Тарихи Рашидий (2)
Аллоҳ мадад берган шонли лашкар юз шодмонлик оғушида ўша жойда тўхтади, Амир
Ҳусайн ҳам қолган лашкарлар билан етиб келди. Бу ғалабанинг насимидан иқбол шохи
ўсиб, давлат ва саодатлари қувват олди, орзу-умид боғида қайтадан чексиз гўзаллик ва
тароват юз очди. Шоҳу лашкарнинг шон-шавкати ва журъатининг бири минг бўлди.
Ҳазрат Соҳибқирон туфайли бўлди,
Лашкарнинг қалб, қўли қувватга тўлди.
Ҳазрат Соҳибқиронга ҳокимият саҳнасида улуғлик азалдан ато этилгани боис у тағин
икки минг кишилик лашкар билан илгари юрди. У Қаҳлағага етганида Шаҳрисабз ва унинг
атроф туманларидаги халқ тўда-тўда бўлиб унинг шавкатли мулозимларига қўшила
бошлашди. Ҳазрат Соҳибқирон аввал икки минг киши ичидан уч юзтасини ажратиб олиб,
уларни мулозим қилди-да, йўлида давом этди. Қолганларга ўша ерда қолишни буюрди.
Уч юзта отлиқдан икки юзтасини амир Сулаймон барлос, амир Жоку барлос, Баҳром
жалойир, амир Жалолиддин барлос, амир Сайфиддин ва Йўлтемур билан биргаликда
Шаҳрисабз томон жўнатди. Уларга: «Тўрт қўшинга бўлининглар, ҳар бир отлиқ отнинг
икки ёнига катта бир боғдан узун шох-шаббани боғлаб олсин, ул шохлар ерга судралиб,
чанг-тўзон кўтарсинки, буни кўрган доруғалар қўрқувдан қочишга тушсинлар», деб
буюрди.
Улар буйруққа амал қилишди, бу ўйланган тадбир тақдирга мувофиқ келди. Улар
Шаҳрисабз водийсида пайдо бўлганлари ҳамоно кўтарилган чанг-тўзонни кўрган мўғул
доруғаси қочиб кетди. Улар Шаҳрисабзга кириб бориб, шаҳарни эгаллашга киришдилар.
Аллоҳнинг мислсиз инояти билан гоҳида ҳокимият устунлари лашкар ёққан оловдан
қулаб тушса, гоҳида эса тадбиркорлик билан кўтарилган чанг-тўзондан мамлакат қўлга
олинади. Мисра:
Бандага Ҳазрат Ҳақдан бу эрур лутфу карам.
Ўша маҳалда Илёс Хожахон Шаҳрисабздан тўрт йиғоч наридаги Тош ариғида эди. Қўл
остида улуғ амирлар ва сон-саноқсиз лашкар бор эди. Ўша пайтда Туғлуқ Темурхон
вафот этган бўлиб, Улуғ Туқ Темур билан амир Ҳамидбек ўз отасининг ўрнини эгаллаши
учун Илёс Хожахонни олиб кетиш мақсадида келишган эди. Ҳазрат Соҳибқирон унинг
мулозимлари бўлиш бахтига эришган юзлаб отлиқ аскарлар билан тонгда йўлга чиқиб,
Хузорга етиб келишди. Эл-улус ҳазратнинг келганидан хабар топиб, унга таъзим қилиб,
ер ўпиш бахтидан баҳраманд бўлишга шошилди. «Хузор ва Кеш лашкарини тўпланг!» деб
буйруқ берди ва Хожа Салимборини олдинги сафга қўйди. У шавкатли лашкар билан
бирга Жигдаликка қайтиб кетди, у ёққа эсон-омон етиб бориб, жойлашган пайтида Баён
сулдузнинг ўғли Шайх Муҳаммад етти қўшин лашкар билан келиб унга қўшилди. У ерда
улар етти кун тўхташди. Шунингдек, у ерга амир Ҳусайн ўз лашкари билан ҳамда Ҳазрат
Соҳибқирон Қаҳлағада қолдирган лашкар ҳам келди. Дашти Кўлакда улардан айрилиб,
ўз элига кетган Шер Баҳром ҳам қирқ уч кундан сўнг Хатлон лашкари билан келиб
буларга қўшилди. Амир Ҳусайн ва Ҳазрат Соҳибқирон бутун лашкарлари билан у ердан
кўчиб, Хузорга томон юз бурдилар. У ерда улар Хожа Шамсиддиннинг муқаддас қабрини
зиёрат қилиб, унинг пок руҳидан ҳиммат ва мадад сўрашди, бир-бирларига ваъдалар
бериб, қасамёдлар қилиб, дўстлик ва иттифоқлик ришталарини маҳкамроқ боғлаб, барча
иш ва ҳаракатларда якдил бўлишга аҳд қилдилар. Мисра:
Жаҳонни олса бўлгай иттифоқлик бирла ҳар они.
(Ҳофиз Шерозий)
20 / 32
Do'stlaringiz bilan baham: |