Тирикликнинг хоссалари:
Кимёвий таркибининг бир хиллиги;
Структуравий тузилишнинг ягоналиги;
Очиқлилиги;
Модда ва энергия алмашинуви;
Ўз – ўзини тиклаш;
Ўз – ўзини бошқариш ва ҳосил қилиш;
Ирсият ва ўзгарувчанлик;
Ўсиш ва ривожланиш;
Таъсирчанлик;
Дискретлилик ва яхлитлик.
Кимёвий таркибининг бир хиллиги – тирик мавжудотлар ва ўлик объектлар бир хил кимёвий элементлардан ҳосил бўлган, аммо тирик мавжудотлар массасининг 90%и оқсил, нуклеин кислоталар, углеводлар, липидлар каби мураккаб органик молекулаларни ҳосил қилувчи тўртта C, O, N, H элементга тўғри келади ;
Структуравий тузилишнинг ягоналиги – ҳужайра ер юзидаги барча тирик организмларнинг структуравий – функционал ва ривожланиш бирлигидир. Бундан фақат вируслар мустаснодир, уларда тириклик хоссалари ҳужайра ичига кирганда юзага чиқади. Хужайрадан ташқарида ҳаёт йўқ;
Очиқлилиги – барча тирик организмлар ташқи муҳитдан тўхтовсиз модда ва энергия алмашинувини амалга оширувчи очиқ системалардир;
Модда ва энергия алмашинуви – барча тирик организлар ташқи муҳит билан модда ва энергия алмашинувида бўлади. Модда алмашинуви ўзаро боғлиқ иккита жараён натижасида амалга ошади: организмда ташқи ёруғлик ва озиқ энергияси ҳисобига органик моддалар синтези ва энергия ажралиши билан кечадиган мураккаб органик моддаларнинг парчаланиши жараёнидан иборат бўлиб бу энергия организм томонидан сарфланади. Модда ва энергия алмашинуви ташқи муҳитнинг тўхтовсиз ўзгариб турадиган шароитида кимёвий таркиб доимийлигини таъминлайди;
Ўз – ўзини ҳосил қилиш(репродукция) – тирикликнинг муҳим хоссаси бўлиб, унинг асосида тирик организмларнинг тузилиши ва функцияси ҳақидаги аҳборотлар ётади, репродукция ҳисобига ҳаёт ушлаб турилади, чунки организмларнинг ҳаёти чегараланган;
Ўз – ўзини бошқариш – ҳар қандай тирик организм тўхтовсиз ўзгариб турадиган муҳит омилларининг таъсирида бўлади. Шу билан бирга ҳужайра ҳаёт фаолияти кечиши учун маълум бир шароитлар зарур. Ўз – ўзини бошқариш механизми ҳисобига организм ички муҳитининг нисбий доимийлиги яъни кимёвий таркиб доимийлиги ва физиологик жараёнлар кечиши интенсивлиги – гомеостаз таъминланади;
Ўсиш ва ривожланиш – индивидуал ривожланиш жараёнидаги сон ва сифат курсаткичи булиб, унинг хисобига аста секинлик билан кетма – кет организмнинг индивидуал ҳусусиятлари юзага чиқади. Бундан ташқари барча тирик системалар эволюцияланиб, тарихий ривожланиш ҳисобига ўзгариб боради.
Ирсият ва ўзгарувчанлик – ирсият ҳисобига белги ва хусусиятлар авлодларга ўтади, авлодлар ота – оналарга айнан ўхшамайдилар, чунки ирсий ахборотлар ўзгаради.
Таъсирчанлик – ҳар қандай тирик организм ташқи ва ички таъсуротларга танлаб жавоб кўрсатади. Нерв системаси бўлмаган организмларда (содда хайвонлар, ўсимликларда) таъсирчанлик тропизм, таксис ва настия кўринишида бўлади. Тропизм – харакатсиз организмларнинг(ўсимликлар, субстратга ёпишган ҳайвонларнинг) таъасуротга фаол жавоб реакцияси. Настия – ўсимликларнинг таъсуротга йўналтирилмаган кўринишдаги жавоб реацсияси. Таксис – харакатчан организларнинг (содда ҳайвонлар, бир ҳужайрали ўсимликлар) таъсуротга йўналтирилган ҳаракат билан жавоб реакцияси.
Дискретлилик ва яхлитлилик – ҳаёт қарама – қарши диалектик бирлик бўлиб у яхлит ва дискретдир. Органик олам яхлитдир, чунки бир организмларнинг мавжудлиги иккинчисига боғлиқ(ҳайвонлар – йиртқичлар – ўсимликҳўрлар – ўсимликлар – фотосинтез). Олам организмлардан иборат, организм эса дискрет бўлиб органлар, тўқималар, ҳужайралардан иборат. Шу билан бирга ҳар бир орган автономликка эга ва яхлитнинг бир қисмидир, ҳар бир ҳужайра эса органоидлардан иборат бўлиб, яхлит битта бўлиб фаолият кўрсатади. Ҳаёт оқсил ва нуклеин кислота молекулалари билан боғлиқ уларнинг бир бутун яхлитлилиги тириклиги мавжулигини таъминлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |