МОДЕЛ - ўлчам, нусха, қолип демакдир. Бирор асарни яратишда тасвир учун нусха, андаза, намуна вазифасини бажарган одам ёки нарса, буюм, ҳайкалтарошликда эса асарнинг лойдан ишланган нусхаси ёки ундан қуйилган қолип.
МОДЕРН услуби /франц. Mоdеrnе – энг янги, энг замонавий/ XIX аср охири ва ХХ аср бошларида Оврўпа ва Америка санъатида вужудга келган услубий йўналишлардан бири. Тасвирий санъат, ҳайкалтарошликда янги изланишлар бўлди, картина ва паннолар бино интерьерининг элементи бўлишига аҳамият берилди, бу уларнинг декоратив руҳда яратилишига олиб келди. Анъанавий услуб, бадиий шакллардан юз ўгириб, янги, замонавий услуб, шакллар яратишда изландилар; амалда реализмга қарши қаратилган, шаклбозликдан иборат, тушуниб бўлмайдиган, шакли гўзалликка зид асарлар яратдилар.
МОДЕРНИЗМ /французча – modernizme, энг замонавий, янги маъносида/ – (XIX аср охирлари ва XX аср бошларида санъатда пайдо бўлган оқим) – XIX–XX асрлар охиридаги санъат ва адабиёт йўналишининг умумий белгиланиши (кубизм, сюрреализм, футуризм, экспрессионизм, абстракт санъат ва ҳ.к). Модернизмнинг асосий хусусиятлари – реалистик санъатнинг кўринишини ва унинг ролини тан олмаслик. Реалистик бадиий мероснинг профессионал маҳоратларни бузиб кўрсатиш ёки эътибор қилмаслик.
МОЗАИКА - ранг-баранг қошин, шиша, мармар, тош, ёғоч, металл парчалари бир-бирига зич териб ёпиштириб ишланган нақш, тасвир монументал-безак санъати турларидан бири. Биноларни безашда, дастгоҳли асарлар яратишда, амалий санъат асарларида фойдаланилади. Мозаика тайёрлашнинг икки усули маълум. 1-усулда тош, шиша, сопол парчалари тўғридан-тўғри деворга, полга, шифтга цемент ёрдамида ёпиштириб суваб, тасвир ҳосил қилинади /тўғридан-тўғри териш/. 2-усулда кошин, сопол парчалари, қоғоз, металл, ёғоч тахтага ёпиштириб тасвир ҳосил қилинади, кейин шу тасвир тегишли жойга кўчирилади /қайта териш/ усули. Тошкентдаги «Билимлар уйи», Республика Амалий санъат музейи мозаика билан безатилган.
МОЙБЎЁҚЛАР – ўсимлик ёғи билан аралаштирилган бўёқлар: (лён, лола - қизғалдоқ ёки ёнғоқли). Мойбўёқлар ёруғлик ва ҳаво таъсирида аста-секин қотиб боради. Мато, дарахт, картон каби асослар кўпинча мойбўёқда ишлаш учун грунтланади. Мойбўёқ мўйқаламларини тозалаш учун уларни керосин, скипидар ёки бензинда тозалаб, сўнгра совунлаб иссиқ сувда ювилади, ҳамда қоғозга ўралади.
МОЛЬБЕРТ /нем. mаlbrеtt/ - рассомликда ишлатиладиган уч оёқли дастгоҳ. Рамкага тортилган полотнони ёки тахтани унга ўрнатиб расм чизилади. Уч оёқ деб ҳам юритилади.
МОНИЙ ИБН ФАТАК /216 - 276/ - монийлик таълимоти асосчиси; наққош ва рассом. Моний «Шобуракон», «Канз ул-ахёъ», Жабборлар ҳақида, Сирлар китоби, «Кефалая», «Бунгоханг» номли асарлар ёзган. Турли ривоятларда Монийнинг ўз даврида истеъдодли наққош, рассом сифатида танилгани ҳикоя қилинади.
МОНОТИПИЯ – монотип /юнонча monos – бир ва typos - нусҳа маносида/ босиш жараёни билан боғлиқ бўлган график техниканинг алоҳида кўриниши. Бўёқлар силлиқ текисликка, дастгоҳда босиш учун қопланади. Босиб тушурилган тасвир ягона нусҳа бўлиб қолади.
Do'stlaringiz bilan baham: |