КЎП ҚАТЛАМЛИ РАНГТАСВИР– мойбўёқ рангтасвирининг муҳим техник кўриниши (подмалёвка, ёзув, лессировка). Йирик мавзули композицияни, унинг билан бирга умуман узоқ давом этувчи ишни бажариш жараёнида кўп қатламли рангтасвир, мойбўёқли рангтасвирнинг ягона тўлиқ техникаси ҳисобланади. XIX асрнинг ўрталаригача барча буюк рассомлар шу техникани асос сифатида қўллашган. Кейинчалик импрессионистлар ундан воз кечишди.
КЎРИШ ЯХЛИТЛИГИ – рассомнинг натура жисмларини бир вақтда яхлит кўриш қобилиятини назарда тутади. Тўлиқ кўриш ҳолатида жисмлар мутаносиблигини, тус ва ранг муносабатларини тўғри аниқлаш ва натура бутунлигига эришиш мумкин. Кўриш яхлитлиги бу рассомниннг «кўз қараши»ни маҳоратини англатади.
КЎЧИРИШ - расм ёки чизманинг нусҳасини кўчириш жараёни: ҳар хил усулда амалга оширилиши мумкин: игна, калька, босиш ёрдамида, ёруғлик билан, катаклар воситасида, ҳамда сканер ва эпидиаскоп ёрдамида.
КЎРГАЗМА – бадиий асарларни намойиш этиш.
«Л»
ЛАВХ /араб.- тахта/ - эски мактабларда талабалар савод чиқариш учун ишлатган ёзув тахтаси, ўқиш вақтида устига китоб очиб қуйиладиган махсус курсича /таглик/, одатда, лавх тахтадан ишланади. Самаркандда Бибихоним масжидининг ховлисида мармардан ишланган катта лавх бор. Лавх китобнинг бошига боб ва фаслларнинг аввалига саҳифанинг эни бўйлаб солинган нақш.
ЛАВКАС – тасвир ишлаш учун тайёрланган таглик.
ЛЕССИРОВКА /немисча lasieren сир билан қоплаш маъносида/– рангтасвир техникасининг бир тури бўлиб, бошқа бўёқлар қатлами зич ҳолда қуриган текислика жуда юпқа, бақувват ва хирароқ қоплашдир. Бунда рангларнинг жарангдорлиги, алоҳида бир енгиллиги вужудга келади.
ЛИНОГРАВЮРА /линолеум ва гравюра/ - линолеум парчасига ишланган гравюра. Техникаси ксилографияга яқин. Ишланган тасвирни кўп нусхада нашр этиш имконини беради. Кўпинча рангли босмада қўлланилади. Линолеум ёғочдан юмшоқ бўлгани сабабли чизиқлар қуюқроқ ва жозибалироқ чиқади, лекин чизиқларнинг тўғрилиги ва текислиги ксилографияга нисбатан заифроқ бўлади.
ЛИТОГРАФИЯ /юнон. Litо - тош, графия/ - ясси босманинг қадимги ва кенг тарқалган усули босма қолип /шакл/ махсус литография тошида тайёрланади. Ёзув ёки тасвир тош сиртига рельефсиз литография туши ёки қалами билан туширилади. Махсус литография қоғозга ишланган тасвирни тош сиртига кўчириш ҳам мумкин. Тасвирли ёзувли тош сирти кимёвий ишловдан кейин босилади.
ЛОКАЛ РАНГ - бу ранг буюмнинг асл ранги, масалан, гипсдан ишланган оқ вазанинг оқлиги вазанинг локал ранги. Жисмга хос бўлган (унинг бўялиши) ҳеч қандай ўзгартириш киритилмаган ранг. Ҳақиқатда бундай бўлмайди. Жисм ранги ҳамиша ёруғлик тушиши, рангнинг кучи, атроф муҳит, фазовий йўналиши бўйича ўзгариб туради ва у локал эмас балки шартли деб аталади. Баъзи пайтларда шартли ранг деганда жисм ранги эмас, балки атрофдаги рангларга нисбатан асосий муносабатларни олиб шартли рангнинг умумий туси тушунилади.
ЛОКЛАР – рассомлар грунтларни локлар билан қоплашади, шунда мойбўёқ холстга сингиб кетмайди. Бўёқнинг боғловчи моддаси таркибига локлар аралаштирилади. Ишни давом эттиришдан олдин (қатламларнинг янада мустаҳкамлиги учун) ва якунланган асар лок билан қопланади. Бунда лок бўёқларнинг тўйинганлигини кучайтиради. Лок қобиғи асарни атмосферанинг турли хил зарарли газ моддаларидан, ҳаводаги чанглар, қиллардан асраб туради. Мойбўёқ таркибидаги локлар унинг бир текисда ва тезроқ қуришига ҳам ёрдам беради. Рангли қатламлар эса грунт билан ҳамда ўзаро яхши боғланади. Суратларни мойбўёқ локидан кўра скипидар локи билан қоплаган маъқулроқ (шунда улар тўқ бўлиб кетмайди). Лок-фиксатор кўмир, сангина, пастель, акварель бўёқлари билан ишлаган асарларни ҳам мустаҳкамлаб туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |