидаги предметлар ранги ишнинг рангтасвир ечимига катта таъсир этади. Шунинг учун гавдани тасвирлаб туриб, албатта, атрофдаги предметлар ранги билан ҳам солиштириб туриш шарт. Албатта бу иккинчи даражали қўшимча деталларга асосий объект бўлган одам гавдасидек ишлов берилмайди.
Гавдани қўшимча нозик ранглар билан бойитиб бориш керак. Лекин уларнинг жарангдорлигини ошириб юбориш керак эмас. Бошловчи рассомлар, одатда, иссиқ ва совуқ рангларнинг оддий таркибидан фойдаланишади. Мураккаб иссиқ рангларни қандайдир қизғиш ранг билан совуқ рангларни яшил, сиёхранг ёки кўк ранг билан олишади. Бундай ранглар тана сирти ифодасини бера олмайди. Танада деярли ҳар доим камида 2-3 ранглар бирикмасини ишлатиш керак.
Охра, сиена, куйдирилган суяк ранги каби бўёқлар танадаги совуқ ҳамда иссиқ рангларни чиройли ифодалайди. Уларни оқ билан аралашмаси турлича иссиқ ҳамда совуқ ранглар тусланишини кашф этади. Политрада бўёқ тури кўп бўлмаслиги керак. Чегараланган ранглар билан кўп ранг ва туслар топишга ҳаракат қилиш керак.
Ишнинг якуний қисми — яхлитлаш, яъни майда деталларнинг бир бутунликка бўйсинишидир. Бу ишда асосий бўлакларнинг тус ечимига эътибор бериш керак. Агар ола-була чипорлик яхлитликка халақит берса, уларга ишлов бериш керак. Натурани яхлит кўришга халақит бераётган ҳар бир бўлакни ўз жойига қўйиш керак. Агар шундай қилмасак, қўшимча деталлар асосий объектдан чалҚитиб, диққатни тортади, яхлитликни бузади. Агар рассом яхлит кўришни ўрганган бўлса, тасвирни оқилона бажаради. Бу босқичда гавда силуэтига ҳам эътиборни кучайтириш даркор.
Тасвирда жуда нозик тус фарқини сақлаб қолиш керак. Силуэтнинг баъзи жойларини кучайтириб (чизиқ орқали) баъзи жойларни фон билан қўшиб юбориш керак. Қўйилмада нимани бўртириб (чизиб) нимани фонга яқин тусда бирлаштириб юборишни ҳал этиш зарур. Буни натурага яхлит қараганда ажратиб олиш мумкин.
Шундан сўнг гавданинг тўғри конструктив қурилмасига эга бўлиш мумкин. Ниҳоят, портрети ишланаётган одамнинг ички психологиясини очишга ҳам уриниб кўриш мумкин. Бу нарсага деталларни яхлитлаб, асосий характерли жойларини бўртириш билан эришиш мумкин.
Шунинг учун тасвири чизилаётган одамни унинг ўзи учун характерли бўлган муҳитда балки иш устида тасвирлаган маъқул.
Юз ифодаси, қўл ва гавда характери, ранг айнан шу одамни характерлаши ўта-муҳимдир. Бу ўрганишлар, кузатишлар портрет компози-цияси, пластик ва колорит ечимининг асосига пойдевор бўла олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |