МЭЗ экстракция линиясида мисцеллани дистиляцияллашнинг технологик схемаси (6.8-расм) Концентрацияси 30-35%гача бўлган тоза мисцелла, ювгичдан насос (12) орқали мисцелла сатҳини автоматик чегараловчи пўкакли сепаратор(3)га узатилади. Ундан эса экономайзер(1)га берилади. Бу ерда шротни буғлатгичидан чиқаётган иккиламчи буғ ёрдамида концентрланади.
Мисцелла циркуляцион оқимини жадаллаштириш мақсадида, эритувчи буғланишини тезлатиш учун системада экономайзер, унинг сепаратори ва насос(2)дан фойдаланиб берк оқим ҳосил қилинади. Сўнг, мисцелла II-босқич дистиляцияга берилади.
6.8-расм. МЭЗ экстракция линиясида мисцеллани дистилляциялашни технологик схемаси: 1´-мисцелла; 2´-бензин ва сув буғлари; 3´-мой; 4´-бензин ва сув; 5´-сув буғи
Сатҳ чегараловчи пўкак (4) ва пневмо-автоматик жўмрак (11) ёрдамида сепаратор(3)даги мисцелла сатҳи доимий ушлаб турилади. Сатҳнинг кўтарилиши билан пўкак мисцелла юзига қалқиб чиқади. Ричагли система ёрдамида ҳаво релесига таъсир этилади. Шу сабабли сиқилган ҳаво магистралдан пневматик жўмрак цилиндрига юборилади ва жўмрак очилади. Бунда экономайзерда 60-65Сгача қиздирилган ва сепараторда 45% концентрациягача қисман буғлатилган, мисцелла автоматик равишда узлуксиз II-босқич буғлаткичнинг пастки қисмига қуйилади.
II-босқич дистиляторда ҳам сатҳ чегараловчи пўкак ва автоматик жўмрак ёрдамида мисцелла доимий сатҳда ушлаб турилади (дистиллятор трубаларидаги мисцелла қатлами қалинлиги 1м атрофида бўлади).
II-босқич дистиллятор (5) (трубали вертикал иситгич) ва сепаратор (6) орасига циркуляцион труба ўрнатилган бўлиб, бу трубкаларда мисцелла қиздирилганда жадал циркуляцион оқим ҳосил қилади, натижада дистиляциянинг бу босқичида бензин ҳайдалиши жадал боради. Дистиллятор (5) иситувчи трубкаларида юқорига кўтарилиб бораётган мисцелла қайнайди ва эритувчи буғлари билан мисцелла аралашмаси сепараторга ўтади ва ажралади: мисцелла томчиларидан механик тарзда ажралган буғ фаза вакуум-конденсаторга боради, мисцелла эса ёпиқ циклда циркуляцияланиб, узлуксиз равишда дистиляторни қуйи қисмига берилади. 95-98%гача концентрланган мисцелла 95-100С ҳароратда, плёнка типидаги трубкали вертикал иситгич(7)га узлуксиз вакуум ёрдамида узатиб берилади. Аппаратда мисцелла, иситувчи трубка деворлари бўйлаб пастга оқиб тушади ва қиздирилган очиқ буғ билан тўқнашиб, қўшимча концентрланади. Иситгич(7)дан мисцелла насос (9) ёрдамида III-босқич дистилятори(8)га ҳайдалади.
III-босқич дистилятори ичида қиздирувчи пластинкалар бўлиб, мисцелла уларнинг юзасига сочиб берилади. Пластинкалардан ва аппарат деворларидан оқиб тушаётган мисцеллага очиқ буғ билан вакуум остида ишлов берилади.
Деярли тайёр мой пластинка бўйлаб юқоридан пастга ҳаракатланганда, ундаги эритувчи қолдиқлари йўқотилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |