Методика – мақсадга эришиш жараёнида қўлланиладиган метод (усул) ва услубларни қўллаш йўриқномаси.
Демак, дарс – аниқ мақсадни кўзлаб ажратилган вақтда бир хил ёшдаги таълим олувчилар билан ўқитувчи раҳбарлигида олиб бориладиган машғулот экан.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамашунослик қўмитаси тил комиссиясининг “Тил-дарё” деб номланган изоҳли луғатида “Методика-методика (юнонча methodoc − тадқиқот, таълимот). Бу термин кўпинча “услубият” тарзида нотўғри қўлланади. Услубият-стилистика. Методика эса педагогика фанининг ўқитиш қоидалари ва методлари ҳақидаги бўлими. Демак, “услубият” сўзининг методикага ҳеч қандай алоқаси йўқ”,- деб талқин қилинади[47].
Метод (юнонча methodoc-билиш ёки тадқиқот йўли, назария, таълимот) – таълим жараёнида тақдим этилган амалий ва назарий билимларни эгаллаш, ўзлаштириш, ўргатиш, ўрганиш, билиш учун хизмат қиладиган йўл-йўриқлар, услублар мажмуи[35].
Бундан кўринадики, методни услуб деб аташ нотўғри экан.
Педагогик усуллар таркибида объектив ва субъектив[21] услублар деган қисмлар мавжуд. Педагогик усулнинг таркибидаги объектив услубларга, ҳамма усулларда истисносиз ва доимий равишда ҳукм сурадиган қонуниятлар қонун ва қоидалардан ҳамда таълимий мақсад, мазмун ва шаклидан келиб чиқувчи услублар киради. Субъективларига ўқитувчи ва педагогнинг шахсий сифатларидан, таълим олувчиларнинг ҳамда ўқув жараёнининг ўзига хос хусусияти ва шароитидан келиб чиқувчи услублар киради.
Ҳар қандай педагогик усулни шакллантиришда, албатта, объектив услубларга суянилади. Ҳеч қачон субъектив услубларга кенг ўрин берилмаслиги керак. Объектив услублар билан субъективларининг орасидаги муносабатларни оптималлаштириш устида доимий тортушувлар бўлган ва бўлиб келмоқда. Педагогик усулларни ривожлантириш учун, албатта, субъектив услублар билан улар бойитиб борилиши керак, аммо бу ҳаракат меъёридан ошиб кетмаслиги лозим. Айнан, субъектив услубларни яратиш ва улардан педагогик амалиётда фойдаланиш педагогнинг ўз касбининг моҳир устаси бўлиб етишганининг белгиси ҳисобланади.
Объектив услублар билан субъективлари орасидаги нисбатни мувозанатда ушлаш жуда қийин. Чунки, педагогик усул ўқитувчи ва педагогларнинг дарс беришдаги асосий қуроли бўлиб, ўқитувчи режалаштирган мақсадни, мақсадга эришиш чора – тадбирларини, қўйилган мақсаддан келиб чиқувчи ва ечилиши шарт бўлган масалалар тизимини, таълим-тарбия жараёнининг мантиғини, ахборот манбаларини, ўқитувчининг маҳоратини ва бошқа кўплаб нарсаларни ўзида ифодалаши керак.
Шундай қилиб, дарс методлари дарснинг ташкилий тузилмасига қараб: оғзаки (суҳбат, баҳс, мунозара, маъруза ва ш.ў.), ёзма (иншо, баён, ёзма иш ва ш.ў.) ва кўрсатмали-амалий (мисоллар ечиш, лаборатория ишлари, амалий ишлар ва ш.ў.) методларга бўлинади.
Дарс усули – дарсни қай тарзда олиб бориш учун белгилаб олинган услубларнинг мажмуисидир. Дарс услубларнинг сони ва саноғи кўпдир. Бир соатлик дарсда бир қанча услублардан фойдаланилади. Биз билмаган, аммо қайсидир ўқитувчи қўллаб келаётган услублар ҳам мавжуддир.
Do'stlaringiz bilan baham: |