Мавзу № 12: «ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АХОЛИСИНИНГ ЖИСМОНИЙ ТАЙЁРГАРЛИК БЎЙИЧА «АЛПОМИШ» ВА «БАРЧИНОЙ» МАХСУС ТЕСТЛАРИ».
РЕЖА:
Ўзбекистон Республикасининг «Алпомиш ва Барчиной» махсус тестларининг мақсад ва вазифалари.
«Алпомиш ва Барчиной» махсус тестларининг босқичлари.
Тестлар асосида синовларни тайёрлаш, ўтказиш шартлари ва тартиби.
«Алпомиш ва Барчиной» махсус тестларининг дастури.
“Алпомиш ва Барчиной” тестлари бўйича ишларни жорий этиш, ташкилий ва услубий кўрсатмалар.
Ўзбекистон Республикасининг «Алпомиш ва Барчиной» махсус тестларининг мақсад ва вазифалари.
«Алпомиш ва Барчиной» махсус тестлари (бундан кейин - тестлар) -Ўзбекистон аҳолисининг жисмоний тарбияси тизимининг дастурий ва меъёрий асосидир. Назорат меъёрлари ёрдамида ахолининг ўқишга, меҳнат фаолиятига ва ҳарбий хизматга бўлган жисмоний тайёргарликнинг умумий даражаси аниқланади. Тестлар саломатликни мустаҳкамлаш, ижодий ва мехнат фаоллигини оширишга ёрдам беради.
«Алпомиш» махсус тестлари эркаклар, «Барчиной» махсус тестлари эса хотин-қизлар учун мўлжалланади.
Тестлар соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ахолини жисмоний тарбия ва спортнинг махсус машғулотларига жалб этиш, ўз соғлиғини мустахкамлашдаги эҳтиёжни қондириш ҳамда хаётнинг турли босқичларида жисмоний тайёргарликни ошириб бориш воситаси бўлиб саналади. Шунингдек, тестлар жисмоний машқлар билан мустақил шуғулланишга доир асосий билимлар ва амалий кўникмаларни эгаллашга, ўқиш, мехнат қилиш ва дам олиш, кун тартибида жисмоний машқларнинг хилма-хил шаклларидан фойдаланишга, истеъдодли спортчиларни аниқлаш ва тарбиялаш мақсадида оммавий спортни ривожлантиришга ёрдам беради.
«Алпомиш ва Барчиной» махсус тестларининг босқичлари.
Ахолининг жисмоний тайёргарлигини аниқлаш мақсадига қаратилган тестлар куч, чидамлилик, эпчиллик ва чаққонликни акс эттирувчи синов турларини ўз ичига олади.
«Алпомиш» тестлари 6 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар, «Барчиной» тестлари эса 6 ёшдан 55 ёшгача бўлган хотин-қизлар учун мўлжалланиб, 3 босқичдан иборат.
«Алпомиш» тестлари:
1-босқич -6 ёшдан 17 ёшгача бўлган эркаклар учун (мактабларнинг 1-9 синфлари, коллеж ва лицей ўқувчилари);
2-босқич -17 ёшда 34 ёшгача бўлган эркаклар учун (олий ўқув юртларининг талабалари, ишлаб чиқаришда банд бўлган ёшлар, ҳарбий хизматчилар ва бошқалар);
3-босқич -35 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар учун (халқ хўжалигида банд бўлганлар, нафақахўрлар ва бошқалар).
«Барчиной» тестлари:
1-босқич -6 ёшдан 17 ёшгача бўлган қизлар учун (мактабларнинг 1-9 синфлари, коллеж ва лицей ўқувчилари);
2-босқич -17 ёшда 34ёшгача бўлган хотин-қизлар учун (олий ўқув юртларининг талабалари, ишлаб чиқаришда банд бўлган ёшлар, ҳарбий хизматчилар ва бошқалар);
3-босқич -35 ёшдан 50 ёшгача бўлган хотин-қизлар учун (халқ хўжалигида банд бўлганлар, нафақахўрлар ва бошқалар).
Машғулотлар аҳолининг ўқиш, хизмат ҳамда турар жойларида ташкил этилади. Меъёрларни қабул қилиш ишлари маъмуриятнинг буйруқлари билан тасдиқланиб, жойлардаги тегишли спорт қўмиталар билан келишилган тестлар бўйича тегишли маҳаллий комиссиялар томонидан ўтказилади.
«Алпомиш ва Барчиной» тестлари жисмоний машқлар ва мустақил шуғулланишга доир билимларни, кўникма ва малакаларни эгаллаши, шунингдек, гигиена ва фуқаролар мудофааси юзасидан назарий ҳамда амалий машғулотларни назарда тутади.
«Алпомиш ва Барчиной» тестлари асосида иштирокчининг ёши, жинси хисобга олинган холда, спортнинг кўп кураш турларидан 6 таси киритилади. Ташкил этиладиган синовлар спортнинг кўп кураш қоидаларига мувофиқ тарзда ўтказилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |