2-§. Газли пайвандлаш
Газли пайвандлаш ишларини бажаришга махсус касбий тайёргарликдан ўтиб, имтиҳон топширган, тегишли ихтисос эгаси бўлганлиги ҳақида гувоҳнома олган ҳамда корхонада белгиланган тартиб бўйича ёнғин хавфсизлиги талабларига оид билимлари текширилиб, махсус талон олган шахслар тайинланадилар.
Газ билан пайвандлаш ишларида мой, нефть ва нефть маҳсулотлари кислородли баллонлар, шланглар, ёндиргичлар ҳамда ацетиленли генератори устига тўкилиши (тушиши)нинг олдини олиш чораларини қўллаш зарур.
Очиқ олов қўллаб иш бажариш (пайвандлаш, темирчилик ва ҳ.к.) ва ёнилғи-мойлаш материалларини сақлашни, кислородли баллонлар турган жойдан камида 10 m нарида ўтказиш керак. Баллонларни бир-биридан 5 m дан кам масофага ўрнатиш тақиқланади.
Газли пайвандлаш жойида энг кўпи билан иккита кислородли баллонни ушлаб туриш мумкин. Кислород билан тўлдирилган ва ундан бўшатилган баллонларни иш тугагандан кейин йиғиштириб олиш лозим.
Газли пайвандлашни бошлашдан олдин шлангларнинг ишга яроқли эканлигини ва улар горелкаларга яхши маҳкамланганлигини текшириш зарур. Газ чиқариб юборувчи шлангларни ишлатиш ҳамда ацетиленга мўлжалланган шлангларни кислород баллонига ёки аксинча улаш мумкин эмас. Пайвандлаш пайтида газ шлангларини юқори ҳароратдан ва механик таъсир (урилиш, букилиш, эзилиш)дан сақлаш зарур.
Ацетилен генераторига кальций карбидини солгандан кейин (зарядка қилгандан кейин) горелкани ёқишгача газгольдер ва шланг ичидаги ҳавони газ воситасида анқиб чиқариб юбориш керак.
Ацетилен генератордаги ишлатилган кальций карбидини махсус гил чуқурчасига ташлаш керак. Мазкур чуқурчалар жойи ёнғиндан ҳимоя хизмати билан келишиб белгиланади. Чуқурчанинг атрофи 10 m радиусда тўсиқ билан ўралган бўлиши лозим.
Газли пайвандлашда қуйидагилар тақиқланади:
носоз аппаратура ва шланглар билан пайвандлаш ишларини бажариш;
музлаб қолган генератор ва унинг қисмларини, жўмраклар, ўтказгич қувурлар ва пайвандлаш ускунасининг бошқа деталларини очиқ олов ёки қизиб турган предмет ёрдамида иситиш (иситишни фақат иссиқ сув ёки буғ ёрдамида бажариш керак);
ичидаги газни тўлиқ чиқармай ва пуфламай туриб, газ баллонлардаги жўмракларни таъмирлаш, баллондаги газни бинонинг ташқарисида ва очиқ оловдан узоқда туриб чиқариш керак;
ацетилен генератор, кислородли баллонлар, шланглар, газ ўтказгичлар ва гил чуқурчаларигача энг камида 10 m масофада туриб чекиш ва очиқ оловдан фойдаланиш;
сиқилган ёки суюлтирилган газли баллонларни қуёш остида (устини беркитмай) қолдириш;
иш якунида ацетилен генераторини кальций карбидидан, қуйқумлардан тозаламай, роторлар, яшиклар ва генераторнинг бошқа қисмларини ювмай қолдириш;
шлангларни кислород воситасида генератор тарафга қаратиб пуфлаш;
“қўнғироқ” мослама устига юк қўйиб туриб генератордаги босимни кўтариш;
ишлаб турган қозонхона ва иссиқ цехларга ҳамда компрессор, ҳаво пуфлагич ва шамоллатгичлар яқинига ацетиленли генераторни жойлаштириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |