Ҳужайра таркибига кирувчи анорганик моддалар
Сув ўрта миқдорда ҳужайра массасининг 80% ни ташкил қилади (медуза ҳужайрасида 95% гача, одам эмбрионида 90% гача, юрак мускулларида 79% гача, қари организм ҳужайраларида 60% ва тиш эмалида эса 10% гача бўлади). Сув- ҳар хил тўқима ва органларда моддалар алмашинуви жараёнига кўра миқдор жиҳатдан ўзгариб туради. Масалан, одамнинг суяк тўқимасида 20%, бош мияда 85% гача бўлади. Ҳужайрада сув эркин ва бириккан ҳолатда бўлади. Эркин ҳолатдаги сув ҳужайрадаги барча сувнинг 95%ини ташкил қилади. Фибрилляр тузилмалар ва айрим оқсиллар билан бириккан сув эса 4-5 %ни ташкил қилади. Организмда сувнинг 20%ини йўқолиши ўлимга олиб келади. Сув кўпгина муҳим функцияларни бажаради:
-юқори қутблилиги ҳисобига яхшиуниверсал эритувчи;
-ҳужайрада ва организмда иссиқлик мувозатини ушлаб туради;
-организм тўқималари ўртасида иссиқликни бир хил тарқатади;
-цитоплазманинг коллоид тизимида муҳим рол ўйнайди;
-тургор босим ҳосил қилиб, ҳужайра ва тўқималар ҳажмини белгилайди.
-ҳужайрада моддаларнинг транспортини таъминлайди;
-ҳужайра таркибига кириб, (цитоплазманинг кўпгина қисмини ташкил қилади);
Ҳужайранинг физик хоссалари унинг ҳажми, таранглиги сувга боғлиқ. Сувнинг ўзига хос физик-кимёвий хоссаси унинг молекуласи икки қутбли биполяр бўлишидан келиб чиқади. Бундай структура сув молекулаларининг ўзаро ва бошқа молекулаларнинг электроманфий атомлари билан кўплаб водород боғлар орқали боғланишига олиб келади. Сув молекуласиқутблилиги туфайли ҳужайрада жуда кўп молекулалар у билан электростатик таъсир этади ёки водород боғлар орқали бирикади. Сув молекулалари бир-бирлари билан водород боғлари ҳосил қилиш хусусиятига эга. Водород боғлари мустаҳкамлигига қараб ковалент боғлардан тахминан 20 марта кучсиз бўлади. Шу ҳисобига улар сув буғланиши жараёнида енгил парчаланади.
Сув молекулалари юқори қутблилиги ҳисобига мавжуд эритмалар ичида энг яхшиси ҳисобланади. Сувда яхши эрийдиган моддалар гидрофиллар деб номланиб, уларга кўпчилик кристалл тузлар, бир қатор органик моддалар – спиртлар, шакар, айрим оқсиллар (альбуминлар, гистонлар) киради. Сувда яхши ёки умуман эримайдиган моддлар гидрофоблар дейилиб, уларга ёғлар нуклеин кислоталар ва айрим оқсиллар (глобулинлар, фибриляр оқсиллар) мисол бўлади. Сувнинг юқори иссиқлик ҳажмлилиги яъни ўз ҳарорати жуда кам даражада ёки минимал даражада ўзгаришида ҳам иссиқликни ютиши уни ҳужайра ва организм иссиқлик мувозанатини ушлаб турувчи идеал суюқлик қилади. Масалан, сувнинг буғланиши учун кўп иссиқлик сарфланади. Организм терлаш ҳисобига кўп ув буғлантириб, ўзини исиб кетишдан ҳимоялайди. Сув юқори даражада иссиқлик ўтказувчанлик хусусиятига эга. Шу ҳисобига организм тўқималари ўртасида иссиқликни тенг тақсимлаш имкониятини таъминлайди. Сув дисперсион муҳит сифатида цитоплазманинг коллоид системасида муҳим рол ўйнайди. Шу ҳисобига кўпчилик макромолекулалар структурасини ва функционал фаоллигини белгилайди, кимёвий реакциялар кечиши учун асосий муҳит ҳисобланади. Ҳамда органик моддалар синтез ва парчаланиш реакцияларда бевосита иштирок этади. Сув ҳужайра ва организмда (диффузия, қон айланиш) моддаларнинг ташилишини таъминлайди. Сув амалда сиқилмаслиги ҳисобига тургор босим ҳосил қилиб, ҳужайра ва тўқималарнинг ҳажми ва таранглигини таъминлайди.
Анорганикионлар ҳужайра ҳаёт фаолиятида муҳим рол ўйнайди. Булар минерал тузларнинг катионлари(K+,Na+, Ca2+, Mg2+, NH3) ва анионларидир (Cl-, HPO4 2-, H2PO4 -, HCO3 - , NO3-). Ҳужайрада ва унинг ташқи муҳитида уларнинг концентрацияси бир хил эмас. Масалан, ҳужайра ичида K+ ва йирик органик ионлар кўп бўлади, ҳужайралараро суюқлигида эса Na+ва Cl- кўп бўлади. Бунинг ҳисобига ҳужайра мембранасининг ташқи ва ички зарядларида фарқ юзага келади. Шу ҳисобига улар ўртасида потенциаллар хилма-хиллиги юзага келиб, нерв ва мускуллар учун муҳим бўлган жараён – қўзғалишлар узатилишини таъминлайди. Ҳужайрадаги ионлар ҳужайра ички муҳити ва уни ўраб турган эритма реакциялари доимийлигини ушлаб туришда муҳим рол ўйнайди, яъни буфер системаларининг компоненти ҳисобланади. Сутэмизувчилар буфер системаларининг энг муҳимлари – фосфат ва бикарбонат буфер системаларидир.
Фосфат буфер системалари H2PO4-ва HPO4 2- дан иборат бўлиб, улар ҳужайра ичи суюқлиги pH муҳитини 6,9-7,4 да ушлаб туради. Ҳужайра ташқариси муҳитининг (қон плазмаси) асосий буфер системаси бўлиб H2CO3 ва HCO3 – дан иборат буфер система ҳисобланади. У ҳужайра оралиқ pH муҳитини 7,4 даражада ушлаб туради.
Азот, фосфор, кальций ва бошқа анорганик моддаларнинг бирикмалари органик молекулалар (аминокислоталар, оқсиллар, нуклеин кислоталар ва бошқалар) синтези учун қурилиш материали манбаи бўлиб хизмат қилади ҳамда ҳужайра ва организмнинг бир қатор таянч структуралари таркибига киради.
Тирик организмларда анорганик кислоталар ва уларнинг тузлари функциялари ҳам катта аҳамиятга эга. Масалан, хлорид кислота ҳайвонлар ва одамнинг ошқозон шираси таркибига кириб, озиқ-овқат маҳсулотлар таркибидаги оқсиллар ҳазм бўлиш жараёнини тезлаштиради. Сулфат кислота қолдиғи сувда эримайдиган ёт моддаларга бирикиб, уларга эрувчанлик хусусиятини бериб, организмдан чиқиб кетишига имконият яратади.
Азотли ва фосфорли кислоталарнинг анорганик натрийли ва калийли тузлари ҳамда сулфат кислоанинг кальцийли тузлари ўсимликларнинг минерал озиқланишида муҳим компонент ҳисобланади. Шу сабабли уларни ўғит сифатида тупроқга аралаштиради. Кальций ва фосфор тузлари ҳайвонларнинг суяк тўқималари таркибига киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |